Қизил денгиз коалицияси, Трампнинг режалари, Европанинг янги санкциялари — кун дайжести
Сўнгги бир кунда жаҳонда содир бўлган воқеа-ҳодисалар, янгиликларнинг кундалик шарҳи билан одатдагидек кун дайжестида таништирамиз.
ҒАЗОДАГИ ВАЗИЯТ
Ғазо секторида таълим тизими буткул ишдан чиққани хабар қилинмоқда. Ўқувчилар ва ўқитувчилар қочқинларга айланишган. Мактабларнинг 70 фоизи вайрона ҳолатга келтирилган. Ғазодаги мактабларда таълим жараёни тикланиши учун кўп ойлар талаб қилинади.
Ғазо секторида қурбон бўлганлар сони 19 минг 453 нафарга етган. Биргина сўнгги уч кун ичида Ғазода 653 киши Исроил ҳужумларидан ҳалок бўлган, дейилади Ғазо соғлиқни сақлаш вазири Ашраф ал-Қудратнинг ёзма баёнотида.
74 кундан буён давом этаётган хунрезлик давомида 8 мингдан ортиқ болалар, 6 минг 200 нафар аёллар ўлдирилган. Ярадор бўлганлар сони 52 минг нафардан ортган.
Сўнгги ҳужумлардан бирида Ғазонинг жанубидаги рафаҳ шаҳрида 25 киши ўлдирилган.
Исроил 7 октябрдан буён қамал ҳолатида қолаётган Ғазога умумий оғирлиги 53 тонна бўлган бомбалар ёғдирган, 52 мингдан зиёд тураржойларни вайрон қилган.
ҚИЗИЛ ДЕНГИЗДАГИ КОАЛИЦИЯ
Пентагон ҳусийларнинг савдо кемаларига ҳужумлари фонида Қизил денгизда кўпмиллатли ҳарбий операция бошланганини эълон қилди.
АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остинга кўра, 10 давлатдан иборат коалициянинг «Фаровонлик соқчилари» операцияси яманлик ҳусийларнинг Қизил денгиздаги «мулоҳазасиз ҳужумлари»га жавоб беради.
Остиннинг маълум қилишича, АҚШ бошчилик коалицияга Буюк Британия, Италия, Баҳрайн, Канада, Франция, Нидерландия ва Норвегия аъзо бўлган. «Фаровонлик соқчилари» операциясида Қизил денгизнинг жанубидаги Адан қўлтиғида кема қатновлари муҳофазага олинади.
Миср аксиляман коалицияларида иштирок этмайди. Парс тудэй маълумотларига кўра, Миср, Эрон ва Яман ўртасида Қизил денгизда хавфсизликни таъминлаш борасида доимий алоқа бор ва бу мамлакат яманлик қаршилик кучларига қарши бирор коалицияда иштирок этиш ниятида эмас.
Bloomberg нашри эса Саудия Арабистони Яман муаммосини ҳал қилишда АҚШ билан ҳамкорлик қилишни истамаётганини хабар қилган.
ИСРОИЛГА КЎМАК РАД ЭТИЛДИ
Иордания исроилга қуруқликдан логистик йўлакда қатнашаётганини рад этди.
Аввалроқ Исроил ОАВлари яман ҳусийлари Сувайш канали орқали йўл қамал қилингач, Исроил ўз юкларини БАА, Саудия Арабистони ва Иордания орқали ташиётганини хабар қилиб чиққан эди.
Иордания транспорт, саноат ва савдо вазирлиги мамлакат ҳудудида бундай йўлак ишга туширилганини рад этиб чиқди. Вазирлик баёнотига кўра, Дубай портларидан Исроилга Иордания орқали юк ташилаётгани «ғирт ёлғон».
УКРАИНАГА ЁРДАМ
АҚШ декабр ойи охирларида Украинага янги ёрдам пакетини эълон қилади. Пентагон назоратчисининг айтишича, Украинага қурол-яроғ ва ҳарбий техника борасида ёрдам учун сўнгги 1,07 млрд доллар пул қолган. Бу берилган ёрдамнинг сўнггиси бўлади. Ҳозирча Украинага 61 млрд доллар ёрдам ажратиш масаласи номаълумлигича қолмоқда.
Бу орада Германиянинг Rheinmetall қурол-яроғ концерни Украина қуролли кучларида ўн минглаб турли снарядлар етказиб берадииши тўғрисида хабарлар тарқади.
Келишув 2029 йилгача тузилган ва 1,2 млрд евро қийматга эга. 2025 йилдан етказиш бошланадиган буюртмага кўра бир неча юз минг снарядлар, портловчи қуроллар ва нишонга олувчи зарядлар етказиб берилади.
Европа етакчилари эса Украинага янги молиявий ёрдамни муҳокама қилиш учун 2024 йилнинг 1 февралида Брюсселда махсус саммитга тўпланишади, деган Европа кенгаши президенти Шарл Мишел. Саммитнинг асосий масаласи Украинага Венгрия блоклаётган 50 млрд еврони ажратиш ҳақида бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Венгрия бош вазири ўтган ҳафтада ўтган саммитда Европа Иттифоқига аъзо 27 давлатлар етакчилари орасида якка ўзи Киевга ёрдам ажратилишига қарши чиқди. Энди қолган 26 давлат етакчилари Орбанга ялинишдан таҳдид қилишга ўтишмоқчи ва бундай хатти ҳаракат билан яккаланиб қолиши мумкинлигини кўрсатиб қўйишмоқчи.
Европа Иттифоқи тўғрисидаги шартноманинг 7-бандида бундай қайсарлик учун жазо ҳам назарда тутилган. Бу моддада Европа Иттифоқи қадриятларини тасдиқлаш механизми, жумладан ҳуқуқ устуворлиги баён этилган. Унга кўра умумий масалалар бўйича давлатнинг овоз бериш ҳуқуқи тўхтатиб қўйилиши мумкин.
Аввалроқ Европа Иттифоқи суд тизими мустақиллигини чеклагани учун Венгрияни жазолаб, умумий бюджетдан 30 млрд евро ажратилишини музлатиб қўйган эди. Ўтган ҳафтадаги саммитда Орбан Украинанинг Евроиттифоққа аъзо бўлиш борасида музокараларга киришишга тўсқинлик қилмаслиги учун бу пуллардан 10,2 млрд евроси берилган эди. Бироқ Орбан барибир 50 млрд евролик ёрдам ажратилишига вето қўйди.
ЕВРОПА САНКЦИЯЛАРИНИНГ 12-ПАКЕТИ
Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг 12-пакетини тўлиқ тасдиқлаб бўлди. У янги йилгача кучга киради.
Санкциядаги асосий жиҳат Россияда ишлаб чиқарилган носаноат олмослар импортига қўйилган тақиқ анчадан буён маълум эди. Пакетда яна қандай чоралар қўлланилган?
Реэкспортга тақиқ. Европа компаниялари энди ҳарбий маҳсулотлар ва қўш мақсадларда фойдаланиладиган товарлар савдоси бўйича шартнома имзолаётганда Россияга реэкспорт қилишни тақиқлаш тўғрисида банд қўшишга мажбур.
Нефт нархи чегараси. Европа компаниялари танкерларни учинчи давлатга сотаётганида Россия ўзининг хуфёна нефт флотини тўлдирмаслиги учун ҳокимият органларини хабардор қилишга мажбур. Россия нефти учун чегараланган нарх баррелига 60 доллар миқдорида қолдирилган.
Бошқа тақиқлар. Европа Иттифоқига энди Россияда ишлаб чиқарилган чўян, фолга, метал қувурлар, мис ва алюминий симлар олиб кириш тақиқланади. Бир йил давомида суюлтирилган табиий газга ҳам тўлиқ тақиқ жорий этилади.
Персонал санкциялар. Евроиттифоқ бир неча юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан персонал санкциялар ҳам эълон қилган. Улар орасида Дмитрий Медведевнинг ўғли Иля Медведев ҳам бор.
РОССИЯНИНГ ГАЗ ДАРОМАДЛАРИ ҚИСҚАРМОҚДА
2023-йилнинг январ–ноябрь ойиларида Россия газ экспорти тушуми уч баробарга камайган.
РФ Федерал божхона хизмати раҳбари в.б. Руслан Давидовнинг айтишича, қиймат ҳажмида газ етказиб бериш ўтган йилга нисбатан 69 фоизга, моддий ҳажмда 34 фоизга қисқарган.
Европа эмбаргоси ва «юқори нарх чегараси»га риоя қилиш борасидаги санкцияларга қарамасдан нефт экспорти моддий ҳажмда 7 фоизга ўсган.
2023 йилнинг 30 июнида якунланган ҳисобот йилида «Газпром» триллион рубл соф зиён кўрган. Биринчи ярим йилликда «Газпром»нинг қазиб олиш ҳажми 25 фоизга қисқарган — бу Россия газ саноати тарихи учун рекорд.
2025 йилга келиб Россия газ монополисти солиқ юкламаси оўиши, тушум камайиши ва газлаштириш дастурини молиялаштириш ортидан яна триллион рубл йўқотади Бу ҳақда Россия Давлат думаси энергетика қўмитаси раиси Павел Завалний ноябр ойида таъкидлаган эди. Унинг сўзларига кўра, экспорт «бўлмайди», харажатлар эса «ўша-ўша».
ЭРДЎҒАН ВЕНГРИЯДА
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған расмий ташриф билан Венгрияга борди. Ташриф доирасида Эрдўған Венгрия бош вазири Виктор Орбанга Туркияда ишлаб чиқарилган TOGG электромобилини совға қилди.
Эрдўған аввал бундай автомобилни Озарбойжон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон, БАА президентлари, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ва Қатар амирига ҳам совға қилганди.
Орбан эса, ўз навбатида, Мезехедйеш йилқичилик заводида етиштирилган, Аристократ лақабли нониус зотли отни Эрдўғанга совға қилган.
ТРАМПНИНГ ВАЪДАЛАРИ
Доналд Трамп агар президент бўлиб сайланса «Депортация қилиш бўйича Америка тарихидаги энг йирик операция»ни амалга оширишни ваъда қилди. Сиёсатчи 2024 йилда президентлик лавозимига қайта сайланса миграцион қонунчиликни қатъийлаштиришни вахда қилмоқда.
Reuters агар Трамп сайловда ғолиб чиқадиган бўлса яна нималарни амалга оширишини прогноз қилиб чиқди. Унга кўра:
АҚШ кучишлатар блокида кадрлар тозалануви, Пентагон, давлат департаменти ва Марказий разведка бошқармасида ўзгаришлар қилинади.
Европага мудофаа ёрдамини қисқартирилади. Агар НАТО давлатлари ўз ялпи ички маҳсулотининг 2 фоизини мудофаа ва алянсга сарфламаса уларга савдо тарифлари жорий этилади.
Украинани молиялаштиришни тўхтатилади. Хитой билан савдо-сотиқни қисқартирилади.
Мексикадаги наркократелларини тозалаш учун АҚШ махсус кучларини Мексика ҳудудига киритиш бўйича музокаралар олиб борилади.
СИСИЙ ЯНА САЙЛАНДИ
69 ёшли Абдулфаттоҳ ас-Сисий учинчи муддатга Миср президенти этиб сайланди. У мамлакатда ўтган президентлик сайловларида 89,6 фоиз фовоз тўплаган. Энди у 2030 йилгача мамлакатни бошқаради.
Абдулфаттоҳ ас-Сисий ҳарбий давлат тўнтариши ортидан, демократик сайланган президент Муҳаммад Мурсийни лавозимидан кетказиб ҳокимият тепасига келган. Ас-Сисийнинг 10 йиллик ҳукмронлиги даврида Миср Ғазо секторини жанубдан қамал қилиб келмоқда.
Ас-Сисий сайлов натижалари эълон қилингач, миллий телевидение орқали чиқиш қилиб, Ғазодаги уруш Миср миллий хавфсизлигига таҳдид экани, «бу урушни тўхтатиш учун барча кучлар сафарбар этилиши керак»лигини таъкидлаган.
ПУТИН ҲУЖЖАТ ТОПШИРДИ
Владимир Путин Мирказий сайлов комиссиясига 2024 йилги президентлик сайловларида қатнашиш учун ҳужжат топширган илк одам бўлди. Агар Путин сайловларда ғолиб чиқса (албатта, бу шубхасиз) у ҳам Сисий сингари 2030 йилгача мамлакатни бошқаради.
ҲАММАСИГА ХОТИНЛАР АЙБДОР
Индонезия адлия вазири Муҳаммад Маҳфуд коррупцияда мансабдорларнинг хотинлари айбдорлигини таъкидлади. Вазирнинг айтишича, юқори лавозимда ўтирган мансабдорларнинг хотинлари дабдабал ҳаёт кечириш ва шу сабабли коррупцион хатти-ҳаракатларга қўл уришлари учун эрларига босим ўтказишар экан. Қизиқ, бизда ҳам шундаймикан?
Мавзуга оид
14:13 / 09.11.2024
Ғазодаги ҳарбий жиноятлар, НАТОдан Украинага янги ёрдам ва Ғарбни очкўзликда айблаган Путин — кун дайжести
15:34 / 08.11.2024
Ғазодаги касалхоналарга ҳужум, ҳусийчиларнинг огоҳлантириши ва Трампдан умид қилаётган Гуржистон — кун дайжести
13:12 / 07.11.2024
Ливан қишлоғига ҳужум, Трамп ғалабасидан хурсанд Исроил вазирлари ва Германияда парчаланган коалиция — кун дайжести
14:30 / 06.11.2024