Иқтисодиёт | 17:56 / 20.12.2023
43830
2 дақиқада ўқилади

Айрим турдаги тўловларни нақд пулда амалга ошириш тўхтатилиши мумкин

Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт ҳажми ЯИМга нисбатан 25-45 фоизгача етиши мумкин, дея маълум қилди иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров. Унинг Сенат ялпи мажлисида айтишича, баъзи тўловларни фақат банк карталари орқали амалга ошириш амалиётини жорий қилиш юзасидан ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт ҳажми ялпи ички маҳсулотга нисбатан 25 фоиздан 45 фоизгача етиши мумкин. Бу ҳақда Сенатнинг 48-ялпи мажлисида Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров маълум қилди.

“Бу жуда ҳам юқори кўрсаткич. Қайси тармоқларда яширин иқтисодиёт энг юқори деб айтадиган бўлсак, булар: қурилиш, савдо, хизмат кўрсатиш соҳалари. Президент администрацияси билан биргаликда қарор лойиҳасини тайёрлаяпмиз. Лойиҳа анча яқинлашиб қолди. Кўп масалалар бу ерда назарда тутиляпти. Жумладан, нақд пул айланмасини камайтириш. Бу эскича маънода эмас. Баъзи тўловларни фақат банк карталари орқали тўлаш ва бошқа масалалар қонун лойиҳасида бор”, деди у.

Сенат раиси Танзила Норбоева бу масалани ижобий ҳал қилиш, яхши тизимлаштириш лозимлигини, жумладан, Савдо-саноат палатаси учун ҳам тавсиялар белгиланиши кераклигини таъкидлаб ўтди.

Иқтисодчи Отабек Бакировга кўра, тўлиқ нақдсиз тўловларга ўтишни уй-жой ва автомобил савдосидан бошлаш керак.

“Тўлиқ нақдсиз ҳисоб-китобларга биринчи навбатда ўтилиши керак бўлган иқтисодий сегментлар бу уй-жой ва автомобил савдосига оид бўлиши керак (бирламчи бозор ҳам, иккиламчи бозор ҳам). Энг катта долларлашув жараёни ҳам шу кулранг секторни эгаллаб олган”, дея ёзди иқтисодчи.

Аввалроқ, Солиқ қўмитаси мамлакатда 42 фоизлик яширин иқтисодиёт мавжудлиги ҳақида маълум қилганди. ЎзЛиДеП партиясининг октябр ойида бўлиб ўтган йиғилишида эса бу миқдор 32 млрд доллар ёки ЯИМнинг қарийб 40 фоизини ташкил этиши айтиб ўтилганди.

Мавзуга оид