Ўзбекистон | 14:04 / 20.12.2023
23107
2 дақиқада ўқилади

Халқ банки ходими 631 млн сўмни қиморга тикиб юборди

У 5 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Ўзбекистонда банкирлар давлат пулини қиморга тикиб юбориши билан боғлиқ яна бир ҳолат кузатилди. ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси маълумотига кўра, Халқ банкида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган шахс 631 млн сўмни қиморга тикиб юборгани учун қамалди.

«Халқ банки Самарқанд филиалида чакана савдо бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Ш.Ю. ўз мансаб ваколатидан фойдаланган ҳолда ўзининг номидаги банк пластик картасига ноқонуний равишда 631 млн сўм кирим қилиб, ушбу маблағнинг барчасини онлайн қимор ўйинига тикиб юборган.

Ушбу ҳолат юзасидан Ш.Ю.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан 5 йил озодликдан маҳрум қилиш ва 2 йил банк соҳаларида моддий ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланган», дейилади хабарда.

Бундан олдинроқ, 2022 йил апрелида Халқ банки Узун филиали сайёр кассири 278 нафар фуқаронинг пенсия ва нафақа пулларини – жами 121,1 миллион сўмни сохта имзо қўйиб ўзлаштирган ва пулларнинг бир қисмини онлайн қимор ўйинига тикиб ютқазгани хабар қилинганди.

2022 йил сентябрида эса Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги тижорат банкларининг бирида фаолият юритувчи ходимлар пенсионерларга берилиши керак бўлган 111 млн сўм пулларни талон-торож қилиб, замонавий қимор ўйинларига сарфлаб юборганди.

2023 йил июлида эса Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида ўқитувчи ҳамкасбининг картасидаги пулларни ўзлаштириб, қиморда ютқазгани маълум бўлганди.

  • Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2023 йил 30 ноябрда имзоланган «Рақамли маҳсулотлар (хизматлар) истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақамли технологиялар воситасида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларга қарши курашишни кучайтириш чоралари тўғрисида»ги қарорига кўра, Ўзбекистонда фаолият олиб борувчи тижорат банкларининг картаси ёрдамида мамлакатдан ташқарида жойлашган тотализатор ташкилотлари ҳисобига пул ўтказиш тақиқланмоқда.

Мавзуга оид