Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўқиганига эмас уққанига амал қилишга қачон баҳам берилади? Мулк ҳуқуқи судларда қандай поймол қилинаётгани ҳақида
Давлат манфаатларини важ қилиб, маъмурий органнинг бу борадаги ҳужжатини бекор қилиш учун даъво киритишга, суд эса ишни кўриб чиқишга ҳақли эмас. Чунки қонунларда шундай ёзиб қўйилган. Аммо афсуски, амалиётда бундай бўлмаяпти. Бунга ё судяларнинг малакаси етмайди ёки уларнинг мустақиллиги...
Хусусий мулк ҳуқуқи қонун билан ҳимояланади ва кафолатланади.
Тирик жон борки, уйли-жойли, ватанли бўлишга интилади.
Айниқса орзу ҳавасли ўзбек бунинг учун нафақат бор меҳнатини, бир умр йиққанини шунга сарфлайди, қарз-ҳавола қилиб бўлса-да уй олишга, қуришга ҳаракат қилади.
Демократик давлатлар фуқароларнинг мулкини ҳимоя қилиш, уй-жойли бўлишни рағбатлантириш ва хусусий мулк ҳуқуқи дахлсизлигини кафолатлашни фуқаролар осойишталиги ва ижтимоий ҳимоясининг энг самарали йўли сифатида конституция ва қонунлар орқали ҳимоялайди.
Бироқ қонунларни қўллашдаги турли хил ёндашувлар, қонунни ўзича тушунишлар амалиётда кўплаб учрайди, учрамоқда.
Kun.uz ушбу мақола орқали кўпчилик учун қизиқ ва дахлдор бўлган мулк ҳуқуқига оид қонунларни қўллашдаги айрим ноаниқликлар ҳамда уларнинг шахсий мулкка дахл қилаётганига эътибор қаратди.
Маълумки, маъмурий судлар иш юритувида маъмурий органларнинг ер участкаси ёки турар жой ажратиш, эгалик ҳуқуқини беришга оид қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан юзлаб даъво аризалари кўрилмоқда.
Бунда аризалар баъзан ҳокимият, баъзан кадастр, баъзан прокуратура томонидан киритилмоқда. Бироқ даъво киритаётганлар ҳам, уни судда кўриб чиқаётганлар ҳам амалдаги қонун нормаларига жиддий эътибор қаратишмаяпти. Натижада мулкдорлар асоссиз тарзда мулкидан айрилмоқда.
Суд қарори адолатли ва қонуний бўлса хўп-хўп. Лекин кейинчалик унинг асоссизлиги аниқланса, ўша қарор асосида бузиб юборилган уйни ким тиклаб беради?
Эътиборингизни юқорида қайд этилган қонунни қўллашдаги фарққа қаратсак.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тартиби тўғрисидаги кодексининг 3-моддасида ушбу кодекс фуқаролар ва юридик шахсларнинг (!) бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги маъмурий ишларни кўриб чиқиш тартибига нисбатан татбиқ этилиши белгиланган.
Аҳамият қаратган бўлсангиз моддада фақат фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳақида гап кетган.
Давлат манфаатлари ҳақида эса моддада ўқиганингиздек ҳеч нарса ёзилмаган.
Давом этамиз, шу кодекснинг 184-моддаси 3-қисмида маъмурий органларнинг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни юритиш фуқаролар ёки юридик шахсларнинг аризалари асосида қўзғатилиши белгилаб қўйилган.
185-моддада эса, манфаатдор шахс маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида ариза (шикоят) билан, агар бу қарор, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли:
унинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузган;
унинг ҳуқуқлари, эркинликларини амалга оширишга ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга тўсиқлар вужудга келтирган;
унинг зиммасига қонунга хилоф равишда бирор-бир мажбурият юклаган;
унинг у ёки бу соҳадаги фаолиятни амалга ошириши учун бошқа тўсиқлар вужудга келтирган деб ҳисобласа, судга мурожаат қилишга ҳақлилиги белгиланган.
Англаганингиздек, кодексда давлат манфаатларини кўзлаб, мулк ҳуқуқини берувчи ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топиш бўйича маъмурий судга даъво киритиш мумкинлиги қайд этилмаган.
Буни тушуниш учун ҳатто ҳуқуқшунос бўлиш ҳам шарт эмас, агар тушунмовчилик ёки шубҳа бўлса, унда фикримизни асослашда давом этамиз.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2019 йил
24 декабрдаги №24-сонли "Маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти" ҳақида қарорининг 4-бандида мазкур ваколатга ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилган, ҳуқуқлари, эркинликларини амалга ошириш ва қонуний манфаатларини амалга оширишда тўсқинлик яратилган, зиммасига қонунга хилоф равишда бирон бир мажбурият юклатилган манфаатдор шахс мурожаат қилиши мумкинлиги, манфаатдор шахс деганда, маъмурий органнинг қарори ёки унинг мансабдор шахси ҳаракати (ҳаракатсизлиги) қаратилган фуқаро ёки юридик шахс ёхуд бундай қарор, ҳаракат (ҳаракатсизлик) ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахл этган бошқа шахс тушунилиши белгиланган.
Бу ўринда ҳам маъмурий органнинг тегишли қарорини бекор қилиш учун, ушбу қарор, албатта, фуқаронинг ёки бирон бир юридик шахснинг ҳуқуқ ва манфатларини бузган бўлиши лозимлиги назарда тутилган.
Фақат фуқаро ёки юридик шахснинг, давлатнинг эмас.
Давлат алоҳида юридик шахс эмас. Сабаби унинг “фуқаро” ва “юридик шахс”дан фарқи қонунларимизда аниқ қилиб ёзиб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 2-моддасида фуқаролик қонунчилиги билан тартибга солинадиган муносабатларнинг иштирокчилари қуйидагиларга бўлинган:
- фуқаролар;
- юридик шахслар;
- давлат.
Яна бир асос, Олий суд Пленумининг 20.11.2023 йилда қабул қилинган “Судларда ерга оид низоларни кўришда қонунчилик ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 28-сонли қарорининг 7-банди.
Унда ҳам айнан шу қоида белгилаб қўйилган.
“Бу қарор оммага 18 декабрдан эълон қилинган, ҳали судялар ҳам ўқишга улгурмаган” десангиз, бунга қадар амалда бўлган Олий суд Пленумининг 03.02.2006 йилдаги 3-сонли қарорининг 3-бандига эътиборингизни қаратмоқчимиз:
“Судларнинг эътибори, давлат бошқаруви органлари, маъмурий органлар ва уларнинг мансабдор шахсларининг фуқароларнинг ер ҳуқуқий муносабатлари соҳасидаги ҳуқуқларини бузувчи қарорлари ва ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган шикоятлар маъмурий судларга тааллуқли эканига қаратилсин.”
Содда қилиб айтганда, маъмурий орган, масалан ҳокимнинг мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш учун аввал қайсидир фуқаро ёки юридик шахснинг ҳуқуқи бузилиши керак.
Иккинчидан, даъвони бошқа фуқаро ёки юридик шахс киритиши керак: ҳокимият ёки прокуратура эмас.
Чунки ҳокимият юридик шахс эмас, давлатнинг маҳаллий ижро органи.
Прокуратура эса “Прокуратура тўғрисида”ги қонуннинг 41-моддасига асосан даъво киритиши мумкин, фақат унга бирон бир фуқаро ёки юридик шахс ҳуқуқи ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилгани юзасидан ариза билан мурожаат этганда, уларнинг манфаатларини кўзлаб.
Давлат манфаатларини важ қилиб, маъмурий органнинг бу борадаги ҳужжатини бекор қилиш учун даъво киритишга, суд эса ишни кўриб чиқишга ҳақли эмас. Ҳарҳолда мамлакатимизда хусусий мулк ҳуқуқининг ҳимояси сифатида қонун шундай белгилаб қўйган.
Бир мисолга эътиборингизни қаратамиз: Фуқаронинг мулкка эгалик ҳуқуқи президентнинг 2018 йил 21 апрелдаги “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги ПФ-5421-сон қарори асосида эътироф этиш тўғрисида туман ҳокимининг қарори чиққан.
Ҳоким қарорига асосан мулкка эгалик эътироф этилиб, тегишли кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган.
Орадан йиллар ўтиб, ўша қарорни чиқарган ҳокимлик “менинг қароримни бекор қилишга судга ариза киритиб беринг”, деб прокуратурага мурожаат билан чиқмоқда.
Ўз навбатида прокуратура шу мурожаатга асосан маъмурий судга ҳокимнинг қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраб ариза киритмоқда.
Ачинарлиси, бундай мантиқсиз ва қонунларга зид “схема” фаол ишламоқда. Афсуски, судлар ҳозиргача бу туркумдаги ишларнинг кўпини кўрган ва кўришда давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 20-моддасига кўра, инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади.
"Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги қонуннинг 7-моддасига кўра мулкдорнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида мулкдор ҳуқуқлари устуворлиги принципи амал қилади, унга мувофиқ қонунчиликдаги хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар мулкдорнинг фойдасига талқин этилади.
Президентнинг 24.08.2022 йилги “Мулк ҳуқуқи дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-198-сон фармонига кўра мансабдор шахслар ва хизматчиларнинг қонунда тўғридан тўғри кўрсатилган ҳолатлардан ташқари мулкка эркин эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва тасарруф этишни чеклаш, тақиқ қўйиш, мулкий ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни асоссиз рад этиш ёки бошқача ҳар қандай кўринишда мулкдор ёки унинг мулкий ҳуқуқларига таъсир ўтказиш ва бошқа ҳаракатлари хусусий мулк ҳуқуқини эркин амалга оширишга аралашиш ва дахлсизлигини бузиш деб ҳисобланади ҳамда уларга нисбатан жиноий жавобгарликка тортишгача бўлган чоралар қўлланишига асос бўлади.
Мақоладан хулосани унда кўтарилган масалалар билан бевосита кесишганларгина чиқара олади.
Ҳуқуқшунос
Мавзуга оид
12:02 / 24.05.2025
«Сизга ачинаман, жаноблар!» – Абдураҳмон Ташановнинг шу номли пости камситиш деб топилди
09:35 / 24.05.2025
Суд Трампнинг Ҳарвардга хорижликларни қабул қилишни тақиқлаш қарорини блоклади
11:53 / 22.05.2025
Айрим низоларни судгача кўриб чиқишнинг янги тартиби жорий этилади
09:31 / 21.05.2025