Ўзбекистон | 18:29 / 21.12.2023
17932
3 дақиқада ўқилади

Суғурта компанияси билан 145 млрд сўмни ўзлаштирмоқчи бўлган божхона ходими ҳибсга олинди — Божхона қўмитаси

Божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари берган маълумотга кўра, жиноий гуруҳнинг 1-2 нафар аъзоси чет элга қочиб кетган. Уларга нисбатан қидирув эълон қилинган. Бугунги кунда давлат манфаатларига етказилмоқчи бўлган 145 млрд сўм зарардан 84 млрд сўми ундирилган.

Фото: Kun.uz

Давлат божхона қўмитасининг ходими жиноий гуруҳ билан тил бириктириб, давлат бюджетига тушиши керак бўлган катта миқдордаги маблағларни ўзлаштиришга уринганда қўлга олинган. Бу ҳақда Божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Илҳом Мухторов АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган.

Илҳом Мухторовнинг таъкидлашича, пулларни ўзлаштиришда иштирок этган шахс Божхона қўмитасининг Тўловлар бошқармаси ходими бўлган.

“Божхона тўловларини бўлиб тўлаш йўналишида бир амалиёт бор. Бунда суғурта компанияларидан тақдим қилинган суғурта полиси асосида маълум муддатга божхона тўловларини кечиктириш учун рухсат берилади. Мана шу жараёнда божхона ходими суғурта компанияси билан жиноий тил бириктириб, ноқонуний равишда суғурта компанияси манфаатини кўзлаган. Жойлардан бу ҳолат юзасидан маълумот олингач, қўмита раҳбарияти текширув тайинлади. Аниқланишича, жиноий гуруҳ 145 млрд сўмга яқин суғурталаш орқали тушумларни ўзлаштирмоқчи бўлган. Албатта, бунда ходимнинг ҳам аралашуви бор. У ходимни 2-3 ой давомида кузатдик. Ҳозирда унинг ҳаракатларида жиноят элементлари бўлгани учун ҳибсга олинган.

Беш қўл баробар эмас экан. Афсуски, шундай ҳолатлар ҳам учраб турибди. Ходим жиноий гуруҳларга аралашган. Бугунги кунда давлат манфаатларига етказилмоқчи бўлган 145 млрд сўм зарардан 84 млрд сўми ундирилди. Жиноий гуруҳнинг 1-2 нафар аъзоси чет элга қочиб кетган. Уларга нисбатан қидирув эълон қилинган. Ҳолатга аралашган ҳар бир шахс жавоб беради”, — деди қўмита расмийси.

Мухторовнинг қўшимча қилишича, жиноятда гумонланаётган ходим 23 ноябр куни ишдан бўшатилган ва бугунги кунда ҳибсга олинган.

Маълумот учун, олдинроқ коррупцияга қарши курашиш тадбирлари доирасида собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов, Бекобод тумани ҳокими Шуҳрат Мирзаев, Солиқ қўмитаси ва Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси мансабдорлари, Марказий банкнинг Бухоро вилояти бўйича бошлиғи Эркин МансуровБухоро туманининг собиқ ҳокими Хайрулло Жўраев қамоққа олинганди.

Мавзуга оид