Жаҳон | 20:59 / 22.12.2023
15586
10 дақиқада ўқилади

Ғазода очарчилик кўланкаси, «хуфёна флоти» тўхтаб қолган Россия, Прагадаги қонли отишма — кун дайжести

Сўнгги бир кунда жаҳонда содир бўлган воқеа-ҳодисалар, янгиликларнинг кундалик шарҳи билан одатдагидек кун дайжестида таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Исроил 35 нафар гаровдагиларни озод қилиш эвазига ҲАМАСга бир ҳафталик оташкесим таклиф этди. ҲАМАС ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатишни талаб қилиб, бу таклифни рад этган. Ушбу кўрсатув тайёрланган вақтда ҳали оташкесим бўйича бошқа муҳим янгилик йўқ эди.

Исроилнинг Ғазога ҳужуми натижасида Фаластин эксклавидаги 100 дан ортиқ маданий мерос объектларига зарар етказилган ёки улар бутунлай вайрон қилинган.

Уларнинг орасида тарихий Фаластининг қадимий ва муҳим масжидларидан ҳисобланадиган, бомбардимон натижасида вайрон қилинган Умарий буюк масжиди, эрамизнинг 425 йилида барпо этилган Авлиё Порфирий черкови ҳам бор.

Meta медиа-гиганти Ғазони қўллаб-қувватлаб ёзилаётган постларни атайлаб блокламоқда, деган Американинг Human Rights Watch ҳуқуқбонлик ташкилоти.

Facebook, Instagram ва WhatsApp ижтимоий тармоқларини қамраб олган Meta компанияснинг контентни модерация қилиш тизими 7 октябрдан буён Instagram ва Facebook’да Фаластинни қўллаб ёзилган постларни блок қилмоқда, дейилади HRW’нинг 51 саҳифали докладида.

БМТ Ғазо сектори фожиали очарчиликни бошидан кечираётганини таъкидлаган. Айни пайтда Ғазодаги ҳар тўрт оиладан биттаси очликк мубтало бўлган ёки шундай ҳавф ёқасида турибди. Токи эксклав тоза ичимлик суви, нормал озиқ-овқат билан таъминланмас, соғлиқни сақлаш ва санитария хизматларига йўл очилмас экан вазият оғирлашиб бораверади, дейилади БМТ докладида. 

Расмийлар можаро ҳақида

UNICEF маълумотларига кўра, тоза ичимлик сувисиз Ғазода яқин кунларда кўплаб болалар чанқоқ ва касалликлардан ўлиб кетишлари мумкин.

UNICEF бош директори Кэтрин Расселнинг айтишича, болалар ва уларнинг оилалари хавфли манбалардан олинаётган, шўр ёки жуда ифлосланган сувни истеъмол қилишмоқда.

Айни пайтда аҳолининг катта қисми йиғилган Рафаҳдаги сув таъминоти ва канализация тизими ўта критик ҳолатда. UNICEF’га кўра, сув етишмаслиги оқибатида 5 ёшгача бўлган болалар ичида диарея касаллигининг ўртасча даражаси 20 баробарга ошган.

Франция президенти Эммануэл Макрон Иорданиядаги ҳарбий базада хизмат қилаётган француз ҳарбийлари билан учрашуви чоғида Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳилида тинчликка таҳдид солаётган ноқонуний яҳудий манзилгоҳлари учун жазолаш фурсати етганини таъкидлади. Шунингдек у Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш лозимлигини ҳам таъкидлаган.

БМТнинг Яқин Шарқдаги тинчлик жараёни бўйича махсус мувофиқлаштирувчиси Тор Веннесланд Хавфсизлик Кенгашида исроил-фаластин можаросига бағишланган брифинг ўтказди.

Унинг қайд этишича, 2023 йил бу можаро тарихидаги энг қонли йиллардан бири бўлди, боз устига, барча фронтларда вазият ёмонлашишда давом этмоқда.

Махсус мувофиқлаштирувчи Исроилда ва Ғарбий соҳилда исроиллик кўчкиндилар ва фаластинликлар ўртасида бўлаётган тўқнашувлардан ҳам ташвишда эканини таъкидлаган ва барча айбдорлар жавобгарликка тортилиши кераклигини айтган.

Веннесланд тинч аҳолига нисбатан зулмни расмий шахслар қўллаётгани борасида кўплаб ҳолатлардан даҳшатда эканини таъкидлаган.

«Бундай оҳангда сўзлаш жирканч ва барча томонлар етакчилари томонидан бас қилиниши керак. Улар тинч аҳоли вакилларига нисбатан йўналтирилган террор ва зўравонлик ҳолатларини аниқ-равшан ва бошқача тушунишга йўл қолдирмайдиган қилиб қоралашлари лозим» — деган у. 

Қизил денгиздаги вазият

Яманлик ҳусийчилар фақат Ғарб давлатларига тегишли нефт танкерлари ва қуруқ юк ташувчи кемаларга ҳужум қилиб, жуда аниқ ҳаракат қилишган, деб хабар беради Kpler ахборот компанияси.

MarineTraffic маълумотларига кўра, ҳусийчиларнинг Исроил билан боғлиқ кемаларга бундай ҳужумлари оқибатида Қизил денгизда Эрон ва Россия нефтини ортган танкерлар, шунингдек Хитой юк кемалари сони кўпайган. Ҳаттоки, Хитой ҳарбий кемаси Исроилга йўл олган ва ҳужумга учраган кемадаги ҳалокат сигналини ҳам эътиборсиз қолдирган.

Буларнинг барчаси Россия, Эрон ва Хитой ўртасидаги мувофиқлаштириш янги босқичга чиққанини англатади ва янги шарт-шароитлар кимнинг фойдасига хизмат қилаётганини англаш учун эксперт бўлиш ҳам шарт эмас.

Транспорт компаниялари Ансоруллоҳдаги ҳусийчиларнинг таҳдиди остида Қизил денгиз орқали Европа ва Америка портларига йўл олган камида 120 та контейнер ташувчи кемаларнинг йўналишини Африка қитъасини айланиб ўтадиган қилиб ўзгартиришга мажбур бўлишган.

Аввалроқ Пентагон Қизил денгиздаги кема ташувларини муҳофаза қилиш учун тузиладиган денгиз коалициясида 20 та давлат иштирок этишини маълум қилган эди.

Россия ва санкциялар

Владимир Путиннинг «хуфёна флоти»га санкциялар жорий этилгач Ҳиндистон россия нефти ортилган танкерларни қабул қилмаяпти.

Sokol навли 5 млн баррел нефт сўнгги тўрт ҳафтада Ҳиндистон нефтни қайта ишлаш заводларига бормаяпти: Узоқ Шарқдан Ҳиндистонга нефтни мунтазам етказиб турган танкерлар қирғоқлар яқинида секин сузиб юрибди ёки йўлда тўхтаган, деб ёзади Bloomberg агентлиги.

Ноябр ойи ўрталаридан АҚШ юқори нарх чегарасини бузган саккизта танкерга нисбатан санкция жорий этди. Улардан олтитаси «Совкомфлот»га тегишли ва БААдаги фирмалар номига расмийлаштирилган.

АҚШ санкцияси Ҳиндистонга нефт ташишга тўсқинликнинг асосий сабаби бўлиши мумкин. Чунки нефт ташиётган танкерлардан бири NS Century санкция эълон қилинганидан икки кун ўтиб Шри Ланка яқирғоқлари яқинида тўхтаб қолган. Сўнгги ҳафта ичида унга яна иккита танкер қўшилган.

Россия президенти Владимир Путин АҚШ ва Европани иқтисодий ҳамкорликни тиклашга чақирди ва бу уларнинг фойдасига бўлишини таъкидлади.

Стратегик ривожланиш ва миллий лойиҳалар бўйича Кенгашда чиқиш қилар экан, Путин Россия АҚШ ва Европа давлатлари билан ҳамкорликдан воз кемаганини таъкидлаган.

«Қайд этишим керакки, биз Америка қитъаси, Шимолий Америка, АҚШ ва Канадага эшикларни ёпмадик, Европа учун ҳам очиқмиз. Улар умуман, «ўзини жинниликка солиш»ни бас қилиб, бизнинг қулашимизни кутишдан воз кечишлари керак», — деган Путин.

Макрон Европа Иттифоқи Россияни тийиш масаласида муваффақиятсизликка учраганини тан олди: санкцияларга қарамасдан, Россия иқтисодиёти таназзулга учрамаган.

Икки йил кескин санкциялар шароитида Россияга параллел импорт ҳажми 70 млрд долларга етган. Бу ҳақда Россия бош вазирининг ўринбосари Андрей Белоусов таъкидлаб ўтган. Унга кўра, Россияга умумий товарлар ва хизматлар импорти ҳажми 2021 йилги даражадан ҳам ўсган ва 300 млрд долларни ташкил этган. 2021 йилги ҳажм 296 млрд бўлган.

Россияга пуллари Украинага

Санкцияларга чап бериб, 300 млрд долларлик параллел импортни тиклаган Россия шунча пулидан ажралиб қолиши ҳам мумкин. Жо Байден администрацияси Россиянинг музлатилган активларини Украинага йўналтириш масаласи бўйича иттифоқчилари билан тезкор музокараларни бошлади, деб ёзади The New York Times.

Нашрга кўра, бундай чорани қўлловчилар сони Конгрессда ҳам ўсиб бормоқда ва АҚШ президенти администрациясига оптимизм бахш этмоқда.

G7 давлатлари ҳокимиятлари музокаралари сўнгги вақтда тезлашган, чунки АҚШ 2024 йилнинг 24 феврали — Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинига икки йил тўлишигача стратегияни ишлаб чиқишни истамоқда. Гап 300 млрд доллар Россия активлари ҳақида бормоқда.

2022 йилда Россия Украинага ҳужум қилгач, G7, Европа Иттифоқи давлатлари ва Австралия Россия Федерацияси Марказий банкининг 260 млрд евро пулини музлатиб қўйган. Пулларнинг катта қисми — 210 млрд еврони Евроиттифоқ музлатган. АҚШ музлатган пуллар бор-йўғи 5 млрд доллар.

Бунгача АҚШ молия вазири Жаннет Йеллен бу пулларни олиш учун Конгресснинг рухсати кераклигини таъкидлаган эди. Бу чорага қаршилар эса, бундай қилинадиган бўлса бошқа мамлакатлар пулларини Федерал захира тизимида ва АҚШ долларида сақлашдан воз кечиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Украинага ёрдам

Германия Украинага 120 та Marder пиёдалар ҳарбий машинасини ажратган. Уларнинг бир қисми Грециядан сотиб олинган.

«Германия Россияга қарши курашда Украинани қўллаб-қувватлайди. Европадаги энг йирик, жаҳонда эса АҚШдан кейин иккинчи ҳомий бўлиб, бизнинг хайрияларимиз ҳарбий машиналардан ташқари, замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, зирҳли танклар, транспорт восталари, артиллерия тизимлари ва ўқ-дорилардан иборат», — дейилади Германия Мудофаа вазирлиги баёнотида.

Финландия Украинага 106 млн евролик ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этмоқчи. Бу финларнинг 21-ёрдам пакети бўлади. Финландия томонидан Украинага тақдим этиб келинаётган мудофаа қурилмалари комплектларининг умумий қиймати 1,6 млрд евродан ошади.

Нидерландия Украинага 2024 йилда биринчи ёрдам пакети сифатида 102 млн евро маблағ жўнатади, деган ҳолланд ҳукумати. Бу сумма мамлакатнинг 2024 йилги бюджетида Украина учун ёрдам сифатида режага киритилган 2 млрд евро ҳисобидан берилади. 

Прагадаги қонли отишма

Чехия пойтахти Прага шаҳри марказидаги Карлова университетининг фалсафа факултетида Давид К. Исмли 24 ёшли талаба 21 декабр куни кундузи ўқотар қуролдан фойдаланиб, талабаларга ўқ узган. 15 киши ҳалок бўлган, ярадорлар сони 25 га яқин, деган Чехия полицияси раҳбари Мартин Вондрашек.

Полиция қотил мерганга қарата ўқ узган ва университет биносининг юқори қаватидан пастга қулаб вафот этган. Воқеани ўз кўзи билан кўрган гувоҳлар унга ўқ узилганидан бехабар ҳолда, у юқоридан ўзини пастга ташлаб ўз жонига қасд қилди, деган нотўғри хулосага боришган.

Шунингдек, қурбон бўлган талаба қизлардан бири қотилдан яширинаман, деб юқори қаватдан пастга қулаб вафот этган.

Давид К. бир неча қуролларга қонуний эгалик қилгани аниқланган ва терактга факултетда тайёргарлик кўрган. Бундан ташқари, полиция терактдан бир неча соат аввал у ўз отасини ҳам отиб ўлдирган, деб гумон қилмоқда. 

Шуҳрат Шокиржонов
Муаллиф Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид