Жаҳон | 10:25 / 22.12.2023
7302
3 дақиқада ўқилади

Прагадаги Карл университетида отишма: 15 киши ҳалок бўлди

Чехия қутқарув хизмати хабарига кўра, қуролланган шахс Прага марказидаги Карл университетининг фалсафа факултетида 14 кишини отиб ўлдирган ва ўзини ўлдиришдан олдин 25 га яқин одамни яралаган.

Фото: Picture Alliance

Прага марказидаги Карл университетининг фалсафа факултети биносида эркак киши ўт очди. Оқибатда 15 киши, жумладан, ҳужумчи деб тахмин қилинган шахс ҳалок бўлди, ўнлаб одамлар яраланди, деди журналистларга полиция бошлиғи Мартин Вондрашек. Унга кўра, 24 киши жароҳатланган.

Полиция маълумотларига кўра, ҳужумни 24 ёшли университет талабаси амалга оширган, гумон қилинаётган жиноятчининг отаси аввалроқ ўлик ҳолда топилган.

Чехия Ички ишлар вазирлиги раҳбари Вит Ракушан «жиноятнинг халқаро терроризм билан алоқаси борлигини кўрсатадиган ҳеч қандай далил йўқ»лигини айтди.

Университет олдидаги майдонга махсус полиция кучлари етиб келди

Отишма содир бўлган Ян Палах майдони ўраб олинган, факултет биносидан одамлар эвакуация қилинган, деб хабар беради Novinky.cz. Воқеа жойига полиция махсус кучларининг катта контингенти юборилди. Полиция одамлардан имкон қадар воқеа содир бўлган ҳудудга келмасликни, яқин атрофдаги мавзелар аҳолисидан эса кўчага чиқмасликни сўради.

Nova телеканали хабарига кўра, жиноятчи ўлимидан олдин факултет биноси томида бўлган. Бундан ташқари, портлаш овози эшитилган. ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги хабарларга кўра, отишма бошланганидан кейин баъзи одамлар кўчага югуриб чиққан, бошқалари синф хоналарида тўсиқ ўрнатган.

Европа етакчилари Чехия халқи билан бирдам эканини билдирди

Европа етакчилари ҳужум юзасидан Чехия билан бирдамлик билдирди. Германия канцлери Олаф Шолц «Прагадан келган даҳшатли хабардан қаттиқ ҳайратда қолганини» айтди.

«Прага марказидаги ҳужум Европанинг қоқ марказига зарба берди. Биз қайғурамиз», деб ёзди Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок X ижтимоий тармоғида.

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен «жабрланганларнинг қариндошлари ва бутун Чехия халқига чуқур ҳамдардлик билдирди».

Нидерландия бош вазири Марк Рютте Прагадаги отишмани «даҳшатли янгилик» деб атади ҳамда қурбонларнинг яқинлари ва жабрланганларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Франция президенти Эммануэл Макрон «қурбонлар, жабрланганлар ва уларнинг яқинлари, шунингдек, бутун Чехия халқи ва расмийлари билан бирдам» эканини билдирди.

Италия бош вазири Жоржа Мелони «Прагадаги отишмада ҳалок бўлганларнинг яқинларига самимий ҳамдардлик билдирди». «Биз зўравонлик, фанатизм ва терроризмнинг барча шаклларини қатъий қоралашимизни таъкидлаймиз. Европа жавоб қайтариши ва фуқароларнинг максимал хавфсизлигини таъминлаш учун барча воситаларни кучайтириши керак», деб ёзди у.

Венгрия бош вазири Виктор Орбан Чехия пойтахтидаги университетда отишмадан «шокка тушиб қолганини» айтди ҳамда «ўй-хаёллари қурбонларнинг оилалари билан» эканини билдирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид