Жаҳон | 11:06 / 23.12.2023
23040
16 дақиқада ўқилади

Советлар нега Қозоғистонда «Немис автономияси»ни ташкил этмоқчи бўлганди?

1970-йиллар охирида СССР раҳбарлари Қозоғистонда «Немис автономияси»ни тузишни хоҳлаб қолишади. Режага кўра бу автономияга Қозоғистон шимолида 200 минг аҳоли яшаб турган 46 минг километр квадрат ҳудуд берилиши керак эди. Бу иш Қозоғистонда аҳолининг кескин норозилигига учрайди ва бир нечта шаҳарларда намойишлар бўлиб ўтади. Натижада Москва «Немис автономияси» режасини бекор қилишга мажбур бўлади.

Фотоколлаж: Kun.uz

СССРда иттифоқдош республикалардан ташқари жуда кўп автоном республика ва вилоятлар бор эди. Масалан, Ўзбекистонда Қорақалпоғистон автоном республикаси, Тожикистонда Тоғли-Бадахшон автоном вилояти, Гуржистонда Абхазия, Аджария автоном республикалари ва Жанубий Осетия автоном вилояти, Озарбойжонда Тоғли Қорабоғ ҳамда Нахичевон автоном вилоятлари бор эди.

Ўша пайтда автоном ҳудудларнинг энг кўпи Россия таркибида эди. Жумладан, СССРдаги 20 та автоном республикадан 16 таси Россияда эди. Бундан ташқари, бу республикада кўплаб автоном вилоятлар бўлган.

СССР тарихида автоном республикалар ва вилоятлар таркиби тез-тез ўзгариб турган. Авваллари қайсидир ҳудуд автоном вилоят бўлса, кейинчалик у автоном республикага, ўз навбатида автоном республика иттифоқдош республикага айлантирилган. Ёки тескариси бўлган.

Масалан, Тожикистон аввалига автоном республика сифатида Ўзбекистон таркибида бўлган. 1929 йилда Москва Тожикистонни иттифоқдош республикага айлантирган.

Абхазия билан тескариси бўлган. 1921 йилдан 1931 йилгача иттифоқдош республика бўлган Абхазия Сталиннинг буйруғи билан автоном республика даражасига туширилиб, Гуржистон таркибига тиқилган.

Қўшни Қирғизистон СССР тузилган йилларда Қора-Қирғизистон автоном округи бўлган. Кейинчалик у аввалига автоном республикага, сўнг иттифоқдош республикага айлантирилган.

Турли рангларда СССР давридаги автоном ҳудудлар кўрсатилган

Қозоғистондаги вазият

Қозоғистон ҳудуди жуда катта ва кўп миллатли республика ҳисобланади. Совет даврида бу ерда бошқа ҳудудлардан кўчиб келганлар билан бирга, тубжой миллатлар ҳам бор эди.

Масалан, Қозоғистон шимолида 18-аср охирроқларидан бошлаб Россиядан кўчиб келиб ўрнашган руслар, мамлакат жанубида тубжой ўзбеклар, шарқда уйғурлар, дунганлар, қирғизлар яшарди.

СССР энди тузилган пайтларда Қозоғистон ҳудудида қирғизлар автономияси бор эди. 1936 йилда Қирғизистон иттифоқдош республикага айлантирилади ва шу тариқа Қозоғистонда автоном ҳудудлар қолмайди.

Аммо 1970-йилларга келиб Кремлдагиларнинг фикри ўзгара бошлайди ва улар Қозоғистонда «Немис автономияси» ташкил этишни режалаштиради.

Аслида Чор империяси давридан бошлаб Россия ҳудудида яшаб келаётган немисларнинг Волгабўйи ҳудудида ўз автономияси бор эди. 1923 йилда ташкил этилган Волгабўйи немислари совет социалистик автоном республикаси 1941 йил 28 августгача яшаган.

1941 йил 22 июнда Ҳитлер бошчилигидаги Германия СССРга ҳужум қилгач бу маъмурий бирлик тугатилади. Яқин иттифоқчиларининг хоинона ҳужумидан ғазабланган советлар Волгабўйи немис автоном республикасини тугатиш билан кифояланмайди, у ерда яшаб келаётган немисларни ҳам қатағон қилишади.

Уларнинг бир қисми ўлдириб юборилади. Қолганлари Қозоғистон шимолидаги «гадойтопмас» жойларга сургун қилинади. Бундан ташқари, урушда асир тушган немисларнинг ҳам асосий қисми Қозоғистондаги лагерларга жўнатилади. Шу тариқа Қозоғистонда немис аҳоли сони кескин ошади.

Маълумотларга кўра, немислар Қозоғистон ҳудудига илк бор 18-асрнинг охирроқларида кўчиб келишган. 1897 йилда ҳозирги Қозоғистон ҳудудида бор-йўғи 2 600 нафар немис яшаган.

1939 йилда улар 92 минг бўлган. Волгабўйидаги немислар ёппасига Қозоғистонга сургун қилингач, уларнинг сони ярим миллиондан ошади.

Ўша пайтда Қозоғистон шимолидаги Келлеровка, Петерфелд, Мариенбург ва Пруггерово каби аҳоли масканларида тўлиқ немислар яшарди. Бундан ташқари, Акмолинск (бугунги Остона, бир пайтлар Целиноград деб ҳам аталган) шаҳар аҳолисининг бир қисми немислар эди.

Немислар Волгабўйидан қувилгандан сўнг улар Қозоғистон шимолига жойлаштирилади.

Сталин вафотидан сўнг, 1955 йилда қувғин қилинган жуда кўп миллатларга қўйилган чекловлар олиб ташланади. Бироқ Қозоғистондаги немисларга Волгабўйига қайтишга рухсат берилмайди.

1964 йил декабрда СССР Олий совети томонидан шу органнинг ўзи 1941 йил 28 август куни қабул қилган «Волгабўйи немисларини кўчириш ҳақида»ги қарори бекор қилинади. Лекин немисларнинг СССРнинг бошқа ҳудудларига кўчиб боришига қўйилган чеклов ўз кучида қолади.

1972 йил 3 ноябрда СССР Олий совети президиумининг қарори билан Қозоғистонда яшаб келаётган немисларга қўйилган кўчиб юришга бўлган чеклов бекор қилинади.

Шундан сўнг Қозоғистонга сургун қилинган немислар Волгабўйига қайтмоқчи бўлишади. Бироқ орада ўтган 20 йилдан ошиқ вақт мобайнида уларнинг уй-жойлари бошқалар томонидан эгаллаб олинганди. Шу учун немисларнинг аксарияти Қозоғистонда яшашда давом этади.

Сталин даврида ўз ватанидан қувғин қилинган миллатларнинг аксарияти Ўрта Осиёга жойлаштирилган. Ҳатто Узоқ Шарқда яшовчи корейслар ҳам.

Қозоғистонда «Немис автономияси»

Расмий маълумотларга кўра, 1970-йилларнинг иккинчи ярмида СССРда 2 млн атрофида немис бўлган ва уларнинг қарийб ярми, 940 минг нафари Қозоғистонда яшаган. Ўша пайтда улар республика аҳолисининг 6,6 фоизини ташкил этган.

1978 йилда Қозоғистон шимолида немислар учун маъмурий бирлик тузиш мақсадида комиссия ташкил этилади. Унинг таркибида КГБ раҳбари Юрий Андропов, СССР ички ишлар вазири Николай Шчелоков, СССР бош прокурори Роман Руденко, КПСС марказий қўмитаси котиби Михаил Зимянин, СССР олий совети президиуми котиби Михаил Георгадзе ва бошқалар бор эди.

Комиссия аъзолари Волгабўйида немис миллатига мансуб аҳоли қолмагани учун «Немис автономияси»ни Қозоғистонда тузилиши керак деган қарорга келади.

Немислар учун алоҳида маъмурий бирлик тузишдан бир нечта мақсад кўзланган:

·       Қозоғистон шимолида яшаётган немисларни реабилитация қилиш ва уларни совет жамиятига тўлақонли қўшиш;

·       Ўша пайтларда СССРда яшаётган немислар орасида ГФР ва ГДРга доимий кўчиб кетиш учун рухсат сўраш кўпайганди. «Немис автономияси»ни тузиб, бу ишнинг олдини олиш;

·       Москвадан ўзларига маъмурий бирлик тузиб беришни сўраган совет немисларининг талабини қондириш;

Шунингдек, СССРда немислар учун автоном маъмурий бирлик тузиб беришни ГДР ва ГФР раҳбарлари илтимос қилган деган гап ҳам тарқалган. Бироқ бу тасдиқланмаган ва ҳақиқатдан йироқ.

Чунки ГДР ва ГФР ўртасидаги алоқалар унча яхши бўлмаган ва улар биргаликда СССР раҳбаридан ниманидир илтимос қилиши ақлга сиғмасди.

Советлар «Немис автономияси»ни Қозоғистон шимолида, аҳоли таркибида немислар кўпроқ бўлган ҳудудда ташкил этиш мақсадга мувофиқ деб топади.

Автономия учун Оқмала вилоятида жойлашган Ерментоу шаҳарчаси пойтахт сифатида танланади. Автономияга ҳозирги Қозоғистон пойтахти жойлашган Целиноград, яна Қарағанда ва Кўкчатов вилоятларидан 46 минг километр квадрат ҳудуд берилиши мўлжалланади.

Комиссия томонидан автономияга раҳбар ҳам танлаб қўйилганди. Целиноград вилоятида жойлашган Қизил байроқ тумани райкоми, немис миллатига мансуб Андрей Браун янги маъмурий бирлик раҳбари бўлиши керак эди.

Немислар учун ташкил этилаётган маъмурий бирлик автоном вилоят эмас, балки Немис совет социалистик автоном республикаси кўринишида бўлиши режалаштирилганди.

Қозоғистон шимолида ташкил этиладиган Немис автономиясининг чегараси қизил-қора чизиқда кўрсатилган

«Немис автономияси»га қарши намойишлар

Москва Қозоғистон шимолида «Немис автономияси»ни тузишни режа қилар экан, қарор қабул қилишда маҳаллий халқлар ва республика раҳбарияти билан маслаҳатлашиб ўтирмайди.

Ўз навбатида Қозоғистон раҳбарияти ҳам бу ишга қаршилик қила олмасди. Бироқ ўртада ўз ерини севувчи қозоқ халқи бор эди ва уларни кўндириб бўлмасди.

1979 йил 31 май куни КПСС марказий қўмитаси сиёсий бюросининг ««Немис автономияси»ни ташкил этиш ҳақида»ги қарори қабул қилинади. Қозоқлар бу ишга дарҳол қарши чиқишади.

Айниқса «Немис автономияси» таркибига киритилаётган ҳудудларда яшовчи қозоқлар қаттиқ норози бўлишади. Қолаверса, республика раҳбари Динмуҳаммад Қўнаев ҳам Москванинг бу режасига қарши эди.

Бироқ у буни Кремлдагиларга айта олмасди. Шу сабабли Қўнаев «Немис автономияси»га қарши чиқаётганларни зимдан қўллайди.

Қозоғистонда «Немис автономияси» тузилишига немисларнинг ўзи ҳам рози эмасди. Улар Волгабўйига қайтиш умидида эди. Қолаверса, бир пайтлар ўзларига бошпана берган қозоқ халқи билан зиддиятларга боришни хоҳлашмасди.

Қозоғистонлик немис ёзувчиси ва таржимон Геролд Белгер ўша кунларни шундай эслайди:

Қозоғистонда «Немис автономияси»ни ташкил этиш ҳақидаги қарор чиққан кунларни яхши эслайман. Бу ташаббус немислардан чиқмаганди. Ҳатто Қозоғистонда яшаб турган кўплаб немислар бу ишга қарши эди. Улар Немис автоном республикаси Волгабўйида, эски ўрнида ташкил этилишини хоҳлашарди. Қозоқлар «Немис автономияси»га қарши намойишга чиққанда кўплаб немис зиёлилари уларни қўллаганмиз. Нега? Чунки советлар Волгабўйидан бизни қувишганда ва немис халқи бошига оғир синовлар тушганда қозоқ халқи бизни илиқлик билан кутиб олган. Қозоқларнинг ерига даъво қилиш ва у ерда «Немис автономияси»ни ташкил этиш ўша пайтда қозоқ халқига нисбатан нонкўрлик бўларди».

Қозоқ ёшлари «Биз автономияга қаршимиз» деб ёзилган плакат билан
Фото: dzen.ru

Гарчи Қозоғистон компартияси раҳбарлари Москванинг бу қарорига индай олмаган бўлса ҳам, республикадаги таниқли олимлар, адиблар ва бошқалар унинг нотўғри бўлганини айтиб чиқишади.

Шунингдек, республика аҳолисининг автономияга қарши норозилиги ошиб кетади. Айниқса автономия таркибига киритилаётган Целиноград, Қарағанда ва Кўкчатовда вазият таҳликали эди.

1979 йил 16 июн куни эрталаб Целиноград шаҳридаги Ленин майдонига одамлар йиғила бошлайди. «Немис автономияси»га қарши норозилик намойиши бошланади.

Турли манбаларда намойишга чиққан одамлар сони 5 000 нафар бўлгани айтилади. Намойишчиларнинг аксарияти қозоқ зиёлилари, ўқитувчилар ва талабалар бўлган.

Намойиш бўлаётган жойга дарҳол КГБ ва милиция бўлинмалари ҳамда вилоят раҳбарлари етиб келишади. Намойишчилар уларга Москва «Немис автономияси» ҳақидаги қарорни бекор қилмагунча кўчага чиқаверишларини айтади.

Бундан ташқари улар 19 июн куни яна намойишга чиқишларини, масала ижобий ҳал қилинмаса 21 июн куни ҳам тунда машъаллар ёқиб шаҳар марказида қолишларини маълум қилади.

Намойишчиларнинг қўлида ««Немис автономияси»га йўқ», Қозоғистон яхлит ва бўлинмас», «Қозоғистоннинг бир парчасини ҳам бермаймиз», «Немислар йўқолсин», деб ёзилган плакатлар бор эди. Кечга бориб одамлар тарқалади.

Ўша куни тунда намойишларда қатнашган талабаларнинг ётоқхонасига, ўқитувчи ва бошқа касбдаги одамларнинг уйига КГБ ходимлари боради. Улар талабаларни ўқишдан, ўқитувчиларни эса ишдан ҳайдатиш билан қўрқитади. Узоқ йилларга қаматиб юборишларини айтиб, таҳдид қилишади.

Намойишчилар Целиноград (ҳозирги Остона) шаҳрида вилоят администрацияси биноси олдида
Фото: dzen.ru

Ўша пайтда талаба бўлган таниқли ёзувчи Қанат Тасибеков КГБ ходимлари томонидан қилинган таҳдидларни шундай эслайди:

«Ўшанда икки нафар курсдошимиз намойишларга чиққанди. Ярим кечада қора Волгада КГБ ходимлари келди ва уларни бўш хоналардан бирига олиб кириб сўроқ қилди. Ходимлар курсдошларимизга бақириб, дўқ урди, ўқишдан ҳайдатиш ва қамаб юборишларини айтиб таҳдид қилди. Улар «агар 19 июн куни ўтказиладиган намойишга чиқадиган бўлсанглар, ҳаётларингни барбод қиламиз», дейишди. Бироқ курсдошларимиз яна намойишга чиқишларини айтишди. Чорасиз қолган КГБ ходимлари индамай кетди. Ўшанда агар курсдошларимизга нимадир қилишса, уларни ҳимоя қилиш учун биз тайёр тургандик».

Кейинчалик, КГБ ходимлари намойишга чиққан талабаларни ўқишдан ҳайдаш учун институтлар раҳбарларига буйруқ бергани, бироқ улар кўнмагани маълум бўлади.

Динмуҳаммад Қўнаев ва бошқа раҳбарлар «Немис автономияси»га қарши бўлгани учун милиция йирик шаҳарларда одамларни намойишларга чиқишга чақирадиган варақалар тарқатилишига қаршилик кўрсатмайди.

Варақаларда Қозоғистонда 100 дан ошиқ миллатлар тинч-тотув яшаётгани ва ҳеч бир миллат учун автоном маъмурий бирлик ташкил этишга ҳожат йўқлиги ҳам ёзилган эди.

Намойишлар бошлангач Қозоғистон раҳбарияти Москвага республика аҳолиси «Немис автономияси» ташкил этилишига қарши чиқаётганини ва бу ҳақдаги қарорни қайта кўриб чиқиш кераклигини ёзиб юборади.

Қўнаев имзо қўйган мурожаатда агар Қозоғистонда немислар учун алоҳида бирлик ташкил этилса, кейин республиканинг тубжой аҳолиси ҳисобланган кўп сонли ўзбеклар, уйғурлар ҳамда руслар ҳам автономия талаб қилиши эҳтимоли борлиги ва бу миллатлараро низога айланиб кетиши мумкинлиги ёзилган эди.

Шундан сўнг Москвада Қозоғистон ҳудудида немислар учун алоҳида маъмурий бирлик ташкил этиш ҳақидаги қарор қайта кўриб чиқилади. Йиғилишда қатнашганларнинг айримлари халқни куч ишлатиб тийиб қўйиш кераклигини айтади.

Намойишчилар турли шиорлар билан

Фото: yaplakal.com

Бошқалари эса Қўнаевнинг Қозоғистондаги бошқа халқлар ҳам автономия талаб қилади деган хавотири ўринли эканини айтиб, «Немис автономияси»  ҳақидаги қарорни бекор қилиш керак, дейди.

Москвада муҳокама жараёни кетаётганда Целиноград, Қарағанда ва Кўкчатовдан бошқа шаҳарларда ҳам одамлар намойишга чиқа бошлайди. Барча жойда милиция тартиб сақлайди, бироқ намойишчиларни тарқатишга уринмайди.

Охир-оқибат Қозоғистондан таҳликали хабарлар келиб турган пайтда Москвада «Немис автономияси» ҳақидаги қарор бекор қилинади.

СССРда намойишга чиққанларни ва уларни қўллаганларни аямасдан жазолаб келган Москва Қозоғистондаги тартибсизликлар учун ҳеч кимни жазолашга журъат қила олмайди.

Кейинчалик, Динмуҳаммад Қўнаев ўз эсталикларида Қозоғистонда «Немис автономияси» тузишнинг бош ташаббускори КГБ бошлиғи Юрий Андропов бўлганини ёзган.

Унинг айтишича, Андропов шу йўл билан Қозоғистонни кучсизлантириб, кейинчалик «Немис автономияси»ни РСФСР таркибига ўтказишни режа қилган. Қозоқ халқининг кучли иродаси билан Андроповнинг бу режаси амалга ошмаган.

Динмуҳаммад Қўнаев

Фото: kaz.tengrinews.kz

Немисларнинг кейинги тақдири

«Немис автономияси» амалга ошмаганига қарамасдан немислар Қозоғистонда яшашда давом этади. Бироқ СССР парчаланиб кетганидан сўнг вазият ўзгаради.

Мустақилликнинг илк йилларида бошқа республикалар каби Қозоғистонда ҳам вазият оғир, завод ва фабрикалар ўз фаолиятини тўхтатган, одамлар ишсиз эди.

Ана шу кезларда бу давлатда яшаётган немислар ёппасига Германияга ва Россияга кўчиб кета бошлашади (Бу пайтга келиб ГФР ва ГДР бирлашган эди).

Расмий маълумотларга кўра, 1989 йилда Қозоғистонда 957 минг немис яшаган. 1999 йилга келиб уларнинг сони уч баробарга камайган ва 353 минг нафар қолган.

Ҳозир ҳам Қозоғистонда қарийб 250 минг нафар немислар яшамоқда.
Фото: dzen.ru

2022 йилги маълумотларга кўра, Қозоғистонда қарийб 230 минг немис яшамоқда.

СССР парчалангандан сўнг кўплаб немисларнинг Қозоғистонни тарк этганини Қанат Тасибеков республика учун жуда катта йўқотиш бўлган деб ҳисоблайди.

«Қозоғистон мустақилликка эришгандан сўнг немисларнинг республикадан ёппасига кўчиб кетгани катта йўқотиш бўлган деб такрорлаб келаман. Тасаввур қилинг, бир неча йил ичида энг тартибли, меҳнатсевар, билимли ва виждонли бўлган юқори малакага эга 800 минг одам Қозоғистондан чиқиб кетди. Бир нарсани унутмаслик керак, немислар қозоқларнинг урф-одатларини ҳурмат қиларди, кўплари қозоқ тилини биларди. Қозоғистон кўчиб кетган немислар мисолида энг яхши одамларни йўқотди».

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид