Ўзбекистон | 19:35 / 25.12.2023
9363
3 дақиқада ўқилади

“Қизимни узатиб қутулай деган ниятда бўлиш керак эмас” — Танзила Норбоева эрта унаштирувлар ҳақида

Сенат раиси Танзила Норбоева Kun.uz мухбирининг саволига жавобан Қашқадарёда мактаб қизларининг унаштируви билан боғлиқ ҳолатларга муносабат билдириб, бу урф-одат масаласи эканини, уни жавобгарликка тортиш эмас, ота-оналар билан ишлаш орқали тартибга солиш керак, деб ҳисоблашини айтди.

Қашқадарё вилоятида мактаб ёшидаги қизлар унаштириб қўйилаётгани муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Ўзбекистонда Оила кодексида никоҳ ёши белгиланган, бу билан боғлиқ вазиятда қонунбузилиши кузатилса, Жиноят кодексига асосан жавобгарлик бор. Аммо эрта унаштирувларга нисбатан қонунчиликда ҳеч қандай чора мавжуд эмас.

25 декабр куни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ёшлар билан ўтган учрашувидан сўнг, Kun.uz мухбирининг шу ҳақдаги саволига жавоб берди.

Норбоеванинг фикрича, унаштирувга ҳуқуқий жараён сифатида эмас, миллий урф-одат сифатида ёндашиш керак

“Буни одамларимизнинг тушунчасига боғлаш керак. Қачонки, одамлар ўз фарзандларига билим бериб, касб-корли қилиб, ҳаётга тайёр бўлган кейингина оилали қилишни мақсад қилиб қўйса, масала ўз-ўзидан ҳал бўлади.

Бизнинг қонунчилигимизда бу бўйича ҳеч қандай муаммо йўқ. Гап қонунга амал қилмасликда. Масъулият эса биринчи навбатда ота-онада бўлиши керак, қўйингки, мана маҳалла фаолларида ҳам. Чунки ота-онада қандайдир сабабга кўра, “қизларимни тезроқ узатиб юборай, тезроқ қутулай”, деган нотўғри фикр бор. Ҳеч қачон ҳеч қайси ота-онада фарзанддан тезроқ қутилай деган фикр бўлмаслиги керак. Мен ўйлайманки, ҳар бир ота-она фарзандини туғиб, вояга етказиб, кейинчалик катта бўлиб, ҳар хил жараёнларда бўлади, мана шуларни кўриб, хурсанд бўлиб юрайлик деган ниятда бўлиши керак. Ҳеч қайси ота-она “қиз болани узатиб юбориб, қутулай” деган ниятда бўлиши керак эмас.

Шунинг учун бу отаси ёки онаси бўладими, яхши тилак тилаши керак. Шунинг учун [қонунлардаги чекловлар] унаштирувга боғлиқ эмас”, – дейди Норбоева.

У ФҲДЁ органларидан расмий никоҳдан ўтгандан кейингина шаръий никоҳ ўқилиши лозимлиги, акс ҳолатда диний соҳа вакиллари жавобгарликка тортилишини эслатди.

Маълумот учун, болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонов 22-23 декабр кунлари эрта никоҳлар ва мактаб ёшидаги қизларга нисбатан унаштирув маросимлари ўтказилиши каби салбий ҳолатлар юзасидан Қашқадарё вилоятининг Кўкдала, Касби ва Косон туманида ўрганишлар ўтказди.

Фарзандларини эрта турмушга бермоқчи бўлган ота-оналар суҳбатга чақирилиб, эрта никоҳнинг салбий оқибатлари тушунтирилган. Бундай ҳолатга йўл қўйган ота-оналар маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги эслатилган. Вилоятнинг Косон туманида 17 ёшли қизнинг белгиланган тўйи ва у билан боғлиқ барча маросимлар тўхтатилган.

Мавзуга оид