Жаҳон | 22:02 / 26.12.2023
15744
9 дақиқада ўқилади

Нетаняҳунинг ултиматуми, десант кемасидан айрилган Россия ва дараги чиққан Навалний — кун дайжести

Сўнгги бир кунда жаҳонда содир бўлган воқеа-ҳодисалар, янгиликларнинг кундалик шарҳи билан одатдагидек кун дайжестида таништирамиз. 

Ғазодаги вазият

Ғазода вазият ҳамон оғирлигича қолмоқда. The Washington Post нашри сунъий йўлдош орқали туширилган суратларга асосланиб, Исроил Ғазода юқори вайронгарчиликлар келтириб чиқараётган усулда жанг олиб бораётгани, яқин бир аср ичида бунақаси кузатилмаганини таъкидлаган.

7 ҳафтадан буён Ғазо секторида босқинни амалга ошираётган Исроил Суриянинг Ҳалаб шаҳрида уч йиллик жанглар ичида вайрон қилинган бинолардан икки баробар кўпроқ биноларни ер билан битта қилган.

Исроил босқини туфайли Ғазо секторида ҳалок бўлган инсонлар сони 20 минг 674 кишига етди. Уларнинг катта қисмини тинч аҳоли вакиллари, асосан болалар ва аёллар ташкил этади.

Ғазо соғлиқни сақлаш вазири спикери Ашраф ал-Қудратнинг айтишича, сўнгги 24 соат ичида Исроил армияси 250 нафар фаластинликни ўлдирган ва 500 дан зиёд инсонни яралаган. 7 октябр кунидан буён ярадорлар сони 55 мингдан ортмоқда. 

Исроилдаги ҳолат

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Wall Street Journal нашрига берган интервюсида Фаластин билан тинчликка эришишнинг асосий уч шартини санаб ўтди.

Нетаняҳуга кўра, аввало ҲАМАС тўлиқ йўқ қилиниши керак. Иккинчидан, Ғазо сектори тўлиқ қуролсизлантирилиши лозим. Ниҳоят, Фаластин жамияти радикаллашувдан халос бўлиши керак.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг айтишича, Ғазодаги уруш унинг мамлакатига «жуда қимматга тушмоқда». Нетаняҳу Исроил «охиригача тўлиқ куч билан» давом этишини таъкидлаб, «уруш узоқ давом этади», деган.

7 октябрдан буён АҚШ Исроилга қурол-яроғ ва ўқ-дори ортилган 7 та кема, 230 та самолёт жўнатгани маълум бўлди. Исроилнинг «Едиот Ахронот» газетасига кўра, бу қурол-яроғлар асосан артиллерия снарядлари, зирҳли техникалар ва ҳарбийлар учун базавий аслаҳалардан иборат.

Ғазодаги қаршилик кучлари Исроилнинг Ашкелон шаҳрига тунда ракета учирган ва Исроилнинг 130 дан ортиқ аҳоли пунктлари электр энергиясидан узилиб қолган. 

Украина янгиликлари

Бир ҳафта ичида Украина Қуролли кучлари Россия армиясининг 5 та ҳарбий самолётини уриб туширди, дея иддао қилган 25 декабр, душанба куни Украина президенти Володимир Зеленский.

«Уруш пайтида Рождество оқшоми. Бизнинг аскарлар нафақат 30 га яқин «Shahed»лар ва бир нечта ракетани, балки Россиянинг иккита Су самолётини ҳам уриб туширди», — деб ёзган Зеленский ўз Telegram-каналида.

Украина ҳарбийлари Россиянинг иккита жанговар қирувчи самолёти — Донецк области узра Су-34 ва Қора денгиз узра Су-30СМ йўқ қилинганини эълон қилишган. 22 декабр куни Украина Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондони Микола Олешчук жанубий йўналишда Россиянинг учта Су-34 самолёти уриб туширилганини маълум қилган эди.

Украина Россиянинг «Новочеркасск» десант кемаси чўктириб юборилганини маълум қилди

Микола Олешчук 26 декабр куни Россия Қора денгиз флотининг «Новочеркасск» йирик десант кемаси Қримнинг Феодосия шаҳрида чўктириб юборилганини маълум қилди. Қримнинг Россиядан тайинланган раҳбари Сергей Аксёнов портдаги портлашни тасдиқлади.

Қримдаги Феодосия портида кучли портлаш ва ёнғин содир бўлгани акс этган видео турли пабликларда тарқалган. Тахминларга кўра, «Новочеркасск» десант кемасидан Эроннинг «Shahed» дронларини ташишда фойдаланилган.

Киев Жаҳон банкидан «Украинада барқарор бошқарув учун давлат харажатларини қўллаб-қувватлаш» дастури доирасида 1,34 миллиард доллар олган.

Украина Молия вазирлиги баёнотида айтилишича, молиялаштириш Жаҳон банкининг 1,086 миллиард долларлик кредити, 190 миллион доллар Норвегия гранти, АҚШдан 50 миллион доллар ва Швейцариядан 20 миллион доллардан иборат ёрдам асосида шакллантирилган.

Вазирлик ушбу маблағлар Украина давлат бюджетининг хавфсизлик ва мудофаа билан боғлиқ бўлмаган харажатларини қисман қоплашга йўналтирилишини маълум қилди. 

Сербиядаги ғалаён

Сербия пойтахти Белградда сўнгги мухолифат тарафдорларининг намойишлари саккизинчи кундан бери давом этмоқда, камида 38 киши қўлга олинган.

Белград шаҳрида «Сербия зулмга қарши» мухолифат коалициясини қўлловчи талабаларнинг «Кураш» ташкилотига аъзо бир неча юз одам марказий сайлов комиссиясига элтувчи йўлни беркитиб қўйган.

Шунингдек, мухолифат сиёсий коалициясининг тарафдорлари Сербия ҳукумати бинолари ва хорижий элчихоналар жойлашган Кнез Милош марказий кўчасини тўсиб қўйишган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, полиция билан тўқнашувлар бўлмаган, талабалар йўлда футбол ва волейбол ўйнашган.

Намойишчилар давлат бошқаруви вазирлигидан 17 декабр куни бўлиб ўтган парламент сайловларида қонун бузилишига йўл қўйилган-қўйилмаганини аниқлаш учун сайлов рўйхатларини қайта текширишни талаб қилишган. 

ЕОИИ йиғилиши

Россиянинг Санкт Петербург шаҳрида МДҲга аъо давлатлар самиити олдидан Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъо давлатлар раҳбарларининг йиғилиши бўлиб ўтди. Россия, Беларус, Арманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо бўлган бу иқтисодий иттифоқ Эрон билан эркин савдо келишув ҳақида ҳужжат имзолашди.

Шунингдек, Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар етакчилари иттифоқни 2045-йилгача ривожлантириш тўғрисида декларацияни тасдиқлашди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Россия ташаббуси билан тузилган ушбу иттифоқнинг аъзоси ҳисобланмайди. Кузатувчи мақомида йиғилишларида иштирок этиб келади. 

Россияга қарши чоралар

Жанубий Корея 682 турдаги товарларни Россияга етказиб беришни тақиқламоқда. Ушбу тақиқ 2024 йил бошидан кучга киради. Шу тариқа Россияга экспорт қилиниши тақиқланган товарлар тури 1159 тага етди. Бу тақиқлар Беларус учун ҳам амал қилади.

Россия Федерацияси Марказий банки Элвира Набиуллина раҳбари мамлакат молия секторига энг оғир таъсир қилган Ғарб санкцияларини санаб ўтди.

Россиянинг SWIFT халқаро тўлов тизимидан узилиши Россия молия сектори учун ҳалигача ҳал этилмаган муаммо бўлиб қолмоқда, деган у. Гарчи бу таҳдид 2014 йилдан бери мавжуд бўлиб, Россия Федерацияси унга қарши миллий тўлов инфратузилмасини қурган бўлса-да, муаммо айнан трансчегаравий ўтказмаларнинг мумкин эмаслигида бўлди.

Набиуллинага кўра, Россия Марказий банкининг хориждаги захираларини музлатиш «барча марказий банклар учун жуда салбий сигналга айланди, чунки бу захира хавфсизлигининг асосий тамойилларини бузишдир». 

Россиянинг кичик муваффақияти

Россия қўшинлари Донецк шаҳри яқинидаги Марйинка шаҳарчасини эгаллашган. Бу ҳақда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу президент Владимир Путинга ҳисобот берган.

Марйинканинг эгалланиши Донецкни Украина қуролли кучлари ўқ ёмғирларидан самаралироқ ҳимоя қилиш имконини беради, деган Шойгу.

Путин эса Марйинка эгалланиши билан Украинанинг жангвар бўлинмалари Донецкдан узоқлаштирилишини таъкидлаган ва шаҳарчани эгаллашда жонбозлик кўрсатган ҳарбийларни давлат мукофотларига тавсия этишни сўраган.

Украина Марйинкани 2014 йилдан бери ҳимоя қилиб келади. Урушгача 10 минг аҳоли яшаган шаҳарчада ҳозир бирорта инсон, бирорта соғ бино қолмаган. Шаҳарча тўлиқ ер билан яксон қилинган. 

Навалний топилди

Россиялик мухолифатчи, сиёсий маҳбус Алексий Навалнийни 20 кундан бери қидираётган ҳаммасликлари уни Ямал-Ненец автоном округида жойлашган Харп посёлкасидаги 3-жазони ўташ колониясидан топишган. Навалнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш «унда ҳаммаси жойида» эканини маълум қилган.

Харп посёлкаси Уралнинг қутб чизиғидан юқори қисмида, Салехард шаҳридан 35 км нарида жойлашган.

«Бу колонияга амалда етиб боришнинг имкони йўқ, у ерга ҳаттоки хат ҳам жўнатиб бўлмайди. Бу дунёдан изоляция қилишнинг максимал имконли даражаси — ҳаммаси шунинг учун қилинган», — деб ёзган Навалнийнинг ҳаммаслаги Леонид Волков. 

Қирғизистон байроғи расман ўзгарди

Қирғизистон расман байроғини алмаштирди. Президент Садир жапаров томонидан имзоланган қонун «Эркин Тоо» газетасида эълон қилинди. Бу энди Қирғизистоннинг байроғи ушбу суратда кўрсатилганига алмашганини билдиради.

Қирғизистон байроғида кичик ўзгаришлар амалга оширилди. Байроқнинг қизил ранги ўзгармаган. Ундаги қуёш тасвирининг тўлқинсимон нурлари тик нурларга алмаштирилган. Ўтовнинг томидаги тундук тасвиридаги хивичлар сони эса 3 тадан 4 тага кўпайтирилган.

Аввалроқ Садир Жапаров Қирғизистонда янги байроқлар осила бошлагач, байроққа эҳтиёт бўлиб муносабатда бўлиш талаби эски байроқларга ҳам тегишли бўлиб қолаверишини таъкидлаган эди.

Мавзуга оид