Ўзбекистон | 10:16 / 26.12.2023
7946
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда камералар автобус йўлакларида тўхтаган машиналарга бир кунда 175 та жарима қўллади

24 декабр куни Тошкентнинг Амир Темур ва Алишер Навоий кўчаларида ўрнатилган 5 та камера белгиланган махсус А йўлакларида тўхтаган 175 нафар ҳайдовчига жарима солди.

Фото: Тошшаҳартрансхизмат

Тошкентда камералар автобус йўлакларида тўхтаган машиналарга бир кунда 175 та жарима қўллади. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» маълумотида айтилган.

Жорий йилнинг октябр-ноябр ойларида Ички ишлар вазирлиги «Хавфсиз шаҳар» маркази, Тошкент шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, Идоралараро тезкор штаби ҳамда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ мутахассислари билан ҳамкорликда, Тошкент шаҳридаги тирбандлик юқори бўлган кўчалар, автобуслар ҳаракати учун ажратилган махсус А йўлакларга тўхташ ва тўхтаб туриш қоидабузарликларини аниқловчи интеллектуал видеокузатув камераларидан 30 таси объектларда ўрнатилган.

Ҳозирда мазкур 30 та интеллектуал видеокузатув камераларининг Амир Темур ва Алишер Навоий кўчаларига ўрнатилганларидан 5 таси тўлиқ ишга туширилди.

2023 йил 24 декабр куни мазкур кўчаларда тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузган 175 та транспорт воситалари ҳайдовчиларига нисбатан, белгиланган тартибда МЖтКнинг 128-6-моддасига асосан БҲМнинг икки баробари - 680 000 сўм миқдорида жарима белгиланди.

Маълумот учун, йўл ҳаракати қоидаларига кўра, ажратилган йўлакка фақат ўнгга бурилиш (белгиланган узуқ-узуқ чизиқли жойдан), шунингдек, жамоат транспорти ҳаракатига халақит бермаса, йўловчиларни олиш ва тушириш учун кириш мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид