Ўзбекистон | 15:45 / 26.12.2023
5880
4 дақиқада ўқилади

“Ёшлар билан ишлаш ташкилотларнинг биринчи вазифасига айланиши керак” — Танзила Норбоева

Сенат раиси Танзила Норбоева ёшлар билан ўтган учрашувда ёшлар сиёсати давлат органларининг 2024 йилдаги энг устувор йўналишларидан бири бўлишини айтди. Учрашувда сенаторларга блогерлик фаолиятини лицензиялаш ҳақида савол берилди.

25 декабрь куни Олий Мажлис Сенатида ёшлар билан учрашув ташкил этилди. Унда Сенат раиси Танзила Норбоева, сенаторлар, Ёшлар парламенти аъзолари, ёш депутатлар, турли ОТМ талабалари иштирок этиб, мулоқот қилишди.

Тадбирда айтилишича, Ўзбекистонда 30 ёшгача бўлган ёшлар 19 миллиондан ортиқ бўлиб, жами аҳолининг 55 фоизини ташкил қилади. “Бундай улуш ҳар қандай ривожланаётган давлат учун беқиёс бойлик манбаи ҳисобланади”, – дейди Норбоева.

Сенат раиси тадбирдаги нутқи давомида ёшларга оид давлат сиёсати бўйича қилинаётган ишлар, устувор вазифалар ва қонунчиликдаги янгиликларга, қолаверса, бу каби учрашувлар нима учун аҳамиятли эканига тўхталиб ўтди.

Жуда кўп давралар, учрашувларда қатнашяпсизлар. Бу учрашув нафақат Сенат ёки Қонунчилик палатасининг раислари билан, балки барча ташкилот раҳбарлари, ҳокимлар билан ҳам ўтказилмоқда. Турли-турли даражалардаги учрашувларга боряпсизлар, бундан мақсад битта: Янги Ўзбекистонни барпо қилаётган тузилмалар бор, бу – қонунчилик, ижро ҳокимияти, ННТлар, ОАВлар бўлиши мумкин, шуларнинг ҳаммасида раҳбарлар йўналишма-йўналиш мақсадлари, эришган натижалари ва ёшларни салоҳиятидан қандай фойдаланмоқчи эканлиги тўғрисида ахборот беришидир.

Ўйлайманки, ҳаммангиз мана бундай учрашувлардан сабоқ оляпсиз, ўзларингиз учун хулоса қиляпсиз. Ва албатта, ҳаммангизда ҳам “мен ҳам шуларнинг йўлидан бораман, мен ҳам шуларнинг ўрнини эгаллайман”, деган фикр, иштиёқ пайдо бўлаётган бўлса керак. Биз бундан жуда ҳам хурсандман”, – деди Сенат раиси.

Расмийларнинг маърузаларидан кейин ёшлар билан савол-жавобларга ўтилди. Савол берганлардан бири ижтимоий тармоқлардаги блогерлар фаолиятини қонун билан тартибга солиш, уларни лицензиялаш кераклигини таклиф қилиб, бунга сенаторларнинг муносабати билан қизиқди.

Танзила Норбоева бунга жавобан блогерлик ҳаракатига Ўзбекистонда қизиқиш юқори экани, бу жуда яхши ҳаракат эканини қайд этиб, улар орасида билиб-билмай нотўғри маълумот тарқатаётганлар ҳам борлигини айтди.

Лекин билиб-билмай, тўғри-нотўғри маълумотларни тарқатиб қўйиш, қонунларга нохос бўлган ишларни қилиб қўйиш [ҳолатлари учраяпти]. Ўзини блогер деб эълон қилганлар ҳозирда жиноий жавобгарликка тортилгани ҳам кўриниб турибди. Бу блогерлик фаолиятига хос эмас, бу бошқа ишлари бўйича [жавобгарликка тортиляпти]. Лекин номи блогер бўляпти-да. Шунинг учун жуда тўғри гапларни кўтардингиз. Ўзи бу борада блогерлик фаолиятини тартибга соладиган қонунларда ҳам ўзгартириш бўлиши керак”, – деди Норбоева.

Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Боқиевнинг айтишича, блогерлик фаолияти учун лицензия жорий этилиши сўз эркинлигига тўсқинлик деб баҳоланади. Конституцияда белгиланганидек, ҳар ким ўзи истаган ахборотни олиши ва уни эркин тарқатиши мумкин.

Боқиев ахборотни қандай тарқатиш ва етказиш бўйича Ахборот кодекси 3-таҳрирда кўриб чиқилаётганини қўшимча қилди.

Тадбир якунлангач, Танзила Норбоева бу каби учрашувлар доимий давом этишини билдирди. Унинг айтишича, 2024 йилда энг устувор йўналишдан бири ёшлар ва улар билан ишлаш бўлади, Сенатнинг барча қўмиталари ёшлар мавзусини ўз иш режасига киритади.

Мавзуга оид