Жаҳон | 20:44 / 27.12.2023
12088
3 дақиқада ўқилади

Фаластин президенти урушдан кейинги Ғазони бошқариш бўйича учта шартни таклиф қилди 

Фаластин маъмурияти бирлашган Фаластин давлати сифатида Ғазо, Ғарбий Соҳил ва Қуддус бўйича мажбуриятларини бажаришга тайёр, бироқ олдин Исроил ўз қўшинларини Ғазодан олиб чиқиши керак. 

Фото: Anadolu Agency

Қамалдаги Ғазо секторига ҳужумлар тўлиқ тўхтатилиши, инсонпарварлик ёрдами етказиб берилиши ва ҳудуд аҳолисини ота-боболари еридан қувиб чиқаришга уринишларга барҳам берилиши лозим. Бу ҳақда Фаластин президенти Маҳмуд Аббос маълум қилди. У Ғазо секторини жанговар ҳаракатлар тугаганидан кейин назорат остига олиши учун ушбу шартлар бажарилиши кераклигини таъкидлади. 

Фаластин маъмурияти бирлашган Фаластин давлати сифатида Ғазо, Ғарбий Соҳил ва Қуддус бўйича мажбуриятларини бажаришга тайёр, бироқ олдин Исроил ўз қўшинларини Ғазодан олиб чиқиши керак, деди Фаластин раҳбари. 

Аббоснинг таъкидлашича, Ғазо секторида Фаластин ташкилотлари аллақачон фаолият кўрсатмоқда, у ерда фаластинлик ходимлар ва ёшлар бор ва бу фаолиятнинг тўхтатилиши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. 

Президент сўзларига кўра, Фаластин Ғазодаги аҳоли эҳтиёжлари ва муассасалар фаолияти учун ойига 140 миллион доллар ажратади. 

«Халқаро конференция исталган вақтда ташкил этилиши мумкин. Рамаллоҳ халқаро ҳуқуқни таъминлаш ва Ғазо, Ғарбий Соҳил ва Қуддусни ўз ичига оладиган Фаластин давлатини яратиш билан боғлиқ таклифларни кўриб чиқишга тайёр», деди Маҳмуд Аббос. 

Фаластин президенти Исроилнинг Ғазо секторида Фаластин маъмуриятининг фаолиятига қарши эканига эътибор қаратди. 

«Исроил шу ерда қолиб, Фаластин ҳудудини бўлаклаб ташламоқчи. Аммо дунё буни қабул қилмайди. Назарий жиҳатдан, Қўшма Штатлар ҳам бунга қарши», деди Аббос. 

Аббос Иордания ва Миср воситачилигида Ғазо секторидаги қон тўкилишини тўхтатишга қаратилган саъй-ҳаракатлар давом этаётганини, яқин келажакда БАА ва Қатар каби давлатлар иштирокида йиғилиш ўтказилишини таъкидлади. Улар Ғазодаги жанговар ҳаракатлар тугаганидан кейин ўт очишни тўхтатиш ва «йўл харитаси» мавзусини муҳокама қиладилар. 

«Биз яшашга, мустақилликка лойиқ халқ эканимизни жаҳон ҳамжамияти тушуниши вақти келди. Бизни ишғол остида қолишда давом этишимиз учун ҳеч қандай баҳона йўқ», деб қўшимча қилди Маҳмуд Аббос. 

Қўшма Штатлар Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатлар тугагандан сўнг, Фаластин маъмурияти ҳудуд устидан назоратни ўз қўлига олишини ёқламоқда. Бироқ Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу хавфсизлик учун Тел-Авив жавобгар бўлишини истамоқда.

Мавзуга оид