Ўзбекистон | 18:02 / 27.12.2023
5876
2 дақиқада ўқилади

Кўчмас мулкни сотиш учун мустақил равишда интернетда эълон бериш тақиқланмайди

Давактивга кўра, таклиф этилаётган “Риелторлик тўғрисида”ги қонун мустақил равишда тузиладиган кўчмас мулк битимларига нисбатан татбиқ этилмайди. Бундай талқинни келтириб чиқаргани учун қонун лойиҳасининг 27-моддаси қайта ишланади.

Фото: Kun.uz

Давлат активларини бошқариш агентлиги ижтимоий тармоқларда “Риелторлик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан билдирилаётган фикрларга муносабат билдирди.

“Қонун лойиҳасининг 3-моддасида ушбу қонуннинг амал қилиши кўчмас мулк мулкдорлари ўзлари мустақил тузадиган битимларга нисбатан татбиқ этилмаслиги белгилаб қўйилган”, дейилади расмий муносабатида.

Шу билан бирга, қонун лойиҳасининг 27-моддаси қоидаларининг таҳрири қайта ишланади ва “Реклама тўғрисида”ги қонунининг 11- ва 12-моддалари талабларига, шунингдек, кўчмас мулк эгалари манфаатлари ва қонунчилик техникасига мувофиқлаштирилади.

Аввалроқ, “Риелторлик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасида фуқароларга ўз уйини сотиш учун интернетда мустақил эълон бериш тақиқланиши мумкинлиги кўзда тутилаётгани хабар қилинганди.

Хусусан, ушбу қонун лойиҳасининг 27-моддасида қуйидагича ёзилган:

“Жисмоний ёки юридик шахсларнинг кўчмас мулк объектларини реклама қилиш ва эълонлари, шу жумладан бутунжаҳон ахборот тармоғи интернетда ёки ижтимоий тармоқлар саҳифаларида жойлаштириладиганлари, кўчмас мулк мулкдорлари томонидан фақат риелторлик ташкилотлари ва кўчмас мулк бўйича агентлар орқали бепуллик асосида амалга оширилади”.

Мавзуга оид