Янги Тошкент дирекцияси раҳбари 350 млрд сўмлик буюртмани қариндошига тегишли компанияга берган бўлиши мумкин
Янги Ўзбекистон кўчаси ва 4R12 магистрал йўллар кесишувида йўл ўтказгич қуриш учун бош пудратчи тендер ўтказмасдан танлаб олинди. Танланган қурувчи компания давлат буюртмачисининг раҳбарига яқин қариндош бўлиши мумкин.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси ушбу йўл ўтказгич қурилиши бўйича Gold Step Invest компанияси билан тўғридан тўғри шартнома тузди. Дирекцияга Янги Тошкент шаҳрини қуриш доирасида шартномаларни тендерсиз тузиш ҳуқуқи берилган.
Шартноманинг бошланғич қиймати – 350 млрд сўм (28,3 млн доллардан ортиқ). 6 декабр куни имзоланган ҳужжат давлат харидлари порталига 27 декабр куни жойланди.
Telegram'даги “Ревизор” каналининг эътибор қаратишича, бу йирик давлат харидида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилаётган бўлиши мумкин.
Гап шундаки, Янги Тошкентни барпо этиш дирекцияси директори Одилов Давронжон Қобилжонович бўлиб (бир вақтнинг ўзида қурилиш вазири ўринбосари ҳам ҳисобланади), у Қурилиш вазирлигида фаолият бошлашидан олдин айнан “Gold Step Invest” МЧЖда директор ўринбосари бўлиб ишлаган.
Қолаверса, корхона ва ташкилотлар реестрига кўра, айни пайтда бу корхонанинг 50 фоизлик улушига Одилов Қобилжон Фразилович эгалик қилади. Унинг фамилияси ва исми давлат буюртмачисининг фамилияси ва ота исми билан бир хил.
Kun.uz улар ҳақиқатан ҳам қариндош экани ёки ундай эмаслигига аниқлик киритишни сўраб, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги матбуот хизматига мурожаат қилди. Вазирликдан жавоб бўлган тақдирда сайтда қўшимча эълон қилинади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Kun.uz'га ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилаётганини билдирди.
Маълумот учун, бу йўл ўтказгич келажакда Янги Тошкент шаҳрига олиб борадиган асосий йўлда жойлашган. Бу ерда 1 та кўприк, 3 та туннел, 4 тадан айланма ва қўшимча йўллар барпо этилади.
Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 2022 йил октябр ойида “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида” қонун қабул қилган, Сенат уни 2023 йил 1 июнда маъқуллаган эди. Шундан кейин бу ҳужжат борасида бошқа хабар берилмади.
Мавзуга оид
12:19 / 25.11.2024
«Барча ижро органларини Янги Тошкентга кўчирамиз» — Шавкат Мирзиёев
16:21 / 12.11.2024
1,5 мингга яқин бошқарув ходими қонунга зид тарзда тадбиркорлик қилаётгани аниқланди
18:09 / 25.10.2024
Янги Тошкент шаҳри учун Тошкент вилоятидан қўшимча ер ажратилди
20:22 / 12.10.2024