Иқтисодиёт | 21:41 / 30.12.2023
24279
11 дақиқада ўқилади

2023 йил Ўзбекистон иқтисодиётида: Аграр ислоҳот, бюджет дефицити ва энергетикада ташқи боғлиқлик

Якунланаётган 2023 йил иқтисодий блок учун мураккаб кечди. Йил якунларига кўра, сўмнинг долларга нисбатан қадрсизланиши қарийб 10 фоизга етди. Берилган солиқ имтиёзларига қарамай, газ қазиб чиқариш қисқариб борди, дефицитни Туркманистон ва Россиядан газ импорт қилиш ҳисобига қоплаш бошланди. Бюджет тақчиллиги ЯИМга нисбатан 5,5 фоизгача ошиб кетди.

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ва "Газпром" раиси Алексей Миллер табиий газ олди-сотдиси бўйича тижорий шартнома имзоланганидан кейин / Фото: Энергетика вазирлиги

Сўмнинг долларга нисбатан қадрсизланиши

2023 йилда ўзбек сўми кучли босим остида қолди. Йил бошидан буён миллий валюта 1 долларга нисбатан 11 246 – 12 352 доллар/сўм кўринишида шаклланди ва 9,8 фоизга қадрсизланди.

Таққослаш учун, миллий валютанинг долларга нисбатан қадрсизланииши 2021 йилда 3,75 фоизни (10427 / 10819), 2022 йилда эса 3,94 фоизни (10819 / 11246) ташкил этган.

Жорий йилда Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари ҳисобланувчи Туркия ва Россия миллий валюталари қадрсизланишининг кучайиши сўм қадри пасайишига таъсир қилган асосий омиллардан бири бўлди. Шунингдек, импортнинг экспортдан юқорилиги қўшимча хорижий валютани талаб қилди ва сўм курсига босим ўтказди.

Маълумот учун, ўзбек сўмининг долларга нисбатан курси талаб ва таклифдан келиб чиқиб белгиланади. Агар сотишдан кўра кўпроқ одамлар доллар сотиб олишни хоҳласа, доллар курси кўтарилади ва сўм арзонлашади. Агар бунинг акси бўлса, миллий валюта мустаҳкамланади.

Энг арзон сегментдаги автомобиллар учунрастаможка” пасайди

Июн ойи ўрталарида хориждан автомобил олиб кириш учун белгиланган божхона тўловларини камайтиришни назарда тутувчи президент қарори қабул қилинди. Бу сафарги пасайтириш энг арзон сегментдаги автомобилларга қаратилгани эътиборли. Чунки шу пайтгача божларнинг пасайтирилиши кўпинча бюджет бўлмаган моделларга тааллуқли бўларди.

Ишлаб чиқарилганига 1 йилдан ошмаган, двигател ҳажми 1000 см кубгача бўлган автомобиллар учун божхона божи тўлиқ бекор қилинди. Бунга қадар бундай автомобиллар учун 15 фоиз ва унга қўшимча ҳар бир куб см учун 40 центдан бож тўланарди. Шунингдек, янги қарор билан, двигателининг ишчи ҳажми 1000 см кубдан 1200 см кубгача бўлган автомобиллар учун 15 фоизлик бож 5 фоизга туширилди, қўшимча коэффициентлар эса бекор қилинди. Аммо бу ўзгариш монопол компания сабабли танловсизликдан азият чекаётган ўзбекистонликларни у қадар хурсанд қила олмади. Чунки жаҳонда ишлаб чиқариладиган бюджет автомобилларининг катта қисми айнан 1200-1500 см куб сиғимли двигател билан жиҳозланган. Бундай автомобиллар учун эса амалда 15 фоиз ва ҳар бир см куб учун 60 центдан бож тўлови сақланиб қолинди. Пасайтирилган ставкалар 2,5 йил давомида амалда бўлади. 2026 йил 1 январдан бошлаб божлар яна кўтарилиши мумкин.

Ўз навбатида, UzAuto Motors Spark ва Naxia-3 ортидан Lacetti ишлаб чиқаришни ҳам бутунлай тўхтатмоқда. Компанияга кўра, бу – General Motors’нинг глобал савдо сиёсати билан боғлиқ. Lacetti’нинг ўрнига қайси янги модел ишлаб чиқарилиши ҳозирча маълум эмас.

“Ҳавога учган” солиқ имтиёзлари ва ортиб бораётган энергетик қарамлик

Ўтган йили Ўзбекистонда ерости бойликлари бўйича солиқлар анчагина пасайтирилган эди. Хусусий компаниялар учун табиий газ бўйича солиқ ставкаси 3 бараварга, нефт ва газ конденсати бўйича 2 бараварга камайган эди. Бундан мақсад – хусусий компанияларни инвестиция киритишга рағбатлантириш экани айтилганди.

Амалда 2022 йилда ер қаъридан фойдаланувчилар бир йил олдингига қараганда салкам 2 трлн сўм ёки 12 фоиз кам солиқ тўлади, газ қазиб чиқариш 4 фоизга, газ конденсати қазиб олиш 3 фоизга камайди.

Бундай тенденция 2023 йилда ҳам давом этди. Хусусан, 11 ойликда газ қазиб олиш ҳажми 42,75 млрд куб метрни ташкил этди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,6 фоизга ёки 4,56 млрд куб метрга камайди. Шунингдек, нефт қазиб олиш 1,7 фоизга, газ конденсат қазиб олиш 7 фоизга қисқарди.

Бу йилдан бошлаб расмийлар маҳаллий қазиб олиш тақчиллигини Туркманистон ва Россиядан газ импорт қилиш ҳисобига қоплашни бошлади. Жумладан, август ойида расмий Тошкент ва Ашхобод йилига 2 млрд кубометргача газ етказиб бериш бўйича қисқа муддатли битим имзолади.

Октябр ойида эса рус газини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиб бериш жараёнига старт берилди. Шу тариқа, узоқ йиллар давом этган норационал иқтисодий ва энергетик сиёсат охир-оқибат газга бой мамлакатни бошқа давлатларнинг газига муҳтож даражага олиб тушди.

Газ бўйича бошқа келишувлар каби, бу шартнома шартлари ҳам очиқлангани йўқ. Россия ва Туркманистон гази қанча нархда, қанча миқдорда, қайси муддатларда сотиб олиниши, Ўзбекистон ўз бўйнига қанақа мажбуриятлар олаётгани маълум эмас.

Бюджет интизомига жорий йилда ҳам амал қилинмади

2023 йил учун белгиланган консолидацияланган бюджет тақчиллиги лимити ЯИМга нисбатан 3 фоиздан 5,5 фоизгача, йиллик ташқи қарз лимити 4,5 млрд доллардан 5,5 млрд долларгача кўпайтирилди.

Бюджет имтизомига риоя қилинмаётгани, харажатларни оптималлаштиришга бўлган уринишларнинг суст равишда, юзаки амалга оширилаётгани ортидан ташқи қарз миқдори ҳам ошиб бормоқда. 1 июл ҳолатига Ўзбекистон давлат қарзи 31,5 млрд долларга етган. Бу миқдор йил якунлари бўйича сезиларли даражада кўпайган бўлиши мумкин, ҳозирча маълумотлар очиқлангани йўқ. Халқаро миқёсида қарз жалб қилиш харажатларининг қимматлашганидан ташқари, сўмнинг долларга нисбатан қадрсизланишининг кучайиши ҳам умумий қарз юкининг ортишига таъсир кўрсатади. Хусусан, Ўзбекистон ташқи қарз валюта таркибининг қарийб 75 фоизи АҚШ миллий валютасига тўғри келади.

Маълумот учун, ҳукумат жорий йилги давлат бюджетининг даромадлари ва харажатлари ўртасидаги ижобий фарқ 4,2 трлн сўмга (профицит) тенг бўлишини прогноз қилганди. Хусусан, 2023 йилда даромадлар 232,1 трлн сўмни, харажатлар 227,8 трлн сўмни ташкил этиши керак эди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунда ҳам дефицит бўйича 3 фоизлик лимит кўрсатилган, лекин давлат харажатлари даромадлардан кескин ортиб кетиши ортидан, бюджет қонунига ўзгартириш киритилиб, лимит 4 фоизга кўтарилганди.

Энергетика нархларини “қўйиб юбориш” бошланди

Расмийларга кўра, Ўзбекистонда 1 kWh электр энергиясини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш таннархи 970 сўм сўмни ташкил этади. Лекин ток аҳолига 4 йилдан бери 295 сўм, юридик шахсларга 450 сўмдан сотилиб келинаётган эди. Етмаган қисмига эса давлат бюджетидан субсидия ажратиларди. Шу билан бирга, эскирган тармоқларни янгилаш учун ҳам маблағ керак, давлат бюджети эса ҳамма харажатларни ҳам кўтара олмайди. Хусусий инвесторлар кириб келиши учун эса тарифларни эркинлаштириш керак эди.

Шу мақсадда 2023 йил 1 октябрдан ёқилғи-энергетика ресурсларининг янги тарифларига ўтилди. Электр энергияси тарифлари ОКМК, НКМК, “Ўзметкомбинат” ва бюджет ташкилотларига 1 kWh соат 1 000 сўм, бошқа ташкилотларга 900 сўм деб белгиланди. Табиий газ тарифлари эса ОКМК, НКМК, “Ўзметкомбинат” ва бюджет ташкилотларига 1 куб метр учун 1 800 сўм, бошқа ташкилотлар учун 1 500 сўм бўлди. Аҳоли учун амалдаги нархларда ўзгаришсиз қолди. Аммо 1 ноябрдан бошлаб хонадонида ойига 1000 kWh'дан кўп электр энергияси ишлатувчи истеъмолчилар кўпроқ ҳақ тўлай бошлади.

Босқичма-босқич амалга оширилиши эълон қилинган энергетика ислоҳоти якунида давлат фақат регулятор ва магистрал ташувчи функцияларини ўзида сақлаб қолиб, ишлаб чиқариш ва тақсимлаш бўғинларида шаффоф ва рақобатли бозорни яратиши кўзда тутилган. Шу мақсадда мамлакатда энергетика бозори регулятори – Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги ташкил этилди. 2026 йилдан бошлаб электр энергиясини узатиш ва тақсимлаш бўйича тарифларни шу агентлик белгилайди.

Фермер-кластер муносабатларидаги ўзгаришлар

2024 йил ҳосилидан бошлаб, фермерлар ва кластерлар ўртасидаги фючерс шартномалари Товар-хомашё биржаси орқали тузиладиган бўлди. Биржадаги савдолар ҳар йили чигит экилишидан олдин, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўйича алоҳида ўтказилади. Бунда фермер ўзи етиштирадиган пахта миқдорини биржага жойлаштиради, баландроқ нарх таклиф этган вилоят ичидаги кластер эса у билан шартнома тузади. Савдодаги бошланғич нарх Ню-Йорк биржасидаги пахта толасининг охирги 12 ойдаги ўртача нархи асосида белгиланади.

Шартномадан ортиқча етиштирилган пахта бўйича ҳам фермерларнинг эркинлиги кенгаяди. Улар ортиқча ҳосилни кимга сотишни мустақил ҳал қилади, яъни хоҳласа тўғридан тўғри шартнома тузган ҳолда ҳамкор кластерга, хоҳласа биржа орқали исталган бошқа харидорга сотади. Шунингдек, фермерлар ортиқча ҳосилни ўзлари қайта ишлаб, олинган пахта толаси ва иккиламчи маҳсулотларни биржа орқали сотиши мумкин.

Фермерларга қисман эркинлик берилгани билан, бошқа томондан уларнинг жавобгарлиги кескин кучайтириляпти. Фермер хўжалиги шартномаларда кўрсатилган мажбуриятлари бўйича ўз мол-мулки билан жавоб бериши белгилаб қўйилди. Мажбуриятларни қоплаш учун фермер хўжалигининг мол-мулки етарли бўлмаганида, хўжалик бошлиғи ўзининг шахсий мол-мулки билан жавобгар бўлади. Фермерларга томчилатиб суғориш учун ажратилган кредитлар бўйича кластерлар берган кафиллик фермерларнинг ликвидли мол-мулки билан алмаштирилади.

Бундан ташқари, Ҳисоб палатаси, Давлат молиявий назорати инспекцияси, Бош прокуратура ва бошқа тузилмалардан иборат алоҳида ишчи гуруҳ тузилиб, фермерларнинг кластерлар олдидаги қарздорликларини ундириш билан шуғулланиши белгиланди. Афсуски, кластерларнинг фермерлар олдидаги қарзлари бўйича эса бирор янгилик кўзда тутилмади.

Шунингдек, жорий йил давомида содир бўлган бошқа қатор муҳим янгиликлар:

  • 2023 йилга режа қилинган 5 фоизлик инфляцион таргетга эришиш муддати узайтирилди. Марказий банкнинг асосий сценарийсида бу муддат 2025 йилнинг иккинчи ярмига тўғри келиши, муқобил сценарийсида эса 2026 йил охиригача кечикиши прогноз қилинган. МБ инфляция даражаси 2024 йилда 8–9 фоиз атрофида бўлишини кутмоқда.
  • Мамлакатдаги бешинчи энг катта банк ҳисобланувчи Ипотекабанкнинг 79,6 фоизини Венгриянинг OTP гуруҳи сотиб олди. Европалик инвесторлар бунинг учун 240 млн доллар тўлади ва банк устав капиталига қўшимча 70 млн доллар тўғридан тўғри инвестиция киритди. OTP гуруҳи банкдаги давлатнинг қолган улушини уч йил ичида сотиб олиши кўзда тутилган.
  • Uzcard ва Humo банкоматларини бирлаштириш ишлари тўлиқ якунланди. Барча тижорат банкларининг банкоматлари иккала тўлов тизимининг карталарини қабул қилиши учун бирлаштирилди. Регулятор 2023 йил якунига қадар тўлов терминаллари тизимини интеграция қилиш ишларини ҳам якунлашни режа қилган бўлса-да, бу амалга ошмай қолди.
Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид