Ўзбекистон | 18:08 / 30.12.2023
18609
11 дақиқада ўқилади

Хулоса чиқармаётган одамлар: автоавариялар даҳшатли “душман”га айланмоқда

Ўзбекистонда ҳар йили 2-2,5 минг киши йўлларда ЙТҲлар қурбони бўлмоқда. Якунига етаётган йилда ҳам бу рақам оғриқли тус олди: таҳлиллар юк машиналари, автобуслар билан боғлиқ авариялар кўпайиб бораётганини кўрсатмоқда. 2023 йилда ҳам бир ҳолатнинг ўзида 5-6 кишининг ўлимига сабаб бўлган ЙТҲлар содир бўлган. Kun.uz уларнинг айримларини ёдга олди.

ЙТҲлар Ўзбекистонда энг оғриқли масала бўлиб қолмоқда – олдини олишга қаратилган чораларга қарамай ҳар йили йўлларда минглаб одамлар тезлик ёки қўпол қоидабузарлик қурбони бўляпти. Республикада 2020 йилда 1962 нафар, 2021 йилда 2426 нафар ҳамда 2022 йилда 2356 нафар одам авария оқибатида ҳалок бўлган. Бу рақам 2023 йилнинг январ-июл ойларида 1115 кишини ташкил этган.

Енгил ва «оғир»лар тўқнашуви

2023 йилда юк машиналари ва енгил автомобиллар иштирокида бир нечта ЙТҲлар содир этилган. Уларнинг айримлари жуда аянчли – бир нечта инсоннинг ўлими билан якун топган.

Масалан, сентябр ойида Наманган вилоятининг Чуст туманида DAF русумли юк машинаси ҳайдовчиси рулда ухлаб қолиши оқибатида қарама-қарши йўналишдаги Damas ва Labo билан тўқнашиб кетди. ЙТҲ оқибатида 5 киши – Damas ҳайдовчиси ва 4 нафар йўловчи олинган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида ҳалок бўлган.

21 ноябр куни эрталаб Фарғонада шу каби даҳшатли ЙТҲ содир бўлди: Учкўприк туманида Isuzu юк машинаси светофорда тўхтаб турган Damas билан тўқнашган. Damas ичида жами 11 киши – ҳайдовчи, Бувайда тумани Янгиқишлоқдаги 7-мактабнинг 5 нафар ўқувчиси ҳамда 5 аёл бўлган. Сабзи ковлаш учун Олтиариқ туманига кетаётган йўловчилардан 5 киши – 2 нафар мактаб ўқувчиси ва 3 аёл йўл транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этган.

Юк машинаси ва енгил автомобил тўқнашуви июн ойида Самарқанд вилоятининг Ургут туманида ҳам юз берди: Cobalt қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб «Камаз»га урилган. Оқибатда, Cobalt ҳайдовчиси ва 3 нафар йўловчиси олган тан жароҳатлари туфайли ҳодиса жойида вафот этган. 

Феврал ойида Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманида Nexia-3 ҳайдовчиси ҳаракатланиб бораётиб, бошқарувни йўқотади ҳамда қарама-қарши йўналишда келаётган Mercedes-Benz юк машинаси билан тўқнашиб кетади. Мазкур ЙТҲ оқибатида туманнинг “Жаслиқ” посёлкасида яшовчи 5 киши – икки эркак ва уч аёл ҳалок бўлган.

Йўлларга «сиғмаётган» автобуслар

Якунига етаётган йилда автобуслар иштирокида ҳам кўплаб авариялар содир этилган. Уларнинг айримлари инсонлар ўлимига сабаб бўлган.

Масалан, 2023 йил 16 декабр куни Ургут туманидан ўтувчи 4Р-47 Булунғур-Ургут автомобил йўлининг Сариқтепа маҳалласидан ўтган қисмида ЙТҲ содир этилган. Ургут-Нисбот йўналишида ҳаракатланаётган Lacetti машинаси оралиқ масофани сақламаган ва ўзидан олдида кетаётан Isuzu автобусининг орқа томонига бориб урилган. Оқибатда автобус ҳайдовчиси бошқарувни йўқотган ва йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетиб, ўз йўлидан ҳаракатланиб келаётган Nexia-3 билан тўқнашган. Ҳодиса туфайли Nexia-3 ҳайдовчиси оғир тан жароҳатлари олиб, шифохонада вафот этган.

Ноябр ойида эса Самарқандда йўловчи автобус ЙТҲга учраб, ағдарилиб кетган. Оқибатда 1 киши ҳалок бўлган, 17 киши жароҳат олган.

Шу каби, Тошкентда июн ойида Lacetti ва автобус тўқнашуви ва июл ойида автобус пиёдани уриб юбориши оқибатида инсонлар ҳалок бўлган.

Гап автобуслар иштирокидаги ЙТҲлар ҳақида бораркан, пойтахт бундай авариялар содир этилиши бўйича республикада “яққол пешқадам” экани ойдинлашади. 11 ойда Тошкент шаҳрида автобуслар билан 94 та ЙТҲ содир этилган. Уларнинг 34 тасида автобус ҳайдовчилари айбдор бўлган.

Ўлим билан «тўқнашган» пиёдалар

Республикада содир этилаётган авариялар таҳлилида пиёдаларни уриб кетиш ҳолати ҳам «етакчи» ўринда туради. Буларнинг аксариятига бошқарувни йўқотиш, светофорнинг тақиқловчи чироғида ҳаракатланиш ҳамда пиёдалар ўтиш жойида йўл бермаслик, ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган ёки маст ҳолатда машина бошқариш каби қоидабузарликлар сабаб бўлган.

Шундай аянчли ЙТҲлардан бири 2023 йилнинг январ ойида Яккабоғ туманида содир бўлган: Nexia-2 машинаси йўлни кесиб ўтаётган тўрт кишини уриб юборган. Маълум бўлишича, ҳайдовчининг атиги бир йиллик тажрибаси бўлган ва у Тошкент-Қашқадарё йўналишида одам ташиш билан шуғулланган.

ЙТҲ содир бўлган нуқтада пиёдалар ҳаракатланиши учун махсус йўл белгилари ўрнатилган бўлиб, эр-хотин икки фарзандини кўтариб ўтаётган бўлган. Йўл ўртасида уларни Тошкент йўналишидан келаётган Nexia-2 машинаси уриб юборган ва оила аъзоларининг барчаси ҳалок бўлган.

Май ойида Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган Damas чорраҳанинг пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган икки ўқувчи қизни уриб юборган. Қизлардан бири орадан 8 кун ўтиб, шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай вафот этган.

Май ойида содир бўлган яна бир ҳолатда Тошкентда Cobalt тўхтаб турган «Жигули» билан тўқнашган ва уч пиёдани уриб юборган. Пиёдалардан бири шифохонада вафот этган.

Июн ойида эса Тошкент вилоятининг Қибрай туманида маст ҳайдовчи «ВАЗ-2106» автомашинаси билан уч нафар болани уриб юборган. ЙТҲ оқибатида 2009 йилда туғилган пиёда ҳалок бўлган, икки нафар пиёда турли тан жароҳатлари олиб шифохонага ётқизилган.

Оммавий авариялар

2023 йилдаги ЙТҲлар орасида бир нечта машина иштирокидаги аварияларни ҳам кўриш мумкин. Уларнинг аксарияти Тошкент шаҳрида содир бўлган.

Жумладан, апрел ойида Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани КҲАЙ - Шароф Рашидов кўчалари кесишган чорраҳада оммавий йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Маълумотга кўра, ушбу ЙТҲда «КамАЗ», Isuzi, Hоwо, «ЗИЛ» русумли юк автомашиналари ҳамда Lacetti, Tracker-2, Nexia-3, Epica, 2 та Cobalt, 2 та Spark автомашиналари ўзаро тўқнашиб кетган. Бунга «КамАЗ» юк машинасининг чорраҳага яқинлашаётган вақтда тормози ишламай қолгани сабаб бўлган.

Май ойида эса пойтахтнинг Юнусобод тумани Мойқўрғон кўчасида 6 та машина иштирокида ЙТҲ содир этилган. Бунда Malibu-2, BYD SONG, «ВАЗ-2105», Lacetti, Nexia-3 русумли енгил машиналар ва «ЗИЛ» русумли юк машинаси тўқнашган.

Шу каби, апрел ойида Шайхонтоҳур туманида 5 та, июн ойида Қўйлиқ кўприги устида 5 та, март ойида Сергели туманида 5 та ҳамда апрел ойида Шайхонтоҳур тумани Фурқат кўчасида 4 та машина иштирокида ЙТҲ содир бўлган.

Оммавий авариялар бошқа ҳудудларда ҳам учраган. Масалан, июл ойида Жиззахда 7 та машина тўқнашиб кетган. Оқибатда икки киши вафот этган.

«Йўлини йўқотган» махсус машиналар

Якунига етаётган йилда махсус транспорт воситаларининг ЙТҲга учраши ҳолатлари ҳам кузатилган.

Масалан, май ойида Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида Миллий гвардия қўриқлаш бошқармаси тезкор ҳаракатланувчи гуруҳ автотранспорти ва тез тиббий ёрдам машинаси ўртасида ЙТҲ содир бўлган.

Июн ойида эса Бухоро-Урганч автотрассасида UzAuto Motors трейлери ЙТҲга учраган. Маълум қилинишича, воқеа 14 июн куни соат 11:40 да рўй берган. UzAuto Motors автопаркига тегишли трейлер юк машинасига бориб урилган. ЙТҲ оқибатида автовоз кабинаси шикастлангани сабабли икки ҳайдовчи ҳам олинган оғир жароҳатлар натижасида вафот этган.

ЙТҲлар “югуриб”, чоралар “юриб” бормоқда

Йўллардаги ЙТҲларнинг олдини олишга, қоидабузар ҳайдовчиларга қатъийроқ чора кўришга қаратилган ҳаракатлар ҳам амалга оширилмоқда.

Масалан, 2024 йил 1 янардан аҳоли пунктларида барча янги қурилаётган икки ва ундан ортиқ полосали автомобил йўлларида пиёдалар ўтиш йўлакларини светофорлар билан тўлиқ жиҳозлаш мажбурий этиб белгиланмоқда.

Содир этилаётган аварияларга ечим сифатида қаралган чоралардан яна бири жарима баллари билан боғлиқ.

Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тизими жорий этиш ҳақидаги гаплар 2019 йилда пайдо бўлганди. Ўша йилнинг май ойида Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилган. Қарор билан 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб, миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган фуқаролар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тартиби жорий этилиши мумкинлиги айтилганди. Бироқ бундай бўлмади.

2021 йилнинг ноябр ойида Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди. 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб, йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тартиби жорий этилиши кутилди. Аммо негадир иккинчи марта ҳам бу масала ортга сурилди.

2023 йилнинг ноябр ойида ушбу масала яна кун тартибига чиқди: Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Қонун билан қоидабузарлик содир этганлик учун жарима баллари ҳисоблаш тизимини жорий этиш ва жарима баллари бир йил давомида ўн икки баллдан ошган ҳолларда охирги содир этилган ҳуқуқбузарлик учун қўшимча жазо тариқасида ҳайдовчини транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниш тартибини йўлга қўйиш таклиф қилинди. Қонун депутатлар томонидан қабул қилинган.

Йўлларда ҳар куни ўнлаб инсонлар ҳалок бўлаётган бир вақтда ЙТҲларга қарши чораларнинг амалиётга жорий этилишига йиллар сарфланмоқда.

Йўлларга инсон қони тўкилмасин

2023 йилда енгил машиналарнинг ўзаро тўқнашуви, тепловоз ва енгил машиналар тўқнашуви билан боғлиқ ЙТҲлар ҳам содир бўлган. Уларнинг айримлари инсон ўлими билан якунланган.

Аслида, бу каби ЙТҲларнинг аксарияти ҳайдовчиларнинг эҳтиётсизлиги, йўл қоидаларига амал қилмаслиги, шошмашошарлиги оқибатида содир бўлмоқда. Kun.uz барчани йўлларда эҳтиёт бўлишга, қоидаларга ва тезлик меъёрларига амал қилишга чақириб қолади. Токи йўлларимизга инсон қони тўкилмасин.

Мавзуга оид