Жаҳон | 19:26 / 01.01.2024
16012
3 дақиқада ўқилади

Фото: Истанбулда ўн минглаб кишилар Фаластинни қўллаб маршга чиқди

Истанбулдаги Галата кўпригида йиғилган ўн минглаб кишилар «Шаҳидларимизга шафқат, Фаластинга дастак, Исроилга лаънат» шиори остида марш ўтказишди, деб хабар бермоқда A Haber.

Фото: TRT Haber

Норозилик марши президент Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг ўғли Билол Эрдўған ҳам маслаҳат кенгашига аъзо бўлган Туркия ёшлар фонди (TÜGVA) бошчилигидаги 308 та нодавлат ташкилот томонидан ташкиллаштирилган. «Биз Туркиядан йилнинг илк хабарини бутун дунёга етказиш ва Ғазо секторидаги қирғинни «тўхтат» дейиш учун «аср марши ва йиғилиши»ни уюштирдик», — дейилади Туркиядаги нодавлат ташкилотларни ўз ичига олувчи «Миллий ирода платформаси» баёнотида.

Бомдод намозидан кейин намойишчилар кўприкдан ташқари Истанбулдаги йирик масжидлар — Янги масжид (Галата кўприги рўпарасида), Султон Аҳмад ва Сулаймония, шунингдек Аё София масжидлари олдидаги майдонларда ҳам тўпланган. Айрим иштирокчилар Туркия ва Фаластин байроқларини кўтариб чиқишган ҳамда «Қотил Исроил, Фаластиндан кет» ва «Истанбул, ухлама, биродарингни ҳимоя қил» дея ҳайқиришган.

Галата кўпригидаги маршда Ёшлар ва спорт вазири Усмон Ашкин Бак, соғлиқни сақлаш вазири Фахриддин Хўжа, TÜGVA президенти Иброҳим Қирмизи, бир қанча депутатлар ва маъмурият раҳбари, сиёсий партиялар вакиллари ҳамда Билол Эрдўған ҳам қатнашган. Кичик Эрдўған митинг қатнашчилари қаршисида чиқиш қилиб, 2023 йилнинг 7 октябрида «Исроил нацизми тарихдаги энг қонли қирғинлардан бирини бошлагани»ни айтган ва Исроилни «фаластинликлар геноциди»да айблаган. У Туркия Ғазо секторидаги воқеаларга бир четда томошабин бўлиб тура олмаслигини таъкидлаган.

Туркия президенти Исроил ва ҲАМАС ҳаракати ўртасида уруш бошланганидан буён бир неча бор Тел-Авивни қоралаб чиқди.  2023 йил ноябр ойи охирида Эрдўған Исроил Ғазо секторида яшовчи 2,3 миллион кишига нисбатан «геноцид амалга оширгани»ни айтиб, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни «қассоб» деб атаганди.

Исроил 2023 йил октябр ойи охирида Туркиядаги элчисини чақириб олганди. Исроил ТИВ раҳбари Эли Коэн декабр ойи охирида Эрдўған ҲАМАСга бирдамлик қилаётганини айтганди. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу турклар президентини курдлар геноциди ва журналистларга қарши қатағонларда айблаган.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид