Жаҳон | 13:41 / 02.01.2024
12995
2 дақиқада ўқилади

Ғазо: ҳар олтинчи исроиллик аскар ўз сафдошлари томонидан ўлдирилган 

Ғазо секторида операция бошланганидан бери ҳалок бўлган ҳар олтинчи исроиллик аскар ўз сафдошлари томонидан ўлдирилган. Умуман олганда, 7 октябрда янги можаро бошланганидан бери 500 дан ортиқ исроиллик аскар ҳалок бўлган. 

Фото: Ohad Zwigenberg/AP/picture alliance

Исроил армияси (ЦАҲАЛ) 1 январ, душанба куни Ғазо секторида қуруқликдаги операция бошланганидан бери ҳалок бўлган ҳар олти исроиллик аскар сафдошлари томонидан уюштирилган отишма ёки бахтсиз ҳодиса натижасида ҳалок бўлганини тасдиқлади. 29 нафар исроиллик аскардан 18 нафари «ўзиникилари ўқи»дан, яна икки нафари тасодифий отишмалардан ва яна тўққиз нафари ўқ-дориларга эҳтиётсизлик билан муносабатда бўлиш оқибатида ҳалок бўлди, дея хабар беради ЦАҲАЛ. 

Октябр ойи охирида Исроилнинг Ғазо секторида қуруқликдаги операцияси бошланганидан бери, Исроил ҳарбийлари маълумотларига кўра, 172 аскар ҳалок бўлган ва тўққиз юздан ортиқ аскар яраланган. 7 октябрда Фаластин-Исроил можаросининг янги кучайиши бошланганидан бери эса - 506 ЦАҲАЛ аскари ҳалок бўлди. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 22 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид