Ўзбекистон | 13:05 / 03.01.2024
10503
3 дақиқада ўқилади

«Мазут ва кўмирда ишлайдиган заводларга дам бериш дастурини тузиш керак» – мутахассис Тошкент ҳавоси ҳақида

2023 йил декабрида Тошкент шаҳри ҳавоси ифлосланиши газ ўрнига кўмир ва мазут ёқиш кўпайгани ҳисобига ортиб кетган. Гидрометеоролог Эркин Абдулаҳадов кўмир ва мазутда ишлайдиган завод ва фабрикаларга дам бериш тизимини йўлга қўйиш кераклиги ва бу усул Қирғизистонда иш берганини айтди.

Фото: Видеодан кадр

2023 йилда Ўзбекистонда иситиш тизимида кўмирдан фойдаланиш кенг кўламли тарзда бошланди. “Лолазор” подкастида гидрометеоролог Эркин Абдулаҳадов ифлос ҳавони камайтириш бўйича ўз фикрларини билдириб ўтди.

Мутахассис завод ва фабрикалар ишини шамол йўналишига қараб белгилашни таклиф қилди.

Шамол кундузи текисликдан тоғга қараб, кечқурун тоғдан текисликка қараб эсади, демак, кўпроқ завод шаҳар периферияларига қурилиши керак. Яъни [завод ва фабрикаларга] дам бериб [ишлатилса], биттасига дам берилса [бошқаси ишлаб туради], шаҳарга заҳарли ҳаво кириб келмайди. Шамол тоғга қараб кетади, заводлар ишлашини шамол гулларига мослаш керак”, – дейди у.

Абдулаҳадовга кўра, Бишкек ҳам шу тажрибани қўллаган. 5 йил олдин Бишкек IQAir’да 1-ўринга чиқиб қолган. Бу зарарли тутун кўмир ёқиш ҳисобига бўлган.

Бишкек шаҳрининг жануб, шимол, шарқ ва ғарбида ҳам катта-катта корхоналар бор. Шамолдан об-ҳаво оқимидан келиб чиқиб, дастур яратишди. Унга кўра, қайси завод ишлаши кераклиги сигнали берилади. Заводлар бир-бирига таъсир кўрсатмайди. Шунақа дастур Ўзбекистонда ҳам ишлаб чиқиладиган бўлса, яъни заводларга иш ҳажмини тақсимлаб, битта завод кечқурунга, биттаси кундузига куч бериб шахмат усулида ишласа бўлади”, – дейди гидрометеоролог.

У пойтахт ҳавосининг ифлосланишига сабаб бўлаётган техноген омиллардан бири сифатида метан-шохобчалар иш вақтидаги чеклов сабаб АИ-80 бензини ёқиш кўпайганини кўрсатади. Шунингдек, мутахассисга кўра, автомобил шиналарининг асфалтга ишқаланиши натижасида ажраладиган зарралар ҳам пойтахт ҳавосини ифлослантирувчи асосий манбалардан бири ҳисобланади.

Бундан олдин “Ўзгидромет” раҳбари Шерзод Ҳабибуллаев ҳам иситиш тизимлари учун мазут ва кўмир ёқилгани Тошкент ҳавосини кескин ифлослантиргани, заправкаларга газ етказиб бериш қисқариб, АИ-80 бензин истеъмоли ортгани ҳам пойтахт ҳавосига сезиларли зарар етказганини маълум қилганди.

Аввалроқ, турли ташкилот биноларини иситишда кўмирга ўтиш эълон қилингандан кейин, бунинг об-ҳавога зарари ҳақида мақола эълон қилинган эди.

Мавзуга оид