Ўзбекистон | 20:53 / 03.01.2024
18124
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ҳаво ифлосланиши “жуда хавфли” даражага чиқди

3 январ оқшомида пойтахт ҳавоси таркибидаги PM2,5 зарралари миқдори ЖССТ белгилаган меъёрдан 35 баробарга ошиб кетиб, Тошкент ҳаво ифлосланиши рейтингида дунё шаҳарлари орасида иккинчи ўринга кўтарилди.

Фото: Kun.uz

3 январ куни Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланиши яна юқори даражага чиқди.

Ўзгидромет маълумотига кўра, тонги соат 8:00 ҳолатига пойтахт ҳавоси таркибидаги PM2,5 майда дисперсли зарралар 1 метр куб ҳавода 67,5 микрограммга етган. Бу – Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларидан (5 мкг/м3) 19 баробарга кўп.

Шунга кўра, IQAir портали 3 январ тонгида Тошкент ҳавосининг сифат кўрсаткичини “хавфли” тоифага киритган эди.

Оқшомга яқин ҳаво ифлосланиши янада ортиб, соат 18:00 ҳолатига “жуда хавфли” тоифасига ўтди: 1 метр куб ҳаво таркибидаги PM2,5 концентрацияси 173 микрограммга етди. Бу – ЖССТ тавсия қилган меъёрий кўрсаткичдан 35 баробарга юқори.

Тошкент шаҳри ҳавоси таркибида PM2,5 зарраларининг 1-3 январ кунларидаги концентрацияси. IQAir сайтидан скриншот

Ушбу натижа билан Тошкент шаҳри 3 январ оқшомида дунё шаҳарлари орасида ҳаво ифлосланиши бўйича 2-ўринга чиқди.

3 январ соат 18:00 атрофида Тошкент ҳавоси энг ифлос шаҳарлар рейтингида бир муддат 2-ўрингача кўтарилиб, сўнг пасая бошлади.

Соат 20:50 ҳолатига PM2,5 зарралари 104 мкг/м3 миқдорида – “хавфли” даражада қолмоқда.

Мавзуга оид