Курск вилоятидаги шаҳар Украина зарбасидан кейин электрсиз қолди
Железногорск шаҳри Украина зарбаси натижасида зарар кўрган нимстанция таъмирланаётган вақтда электр ва иссиқликсиз қолди. Telegram-каналлари 100 минг аҳолига эга шаҳарда ваҳима кучайгани ҳақида хабар берди.
100 мингга яқин аҳоли истиқомат қиладиган Курск вилоятининг Железногорск шаҳри электр ва иссиқлик таъминотидан бутунлай узилди, бунга Украина Қуролли кучлари (УҚК) ҳужуми натижасида зарар кўрган нимстанция таъмирланиши сабаб бўлган, деб хабар қилди минтақа губернатори Роман Старовойт. «Тиклаш ишларини хавфсиз ташкил қилиш учун биз Железногорскдаги нимстанцияни ўчиришга мажбур бўлдик. Икки соат ичида авария оқибатлари бартараф этилади», деб ёзди у Telegram-каналида.
Шу билан бирга, «Осторожно, новости» Telegram-канали маҳаллий аҳолига таяниб, шаҳарда айрим ёнилғи қуйиш шохобчалари, дўконлар ва банкоматлар ишламай қолгани ҳақида ёзмоқда. «Одамлар ваҳима ичида. Дўконларда сув тугаб қолган. Деярли барча дўконлар эса ёпиқ. Ёнилғи қуйиш шохобчаларида катта навбатлар юзага келди», - дейди канал суҳбатдошлари. Шунингдек, улар шаҳарда мобил алоқа билан боғлиқ муаммолар мавжудлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, Железногорскдаги баъзи корхоналар, шу жумладан «Вагонмаш» машинасозлик заводи ишламай қолди. Завод ишчиларидан бирининг сўзларига кўра, барча ишчилар эрталаб соат 10 да уйга жўнатилган.
Аввалроқ Роман Старовойт Курск вилоятининг Железногорск туманидаги нимстанциянинг зарар кўриши оқибатида бир қанча аҳоли пунктларидаги турар жой биноларида электр таъминоти узилиб қолгани ҳақида хабар берган эди. Бундан ташқари, Железногорскда, губернатор сўзларига кўра, «электр қувватининг кўтарилиши ва гидрозарба туфайли иссиқлик таъминоти ишдан чиққан», бунинг натижасида 17 та кўп қаватли уй иссиқликсиз қолган.
Украинага ракета ҳужумлари
29 декабр куни Украина ҳудуди бутун кенг кўламли уруш давомида Россиянинг энг йирик ҳужумларидан бирига дучор бўлди. 40 га яқин киши ҳалок бўлди, ўнлаб одамлар жароҳат олди. Эртаси куни Белгород маркази ўққа тутилди, бу - Россиянинг Украинага қарши уруши давридаги энг катта жавоб зарбаси бўлди.
Натижада, сўнгги маълумотларга кўра, 25 киши ҳалок бўлган – 1 январ куни шифохонада 4 ёшли қизчанинг вафот этгани маълум қилинди. 100 дан ортиқ одам жароҳатланган. Украина ҳарбийлари Белгороднинг ўққа тутилиши ҳақида расман изоҳ бермади.
30 декабр куни Белгород ўққа тутилганидан кейин Россия президенти Владимир Путин Россия қўшинлари Украинага ҳужумлар кўламини кенгайтириш ҳақида гапирди. 2 январга ўтар кечаси Россия армияси Киев, Харкив ва бошқа шаҳарларга ракета ва учувчисиз учоқлардан йирик ҳужумлар уюштирди. Камида беш кишининг ўлими ҳақида хабар берилган.
Мавзуга оид
17:49
Киевдаги қарор қабул қилиш марказлари «Орешник»нинг навбатдаги нишони бўлиши мумкин — Путин
10:18
Reuters: Байден Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини тайёрламоқда
09:31
The Economist Украинанинг йўқотишларини 60-100 минг кишига баҳолади
09:14