Тошкент шаҳри ҳавосини нималар ифлослаяпти ва уни қандай яхшилаш мумкин?
Қурилишдаги хаос, машинадан чиқаётган заҳарлар, ривожланмаган жамоат транспорти, инфратузилма йўқлиги, саноат чиқиндилари, кўмир ва мазутдан фойдаланишнинг ортгани Тошкент шаҳри ҳавосини ифлослантирувчи асосий омиллар сифатида кўрсатилган. Бундан ташқари, Тошкент шаҳри атмосфера ҳавосида кислород улушининг ҳам нисбатан камайиб бораётгани аниқланган.
Экспертлар маълумотига кўра, Тошкент шаҳридаги ҳаво ифлосланишини автоматик назорат қилувчи станциялар томонидан углерод оксиди (CO) миқдори ЖССТ томонидан белгиланган нормадан 4,4 баравар ортгани қайд этилган. Унда РМ 10 майда дисперсли заррачаларининг максимал миқдори 341 мкг/м3 ни ташкил этган бўлса, РМ 2,5 миқдори эса белгиланган нормадан 57 баробар ортиб кетиб, 311 мкг/м3 ни ташкил этган.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳридаги атмосфера ҳавосида кислород улушининг ҳам нисбатан камайиб бораётгани аниқланмоқда. Бу ўз навбатида уйқусизлик, ҳолсизлик, бош оғриғи келтириб чиқаради ва мия фаолиятига салбий таъсир қилади.
Мутахассислар атмосфера ифлосланишига республикада иқлим ўзгариши натижасида юзага келаётган об-ҳавонинг экстремал кучайиши, ерларнинг шўрланиши, камсувлик, қурғоқчилик, чангли бўронлар ва атропоген таъсир этаётганини маълум қилишган.
Қуйидагилар эса Тошкент атмосфера ҳавосининг ифлосланишига сабаб бўляпти:
• яшилликнинг йўқолиши — жойларда дарахт ва буталарни палапартиш кесиш экологик мувозанат бузилишига сабаб бўлмоқда. Масалан, эълон қилинган мораторий даврида 49 мингга яқин, шундан 10,5 мингга яқин қимматбаҳо дарахтлар ноқонуний кесилиши туфайли табиатга 45 миллиард сўмлик зарар етказилган. Шунингдек, магистрал йўллар ва шаҳар ҳудудида, турар жой массивларида кўкаламзорлаштириш фоизи камлигича қолмоқда;
• қурилишдаги хаос — шаҳарсозлик бош режалари тасдиқланмасдан қурилиш ишлари жадал амалга оширилмоқда, хусусан, Тошкент шаҳрида давлат раҳбари томонидан бир неча маротаба қурилиш ишлари амалга оширилмаслиги маълум қилинган бўлса-да, ҳанузгача давом этмоқда. Шунингдек, шаҳардаги қурилишларда СанПин риоя этилмайди ва экологик экспертиза ўтказилмайди. Масалан, оралиқ масофага риоя қилинмасдан баланд бинолар қурилиши шамол айланишини тўсиб қўйган, ҳавога керагидан ортиқ маиший чиқинди чиқарилмоқда;
• машиналар чиқараётган заҳарлар — автотранспорт воситаларининг атмосфера ҳавосига чиқараётган ифлослантирувчи моддалари ҳажми ошиб боришига транспорт воситаларининг экологик даражаси, фойдаланилаётган ёнилғи ва йўл ҳаракатини ташкил этиш сифатига боғлиқ бўлиб қолмоқда. 2021 йилда 3,14 млн дона автотранспорт бўлган бўлса, 2023 йилда уларнинг сони 4,6 млн донани ташкил этиб, 32 % га ортган. Тошкент шаҳрида бир кунда ўртача 730 минг автотранспорт воситаси ҳаракатланса, қўшимча равишда ҳудудлардан 160 мингдан 300 минггача автотранспорт воситаси кириб келмоқда;
• жамоат транспорти ривожланмагани ва инфратузилма йўқлиги — шаҳарларда транспорт ва пиёдалар оқимининг кесишмалари сони камайтирилмаган, магистраллардаги юклама даражаси пасайтирилмаган, транспорт оқими таркибини, тезлик режимини тартибга солиш цикли оптималлаштирилмаган, алоҳида велосипед йўлакчалари етарли эмас. Натижада машиналардан чиқаётган ифлослантирувчи моддалар миқдори янада ошиб бормоқда;
• саноатдаги маиший чиқиндилар ҳажмининг ортиши — заводлар, цехлар ва шу каби ишлаб чиқариш корхоналарида экологик назорат қониқарсиз даражада, эски ва самарасиз технологиялардан фойдаланиш натижасида атмосферага чиқарилаётган заҳарли моддалар миқдори ҳалокатли даражага келиб қолган;
• кўмирдан фойдаланиш ортгани — мамлакатда углеводородлардан, жумладан, кўмирдан фойдаланиш ҳажмларининг ўсиш тенденцияси кузатилмоқда. Хусусан, 2019 йилда 3,9 млн тонна кўмир ёқилғисидан фойдаланилган бўлса, 2022 йилда 5,3 млн тонна, жорий йил якунига кўра 6,7 млн тоннани ташкил этиши кутилмоқда. Бу эса ўз навбатида, кўмир ёқилғисини қазиб олиш, ташишдан то фойдаланишгача бўлган жараёнда ажралиб чиқувчи ифлослантирувчи моддалар атроф-муҳит, жумладан, атмосфера ҳавоси, тупроқ ва сув ресурсларининг ифлосланишига олиб келмоқда. 10 тонна кўмир ёқилганида атмосфера ҳавосида 220 кг қурум, 360 кг олтингугурт II оксиди, 64 кг углерод оксиди, 16 кг азот II оксиди ва 2 тонна кул чиқиндиси ҳосил бўлади;
• мазут ёқилғисидан фойдаланиш ортгани — куз-қиш мавсумида аҳолига марказлашган иссиқлик етказиб бериш учун мавжуд иссиқлик марказлари (ТС) томонидан қўшимча ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланиш ҳам атмосфера ҳавосининг кескин ифлосланишига олиб келмоқда. Биргина Тошкент шаҳридаги мавжуд 6 та иссиқлик марказларининг 9 та қозонхоналарида декабр ойининг ўзида 3 минг тонна мазут ёқилғисидан фойдаланилган;
• табиатни қўриқлашдаги назоратсизлик — муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда чорва моллари назоратсиз ва тизимсиз боқилиши ҳолатларининг ортиб бориши ер ости сувларидан илмий асосларсиз фойдаланиш экотизимларнинг бузилишига, катта ер майдонлари деградациясининг ортишига ҳамда уларнинг чўлланишига олиб келмоқда, оқибатда иқлим ўзгаришининг таъсири кучаймоқда, инсонлар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғилмоқда;
• метеорологик сабаблар — шамол йўналиши ва тезлиги, ҳаво ҳарорати, қуёш радиацияси, атмосфера ёғинларининг миқдори ва давомийлиги, ҳарорат инверсиялари (вертикал бўйича аралаш зарраларнинг тарқалиб кетишига тўсқинлик қилувчи илиқ ҳаво қатлами) ва ҳ.к.;
• географик сабаб — Тошкент шаҳри жойлашуви релефининг хусусиятлари, яъни пойтахт тоғлар билан ўралган ва чуқурликда жойлашган. Шу сабабли шамол айланмаслиги ҳисобига чанг ҳаво оқими шаҳарда туриб, димланиб қолади ва табиий йўл билан чиқиб кетмайди.
Шунингдек, атмосфера ҳавосига кўрсатилаётган салбий оқибатларни камайтириш мақсадида шаҳар ва аҳоли яшаш пунктларида атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи асосий омиллардан бири бўлган кўмир ва мазут ёқилғисидан фойдаланишни кескин тақиқлаш таклиф қилиняпти.
Автотранспорт воситаларининг атмосфера ҳавосига чиқараётган ифлослантирувчи моддалари ҳажмини камайтириш чоралари сифатида қуйидагилар кўрсатилган:
– 2025 йил 1 мартдан бошлаб “Евро-5” стандартидан паст экологик тоифадаги мотор ёнилғидан фойдаланишни тақиқлаш;
– куннинг тиғиз вақтларида (эрталабки соат 07:00 дан 10:00 га қадар ва 17:00 дан 20:00 га қадар) Н2 ва Н3 тоифали (юк ташиш учун мўлжалланган, вазни 3,5 ва 12 тоннадан ортиқ) транспорт воситаларининг ҳаракатини чеклаш;
– 2010 йилгача ишлаб чиқарилган барча тоифадаги автотранспорт воситаларининг ҳаракатланишини босқичма-босқич тақиқлаш, бунда автотранспорт воситалари эгаларига замонавий автотранспорт воситаларига ўтиш учун (электромобил) имтиёзлар, переференциялар ва субсидиялар беришни йўлга қўйиш;
– фойдаланиш муддатини ўтаб бўлган автотранспорт воситалари эгалари мажбуриятини ошириш, шунингдек улардан фойдаланишнинг иқтисодий жиҳатдан самарасизлигини таъминлаш учун махсус солиқ турини жорий этиш;
– Тошкент, Самарқанд, Бухоро каби йирик шаҳарларнинг диққатга сазовор марказий кўчаларида автотранспорт воситаларидан холи ҳудудларни ташкил этиш;
– автомобилга эгалик қилишни “ортиқча ҳашамат” даражасига олиб келиш, масалан, бутун шаҳар бўйлаб автомобил тўхташ жойларини пулли шаклга ўтказиш, жарималарни ошириш, автомобилларнинг давлат рақами белгилари учун тўлов миқдорини қиммат қилиш ва ҳ.к.;
– транспорт ва пиёдалар оқимининг кесишмалари сонини камайтириш, магистраллардаги юклама даражасини пасайтириш, транспорт оқими таркибини, тезлик режимини, тартибга солиш циклини оптималлаштириш ҳисобига йўл ҳаракатини тўғри ташкил этишни таъминлаш;
– жамоат транспортини тўлиқ электр, газбаллон ёқилғи ва бошқа муқобил ёнилғи турларига ўтказиш, шунингдек, йўл инфратузилмасини ташкил этиш;
Тошкент шаҳрида ҳаво сифатини яхшилаш чоралари:
• 2024 йил 1 январдан бошлаб барча турдаги қурилиш объектларини (ижтимоий ва давлат аҳамиятига оид объектлар бундан мустасно) қуришга мораторий эълон қилиш;
• тажриба тариқасида Тошкент шаҳрида автомобиллар ҳаракатини мақбуллаштириш учун автомобилларни давлат рақамига мос равишда “тоқ ва жуфт” кунларда бошқариш қоидасини жорий этиш;
• микроиқлим мўътадиллигини таъминлаш, атмосфера ҳавоси сифатига ижобий таъсир этиш мақсадида сунъий сув ҳавзаларини барпо этиш;
• атмосфера ҳавосининг сифат кўрсаткичини доимий эълон қилиб борадиган табло ва мониторлар ўрнатиш;
• илмий ва пухта ишланган хулосалар асосида шамол тезлигини пасайтириш, тупроқ зарралари кўчишининг олдини олишга қаратилган Тошкент шаҳри атрофида “яшил белбоғ”лар барпо этиш.
Мавзуга оид
14:31 / 09.11.2024
Келгуси ҳафта бошида кутилаётган об-ҳаво маълум қилинди
11:18 / 09.11.2024
10 ноябр куни кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин
12:10 / 08.11.2024
Дам олиш кунлари нисбатан салқин об-ҳаво бўлиши кутилмоқда
10:47 / 08.11.2024