Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хитойдаги ишсизлик: Талабалар дипломнинг қадри тушиб кетганидан шикоят қилмоқда
Иқтисодий ўсишнинг секинлашиши сабаб Хитойда рекорд миқдордаги ёшларнинг ишсизлиги кузатилмоқда. Ўн минглаб талабалар меҳнат бозоридан яхши иш тополмаслигидан хавотирда. Битирув онлари айрим студентлар учун байрам эмас, стрессга айланган. Буни улар иштирокида олинган истеҳзоли суратларда ҳам кўриш мумкин.
2023 йил ёзида Хитойда 11,6 миллион талаба коллежларни тамомлаб, меҳнат бозорига кириши кутилаётганди. Аммо сўнгги 3 йилда мамлакатнинг иқтисодий ўсишидаги секинлашув сабаб рекорд даражада ишсизлик юзага келган. Хусусан, шаҳарларда 16 ёшдан 24 ёшгача бўлганларнинг ишсизлиги 21,3 фоизга етган.
Маълумотларга кўра, ҳозирга келиб бу кўрсаткич янада ошган бўлиши мумкин, чунки Хитой миллий статистика бюроси халқаро рейтинглардан тушиб кетмаслик учун ишсизлик даражасини эълон қилмай қўйган. Аммо амалдаги ҳолатда бу рақамлар ошганини ва ҳатто талабаларга салбий таъсир қилганини кузатиш мумкин.
Масалан, ўтган ўқув йили битирувчилари учун диплом олиш жараёни байрам шукуҳи билан ўтмаган, олий маълумотли, дипломли кадрларнинг меҳнат бозоридан иш тополмаётгани уларнинг кайфиятини анча туширган. Интернетга бунга далолат қилувчи қатор суратлар тарқалган.
UNICEF'нинг огоҳлантиришларига кўра, Хитойда кузатилаётган ёшлар ишсизлиги ҳал этилмаса, вақт ўтган сари мамлакатда тартибсизликлар келиб чиқишига замин яратиши мумкин. Дунёдаги иккинчи энг йирик иқтисодиётда бундай бўлиши нафақат ички, балки халқаро даражада, айниқса Хитой билан энг қалин савдо алоқаларига эга мамлакатларда ҳам ўз таъсирларига эга бўлади.
Ишсизлик айниқса коронавирус пандемияси оқибатида авж олган эди. Ҳукумат хусусий ва давлат корхоналари кўпроқ ходимларни ишга олиш учун субсидиялар ажратиш, коллежлар ва университетлар зиммасига битирувчиларни ишга жойлаш бўйича кўпроқ мажбуриятлар юклаш ҳамда бошқа чораларни кўряпти, лекин шаҳарлар аҳолисининг 80 фоизини иш билан таъминлаётган хусусий компанияларга бу чоралар етарли бўлмаяпти – улар қаттиқ карантин оқибатларидан ҳамон ўзига кела олмаган.
The Conversation'нинг ёзишича, бу жараёнда бошқа мамлакатлардаги муваффақиятли ташаббуслар, масалан, Германиянинг икки томонлама касбий таълим тизимини имплементация қилиш самара бериши мумкин. Бу тизим талабаларнинг ҳам академик тайёргарлигини, ҳам амалий малакага эга бўлишини, таълимнинг меҳнат бозори талабларига мос келишини таъминлайди.
Шаҳар ва қишлоқ меҳнат бозорларидаги тафовутни камайтириш ҳам муҳим экани айтиляпти. Турли рағбатлантирувчи шарт-шароитларни яратиш орқали Хитой қишлоқ жойларида ҳам иш ўринларини кўпайтириш мумкин. Австралия ва АҚШ соғлиқни сақлаш ходимларини аҳоли кам яшайдиган ҳудудларга жалб қилиш учун шунга ўхшаш моделларни қабул қилган.
Мавзуга оид
17:43 / 04.04.2025
Хитой Трампнинг чақириғини қабул қилди ва жавоб қайтарди
16:27 / 04.04.2025
Хитой АҚШ товарларига бож тарифларини оширади
17:04 / 03.04.2025
Хитой ва Европа Иттифоқи АҚШ янги бож тарифларига норозилик билдирди
23:16 / 01.04.2025