Ўзбекистон | 11:38 / 05.01.2024
9202
3 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги барча эски бозорлар реконструкция қилинади, аммо уларнинг лойиҳаси маълум эмас

Қўйлиқ бозоридан ташқари, Сергелидаги Машина бозори ҳам таъмирланиб, бошқа ҳудудга кўчирилиши кутилмоқда. Аммо пойтахт ҳокимияти буни тасдиқламади. Расмийларга кўра, шаҳардаги барча эски бозорлар реконструкция қилиниши аниқ. Лекин уларнинг лойиҳалари ҳақидаги маълумот очиқ эмас.

5 январ куни Тошкент шаҳар ҳокимияти Бектемир туманидаги Қўйлиқ қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори реконструкция қилинишини маълум қилди.

Унда ишлаётган тадбиркорлар ҳамда 144 нафар ишчи-ходим ўз фаолиятини “Food city”, “ Tashkent Index” ва бошқа савдо мажмуаларида давом эттириши таклиф қилинди. Маълумотларга кўра, айни вақт бозорни бузиш бошланган, буни таҳририятнинг воқеага гувоҳ мухбири тасдиқлади.

Шундан сўнг, тармоқларда Қўйлиқ бозоридан ташқари, Сергелида жойлашган Автомобил бозори ҳам таъмирланиши ва бошқа савдо-мажмуасига кўчирилиши ҳақидаги хабарлар тарқалди. Kun.uz'нинг бозорда ишловчи манбаларига кўра, ҳозирда Автомобил бозорини реконструкция қилиш бошланиб бўлган, лекин параллел равишда ўз фаолиятини ҳам олиб бормоқда.

Шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати мутахассиси Гулноза Қосимованинг айтишича, Сергелидаги бозорнинг кўчиши “ҳозирча тасдиқланмаган хабар”.

Бундан шаҳар, туман ҳокимияти ҳам, “Тashkent Index” маъмурияти ҳам хабардор эмас. Лекин [пойтахтдаги] ҳамма эски бозорлар босқичма-босқич янгиланади”, – дейди у таҳририят мухбирига.

Аммо шаҳарда қанча эски бозорлар борлиги, уларнинг нечтаси қайта таъмирланиши ҳақидаги маълумотлар очиқланмади. Kun.uz’нинг реконструкция лойиҳалари пудратчиси кимлиги, унинг қиймати ва муддати борасида берган бир қанча саволларига ҳам жавоб берилмади.

Kun.uz манбаларига кўра, расмий хабар эълон қилинишидан бир кун олдин, яъни 4 январ куни шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов ва ИИББ бошлиғи Азиз Тошпўлатов “Food city”га бориб, эски Қўйлиқ бозорининг кўчирилишини айтишган.

Эътиборлиси, бозорларни “Food city” ёки “Тashkent Index”га кўчириш ҳаракатлари биринчи маротаба бўлаётгани йўқ. 2021 йил декабрь ойида ҳам шундай гаплар тарқалгач, Қўйлиқ деҳқон бозорида ишловчи тадбиркорлар бунга қаршилик билдиришганди. Шундан кейин ҳокимият бозор бузилмаслигини, унинг аксарият қисми босқичма-босқич кўчирилишини маълум қилганди.

Сўнг, Қўйлиқ бозорига қатновчилар учун автобус қатновлари “Food city”гача узайтириб берилиб, аҳолига ноқулайликлар яратилганди. Масъуллар қатнов масофаси чўзилгани ортидан интервалнинг узайишини инобатга олмаганди.

Дилшода Шомирзаева
Муаллиф Дилшода Шомирзаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид