Ўзбекистон | 20:54 / 06.01.2024
21088
2 дақиқада ўқилади

Тошкент-Сариосиё йўналишида илк синов парвози амалга оширилди

Синовда Сариосиё аэродромидан фуқаро авиацияси парвозларидан фойдаланиш талаблари ўрганилган.

Фото: Uzbekistan Airways

2024 йил 5 январ куни Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Let L-410 ҳаво кемасида Тошкент–Термиз, Термиз–Сариосиё, Сариосиё–Тошкент йўналишида илк синов парвозлари амалга оширилди.

Синов парвози президентнинг Сариосиё туманидан маҳаллий йўналишларда рейсларни йўлга қўйиш ҳамда бозор тамойиллари асосида Термиз халқаро аэропортидан мавжуд талаблардан келиб чиқиб, маҳаллий ва халқаро йўналишларда парвозлар географияси кенгайтирилишини таъминлаш бўйича топшириғи асосида амалга оширилган.

Таъкидланишича, ишчи гуруҳ томонидан ICAO халқаро меъёрларига мувофиқ, Сариосиё аэродромидан фуқаро авиацияси парвозларидан фойдаланиш талаблари, мавжуд инфратузилма, ATR-72 ҳаво кемаларини қабул қилиш имкониятлари ўрганилган. Шунингдек, йўловчи терминалини барпо этиш ва зарур инфратузилмани яратиш бўйича вазифалар белгиланган.

Қайд қилинишича, барча вазифалар амалга оширилганидан сўнг, Туризм қўмитаси ҳамда Сурхондарё вилоят ҳокимлиги томонидан ҳудудга жалб этилган туристларни ва маҳаллий аҳолини авиамобиллигини таъминлаш бўйича ATR-72, Let L-410 ва ундан кичик турдаги ҳаво кемалари орқали авиақатновлар йўлга қўйилади.

Мавзуга оид