Белгород мунтазам равишда зарбага учрамоқда. Чегара ҳудудидан сўнгги маълумотлар
Белгород декабр ойи охиридан буён ўққа тутилмоқда. Област губернатори Вячеслав Гладковнинг маълум қилишича, 2 январ куни «Олха» баравар ўт очиш реактив тизими зарбалари оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, яна 11 киши жароҳатланган. 4 январ кунги ҳужумда эса яна икки киши яраланган. Кейинги куни ҳам шаҳарда ракета зарбалари хавфи эълон қилинди. 6-7 январ кунлари Белгород райони зарбалар остида қолди. Шаҳар мэри Валентин Демидов 4 январ куни сўнгги кунлардаги ҳужумлар оқибатида жами 573 квартира ва 64 та хусусий уй шикастлангани ҳақида маълум қилган; 6 январ ҳолатига кўра, 519 автомобил шикастланган. Ҳукумат 22 январга қадар барча уйларнинг ташқи қисмини таъмирлашга, 2 февралга қадар эса биноларнинг ички қисмларидаги тиклаш ишлари ҳам якунланишига ваъда қилган.
Белгородда бир неча кун мобайнида йирик савдо марказлари ишламади. Аввалига «РИО», «Сити молл Белгородский» ва «Мега гринн» савдо марказлари 3-4 январ кунлари ёпиқ бўлиши эълон қилинганди, кейин бу муҳлат яна бир кунга узайтирилди ва савдо марказлари фаолияти 6 январдан тикланди. Шунингдек, шаҳарда 7 январга ўтар кечаси бўлиб ўтиши керак бўлган рождество байрами тадбирлари бекор қилинган. 6 январдан шаҳардаги бир қанча майдонларда тез тиббий ёрдам кўрсатиш курслари ташкиллаштирилди.
Расмийлар барча истовчиларга шаҳардан эвакуация бўлишни таклиф қилган. Вячеслав Гладков 5 январ куни кетишни истаганлар мэр ёки губернаторнинг қабулхонасига ёки 112 телефон рақамига қўнғироқ қилиши лозимлигии ва амалдорлар уларга региондаги қўшни шаҳарларга боришда ёрдам кўрсатишини, бу жойларда «иссиқ номерларда етарлича комфорт шароитлар»да яшаш мумкинлигини айтган. У агар истовчилар ҳаддан ташқари кўпчиликни ташкил этса, расмийлар одамларни бошқа регионларга ҳам жойлаштириш бўйича келишувга эришишига ваъда қилган. 8 январ тонгида Гладков эвакуация ҳақидаги таклифдан 300 га яқин киши фойдаланганини маълум қилди — улар Старий Оскол, Губкин ва Корочанск районларидаги вақтинча жойлаштириш марказларига юборилган.
Шаҳардаги мактабларда янги йил таътиллари 19 январга қадар узайтирилган. Болалар боғчалари ҳам шу муддатга қадар навбатчи гуруҳлар режимида, қўшимча таълим муассасалари эса — масофавий режимда фаолият кўрсатади. Шунингдек, мутасаддиларнинг тегишли тавсияларидан кейин шаҳардаги асосий олий таълим муассасалари ва техникумларида сессиялар масофавий форматга ўтказилган. Таътиллар яна узайтирилиши мумкин — Гладков «оператив вазиятдан келиб чиқиб» 16 январ куни шундай қарор қабул қилиниши мумкинлигини билдирган. Шунингдек, ҳукумат таътил узайтирилгани туфайли уйда қолган ва ота-оналари ишга чиқадиган болаларни бошқа регионлардаги дам олиш оромгоҳларига юбориш таклифини берган. 8 январ куни Гладков кун давомида бу бўйича 1300 та заявка келиб тушганини маълум қилди. Болалар Воронеж, Тамбов, Калуга ва Ярославл областларидаги лагерларга жўнатилади.
30 декабр куни Белгород Россиянинг Украина билан уруши давридаги энг кучли зарбани бошдан кечирганди. Ўша кунги ҳужум оқибатида шаҳар аҳолисидан 25 киши ҳалок бўлиб, 100 дан ортиқ киши турли даражада тан жароҳатлари олган, аҳволи оғир бўлган жабрланувчилар федерал клиникаларга олиб кетилган. Украинадаги манбалар буни 29 декабр куни украин шаҳарлари ёппасига ўққа тутилганига жавоб бўлганини билдирган. Россия президенти Владимир Путин 1 январ куни Белгород ўққа тутилишини «шубҳасиз, террорчилик акти» деб атади ва Украина бўйлаб зарбалар кўпайтирилишини ваъда қилди.