Россия марказида иссиқлик ва электрсиз янги йил: музлаш, зулмат ва сув тошиши
Марказий Россиядаги ўн минглаб кишилар қаттиқ совуқ туфайли иссиқлик ва электр энергияси таъминотидаги ёппасига узилишларга дучор бўлди. Москва яқинидаги Подолскда нисбатан энг жиддий вазият юзага келди. Пойтахт шаҳар ва Москва области расмийлари бир неча кунлик жимликдан кейин барча кучлар авария ва унинг оқибатларини бартараф этиш ташланганини маълум қилди. Аммо уйларга тезда иссиқлик қайтаришнинг имкони бўлмаяпти.
Янги йил таътили кунларида Россиянинг марказий қисмидаги бир қанча областлардан электр ва иссиқлик таъминотида юзага келган узилишлар ҳақида хабарлар келганди. Ярославсл ва Ленинград областларида, Рязан ва Воронежда яшовчилар иссиқлик ёки токсиз (кўп жойларда электр — исиниш учун ягона восита) қолганди. Химкидаги кўп қаватли уйлар ҳам совуқ эди — гувоҳларнинг хабарларига кўра, иссиқлик фақат дастлабки беш-олти қаватдаги уйларни иситиш учун етарли бўлган.
Инфратузилма жиҳатдан нисбатан фаровонроқ бўлган Москва ҳам муаммолардан четда қолмади — 4 январ куни шаҳар шимолий-шарқий қисмидаги 40 та уй трансформатор подстанцияси ёниб кетиши туфайли электрсиз қолди.
Энг йирик иссиқлик узилишлари Москва областининг Подолскдан жануби-ғарбда жойлашган Климовск районида кузатилди. Бу ерда уйларни иссиқ сув билан таъминлайдиган учта қозонхонадан бирида рўй берган авария туфайли ўн минглаб кишилар яшайдиган қарийб 200 та кўп қаватли уйлар музлай бошлади.
Климовскда яшовчи бошқалар қаторида пенсионер Елена Покровская ҳам 4 январ куни тезда совиб бораётган квартирасида уйғонади. Еленанинг ошхона плитаси — электрдан, газни ёқиб ҳам исиниш имкони йўқ эди. Кўп ўтмай электр ҳам ўчади.
У яшайдиган Весенная кўчасидаги беш қаватли уйга ҳам «КСПЗ» ЁАЖ томонидан хизмат кўрсатилган. Қозонхона Климовск ихтисослаштирилган патрон заводи ҳудудида жойлашган — бу қатъий ҳимояланган ҳудуд саналади. Маҳаллий расмийларнинг жамоатчиликка берган тушунтиришларига кўра, заводнинг алоҳида статуси туфайли қозонхонани доимий текшириб туриш имкони бўлмаган.
Елена ва бошқа юзлаб кишилар дарҳол диспетчерлик хизматларига қўнғироқ қила бошлайди. У ерда пенсионерга шундай жавоб беришади: «Муаммолар ҳал этилмоқда». Аммо камида бир кун давомида ҳеч нарса ўзгармайди. Подолск шаҳар округи раҳбари Григорий Артамоновнинг сўзларига кўра, бузилиб қолган қозонхонани ишга тушириш учун уринишлар камида 5 январ куни кечгача давом этган. Қозонхона фаолияти бутунлай тиклангани ҳақида Артамонов фақат якшанба кунига келиб хабар берган.
Климовскнинг бир қанча кўчаларидаги уйлар тезда -20 даражада совиб кетади. Подолскдаги област шифохонаси ҳам иссиқлик таъминотисиз қолади. Бинони иситиш учун кўчма дизел қурилмаси ишга туширилгунича корпусни иситиш иссиқлик пушкалари орқали амалга оширилади, бу эса электр тармоғига юкламани янада оширади.
BBC билан суҳбатда бўлган климовскликлар маҳаллий нашрларда уйларнинг аксарига иссиқлик қайтарилгани ҳақида берилган хабарлардан ғазабланишганини билдиришган. «Телевизорда гўёки уйларнинг 90 фоизи иссиқликка уланганини эълон қилишди, — дейди Покровская. — Агар ишга туширилган бўлса ҳам, 90 фоизимас, балки 10 фоизини туширишган. Биз бир-биримиз билан ёзишиб турибмиз ва биламизки — ҳамма совуқда ўтирибди».
«Мен мурожаат қилганимда бизга иссиқлик берилгани ва энди бизнинг район билан шуғулланишмаётганини айтишди», — дейди Климовскда, бузилиб қолган қозонхона яқинида яшовчи Ксения Александрова.
Александрованинг квартирасидаги вазият ачинарли. У квартирасида ҳарорат неча даражада эканини аниқ айта олмаган, аммо электр радиатор уйни исита олмагани туфайли кийимда ва иккита адёлга ўранган ҳолда ухлашга тўғри келган. «Хонадан коридорга чиқиш — худди кўчага чиққандек», — дейди Ксения ва бурнини тортади. У квартирада буваси, бувиси, турмуш ўртоғи ҳамда иккита уй жонивори билан бирга яшайди.
Маҳаллий аҳоли вакилларидан яна бири Настя уч фарзанди билан яшайди. Унинг микрорайонида электр ўчмаган бўлса-да, болалар билан музлаган квартирада қолиш тўғри бўлмаслигини англаган. Унга маҳаллий расмийлар ёрдам кўрсатган — оилани болалар оромгоҳи биносига олиб боришган.
У сўнгги кунлар давомида эски икки қаватли уйда жойлашган квартирасида ҳароратни нолдан юқорига кўтариш мақсадида электр радиаторни ёқиш учун ишдан эрта вақтли кетишига тўғри келган. Аёл болаларни ўзи билан олиб юради, чунки уларга қараб туриш учун одам йўқ. «Қувурлар аллақачон музлаб қолган. Деразамизда ҳам — муз. Ичкаридан. Биз квартирага келибоқ, авария бўлмаслиги, нимадир ёрилиб кетмаслиги учун радиаторни қувурларга қаратиб қўямиз». Бошқалар ҳам тахминан бир вақтда шу иш билан пробкалар вақти-вақти билан чиқиб кетади. Настянинг уйидаги зинапоя қувури аллақачон ёрилиб кетган.
Ёрилган қувурлар ва улардан отиладиган иссиқ сув — Климовскдаги яна бир муаммо. Бу ҳудудга Москва атрофидаги бошқа шаҳарлардан жалб этилган бригадалар ҳозирда синган қувур ва батареяларни ямаш, бошқаларини текшириб чиқиш билан банд. Иссиқлик гоҳ бўлади, гоҳ йўқ. «Ваннахонага иссиқликни фақат кечагина беришганди, бугун яна совуқ, — дейди Ксения Александрова. — Ваннада трубалар иссиқ, хоналарда эса музлаган ҳолатда эди. Энди эса ваннадагилар ҳам музлаган».
Ёш она Настянинг уйи Жанубий кварталда, микрорайоннинг энг чекка қисмида жойлашган ва у бу ерга текширувчилар энг охири бўлиб келишидан хавотирда. Амм уйи яна аввалгидек ишлай бошлагандек кўринаётган қозонхона яқинида жойлашганига қарамай, Ксения Александрованикида ҳам ҳамон иссиқлик йўқ. Қувурлар эса ёрилиб кетган. «Иссиқлик берилганини айтиб ёзишди, амалда 1- ва 3-подъездларда қувур ва батареялар ёрилган. Бу моҳиятан алдов, подъездларда тайинли иш қилинмаган ва муаммолар сақланиб қолмоқда», — дея ёзғиради у.
Пенсиянинг учдан бири — иссиқликка
Климовскда иссиқлик учун тўлов арзон эмас. Елена Боровкова 44 метр квадрат майдондаги «икки хонали» уйи учун ойига 15 минг рубллик пенсиясидан 8700 рублни (87 евро атрофида) коммунал хизматлар учун тўлайди. Декабрда бу маблағнинг беш минг рубли иссиқлик таъминоти учун тўловга кетган. Унинг уйи жойлашган беш қаватли уйни иситиш жуда кеч бошланган — октябрнинг сўнгги кунларида. Аммо иссиқлик тўлови бутун ой учун қилинган, дейди Елена.
Пенсиянинг қолган қисми кун кечириш учун етарли эмас. Яқинда у Украинадаги урушдан қайтган ярадорлар даволанадиган ҳоспиталга санитарка сифатида ишга кирганди. Аммо Еленанинг ўз ўғли урушда бедарак йўқолган ва у ярадорлар билан узоқ ишлай олмади. Энди у маҳаллий поликлиникага ҳамшира бўлиб ишга киради.
Москва области губернатори Андрей Воробевнинг «Юност» спорт марказига вақтинчалик жойлаштирилган аҳоли билан учрашувида Климовскнинг бу узилишлардан азият чеккан аҳолисидан январ ойида иссиқлик учун тўловлар ундирилмаслиги маълум қилинди. Иситиш учун электр энергияси кўп ёқилгани ҳисобга олинган ҳолда, электр энергияси учун тўлов декабр ойи даражасида белгиланади. Расмийларга кўра, зарар қозонхона эгалари томонидан қопланади.
Аммо губернатор улар билан контакт ўрната олмаган. Воробевнинг маъмурияти томонидан эълон қилинган видеода губернатор кучишлатар тузилмалар вакиллари даврасида завод ҳудудида турган ҳолатда шундай дейди: «Икки йўл бор — жиноят иши очиш ёки ихтиёрий йўлдан бориш. Мен суд орқали уни ишга туширишимиз, ходимлар ёллашимиз, тўлиқ текширув ўтказиш ва кейинги ишларни бажариш имконига эга бўлишимиз учун Тергов қўмитасига мурожаат қиламан».
Атрофдагилардан бири губернаторга аллақачон жиноий иш очилганини билдирган.
Кейинроқ губернатор мамлакат президенти Владимир Путин Климовскдаги мазкур заводни миллийлаштириш бўйича топшириқ берганини, завод эгалари «хорижга чиқиб кетгани»ни маълум қилди.
Маҳаллий аҳоли вакиллари қозонхона кимнинг қўлида бўлгани ва у қандай ҳудудда жойлашганидан қатъи назар, у ердан шаҳарга борувчи қувурлар ҳолати ҳақида қайғуриш муниципал мулозимлар зиммасида бўлгани ва бундан кейинги ишлар учун улар жавобгарлигини қайд этишган.
Ҳозирда Подолск шаҳар округининг вазият аста-секин изга тушаётгани ҳақидаги ҳар бир пости остида уйлар ҳамон совуқлигича қолаётгани ва бунинг устига нам ҳам бўлиб кетгани тўғрисидаги ўнлаб изоҳлар ёзилмоқда. Бундай хабарлар географияси жабрланган Климовскдан анча кенгроқ — бу эса Подолскнинг бошқа районларида ҳам вазият оғирлигини кўрсатади.
Мавзуга оид
15:47 / 10.11.2024
Москва областига дронлар ҳужум қилди
15:28 / 29.09.2024
Бир жиноят тарихи: қизи учун ўч олган милиция зобити
19:42 / 12.07.2024
Москва остонасида Sukhoi Superjet самолёти ҳалокатга учради
17:35 / 04.04.2024