Ўзбекистон | 16:28 / 10.01.2024
12682
6 дақиқада ўқилади

“Док-1 Макс” иши. Қурбонлар сони – 68 нафар, яна икки шахсга айблов қўйилди

Ўзбекистонда “Док-1 Макс” сиропидан 68 нафар бола вафот этган, деб маълум қилди бугун, 10 январ кунги суд мажлисида давлат айбловчиси. Прокурор, шунингдек, тергов органининг яна икки кишига нисбатан айблов хулосасини ўқиб эшиттирди.

Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси ишлаб чиқарган “Док-1 Макс” сиропи Ўзбекистонда 68 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган. Бу ҳақда ушбу иш бўйича 10 январ куни бўлиб ўтган суд мажлисида давлат айбловчиси маълум қилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Ўтган йил давомида айбланувчилар сони 65 нафар экани айтиб келинаётган эди. Яна 3 нафар қурбон борлиги ҳақида бу ҳолат бўйича қўзғатилган иккинчи жиноят ишининг тергов хулосасидан маълум бўлди. Иккинчи иш доирасида 3 боланинг ўлимидан ташқари, камида 16 бола ногирон бўлиб қолгани, 2 бола енгил жароҳат олгани ҳолатлари тергов қилинган.

Биринчи жиноят иши доирасида айблов эълон қилинган 21 нафар шахсдан 17 нафари иккинчи жиноят иши доирасида ҳам фигурантлар саналади. 5 январ кунги суд мажлисида бу иккита иш бўйича суд жараёни бирлаштирилган эди.

5 январ куни, шунингдек, судланувчилар сони 21 нафардан 23 нафарга етгани маълум бўлди. Декабр ойида суд ЖПКнинг 416-417-моддаларига асосан қўшимча тергов ўтказиш бўйича ажрим чиқарганди. Шунга кўра, тергов органлари яна 2 нафар шахсга нисбатан айб эълон қилган.

Тошкент шаҳар судининг бугун, 10 январ кунги мажлисида прокурор бу икки шахсга нисбатан айблов хулосасини ўқиб эшиттирди.

Улардан бири – Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат марказининг Фармакология қўмитасида бош мутахассис лавозимида ишлаган Толипов Фаррух Маъмуровичдир.

Фаррух Толипов юқорида кўрсатилган лавозимда ишлаб, яъни давлат хизматчиси бўла туриб такроран пора олиш, бир гуруҳ шахслар билан олдиндан тил бириктириб муайян ҳуқуқ берадиган расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш, бу ҳужжатлар қалбаки эканини била туриб улардан фойдаланиш билан шуғулланиб келганликда айбланяпти.

Ўзбекистонда ўрнатилган тартибга асосан, дори воситаси ишлаб чиқарувчи давлатдан ташқари яна камида битта давлатда рўйхатдан ўтказилган бўлса, ушбу дори воситаси клиник тадқиқотларсиз, клиниколди тадқиқотлар материаллари ва уларнинг экспертизаси асосида давлат рўйхатидан ўтказилади.

Тергов хулосасига кўра, “Quramax Medical” МЧЖ директори Сингҳ Рагвендра Пратар давлат хизматчиси бўлмиш Фаррух Толипов билан олдиндан тил бириктириб, Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “Тарарекс 200” ва “Тарарекс 400” (кейинроқ номи “Кураракс 200” ва “Кураракс 400”га ўзгарган) дори воситасини клиник тадқиқотларсиз давлат рўйхатидан ўтказиш учун бу дорининг Ҳиндистондан ташқари гўёки Тожикистонда ҳам давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисида сохта гувоҳнома тайёрлатишни режалаштирган.

Айбловга кўра, Толипов 2022 йил тахминан апрел ойида Сингҳ билан тил бириктириб, моддий манфаат эвазига, юқорида кўрсатилган дорининг Тожикистонда ҳам давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги сохта гувоҳномани тайёрлаб бериш учун ўзига аввалдан таниш бўлган Назаров Фарҳод Аҳмедовичга мурожаат қилган. Бу шахс хорижда ишлаб чиқарилган дори воситаларини Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича консалтинг хизматини кўрсатиш билан шуғулланиб келган.

Прокурорнинг айтишича, Назаров Толиповнинг илтимосига рози бўлиб, ўзи раҳбарлик қилиб келган “Origin Solutions” МЧЖнинг (2015 йилда рўйхатдан ўтказилган, ягона таъсисчиси ҳам ўзи) Тошкент шаҳар Миробод тумани Нукус кўчаси 85/1-уй манзилида жойлашган офисида сўралган дорининг гўёки Тожикистонда давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақида 2021 йил 10 декабр санаси билан, 11544 серия рақамли сохта гувоҳнома тайёрлаган. Бунга қўшимча равишда бу гувоҳноманинг гўёки Ҳиндистонда нотариал тартибда тасдиқланганини кўрсатувчи қизил рангли стикерни елимлаб, Толиповга тақдим этган.

“Ўз навбатида Толипов мазкур гувоҳномани қўлга киритиб, уни Сингҳга етказиб берган. Шунда Сингҳ Толиповнинг мазкур хизматлари учун пора тариқасида 1100 АҚШ доллари берган. Шу тариқа Сингҳ ушбу қалбакилаштирилган гувоҳномани “Quramax Medical” МЧЖнинг рўйхатга олиш бўйича менежери Мирзааҳмедов Нурия Муҳиддин қизи орқали “Тарарекс 200” ва “Тарарекс 400” дори воситасининг йиғма ҳужжатларига қўшимча қилиб, давлат марказига топширган ва мазкур қалбаки гувоҳнома асосида дори воситасининг клиник тадқиқотларсиз давлат рўйхатидан ўтказиш мумкинлиги ҳақидаги Фармакология қўмитасининг ижобий қарори қабул қилинишига эришган”, – дея давлат айбловчисининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Фаррух Толипов ва Фарҳод Назаровга нисбатан Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми “б” банди ҳамда 228-модда 3-қисми билан айблов эълон қилинган.

Тергов ҳужжатларига кўра, Сингҳ 2022 йил тахминан июн-июл ойида яна Толиповга мурожаат қилиб, бу сафар “Тарарекс орни” (кейинги номи “Кураракс орни”) дори воситасини клиник тадқиқотларсиз давлат рўйхатидан ўтказиш учун ушбу дори воситаси гўёки Ҳиндистондан ташқари Тожикистонда ҳам давлат рўйхатидан ўтказилгани ҳақидаги сохта гувоҳномани тайёрлаб беришни сўраган. Бу сафар ҳам пора миқдори 1100 доллар бўлишига келишилган.

Прокурорнинг маълум қилишича, Толипов бу ҳолатда ҳам жиноий шериги Назаровга мурожаат қилган, Назаров яна сохта гувоҳнома тайёрлаб берган, Толипов бу гувоҳномани Сингҳга топшириш орқали келишилганидек 1100 доллар олган ва якунда бу дори ҳам клиник синовларсиз давлат рўйхатидан ўтказилишига эришилган.

Бу иккинчи ҳолат бўйича Толипов Жиноят кодексининг 214-моддаси 3-қисми “а” банди билан, Назаров эса 228-модда 2-қисми “а, б” бандлари ва 228-модда 3-қисми билан айбланмоқда.

Давлат айбловчиси ўз нутқида Фарҳод Назаровнинг бу ишдаги моддий манфаатдорлиги масаласига аниқлик киритмади.

Мавзуга оид