Жаҳон | 21:46 / 10.01.2024
13366
7 дақиқада ўқилади

Эквадорда оёққа қалққан мафия, судда ютқазишга яқин Исроил ва Тайван урушининг эҳтимолли оқибатлари — кун дайжести

Дунёда сўнгги бир кун ичида содир бўлган воқеа-ҳодисалар, баёнотлар жамланган янгиликларимизни тақдим этамиз.

Эквадорда мафия қўзғолони

Эквадорда кенг кўламли қуролли тўқнашувлар юз бермоқда — мафия давлатга қарши уруш эълон қилди.

Эквадордаги энг йирик жиноий синдикат етакчиси қамоқхонадан қочишга муваффақ бўлган, унга маҳаллий полиция ҳам қаршилик кўрсата олмаган. Қуролли қўзғолончилар мамлакатдаги камида 5 та қамоқхона персоналини ҳам гаровга олган. Шундан сўнг мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилиниб, комендантлик соати жорий этилган.

Эквадорда маҳаллий жиноий тўдага мансуб маскали инсонлар Эквадордаги давлат телевидениесига янгиликлар эфири чоғида бостириб кирган. Улар тўғридан тўғри эфирга чиқишга ҳаракат қилган. Улар телевизиончиларни уриб-суриб, «машҳурлик дақиқаси»га эришмоқчи бўлишган.

Бандитлар бутун Эквадор бўйлаб полициячилар ва ҳарбийларни ўлдира бошлаган.

Қуролланган инсонлар Эквадордаги Гуакил университетига бостириб кириб, одамларни олиб қочишга ҳаракат қилгани таъсирлари ҳам тарқалди.

Умуман, мамлакатда ўнлаб инсонлар ўғирланган ва гаровга олинган. Талончиликлар бошланиб кетган, ижтимоий тармоқлар полициячиларни қатл этиш тасвирларига тўлиб кетди.

Эквадор президенти турли шаҳарларда инсонларни гаровга олган жиноятчиларни жойида отиб ташлаш учун армияга из берувчи фармонни имзолаган. Мамлакат миллий ассамблеяси қўзғолончиларни ўлдирганлик учун ҳар қандай шароитда афв эълон қилинишини айтган.

Жиноий тўданинг қўзғолонини молиялаштириш Мексика наркокартеллари томонидан амалга оширилаётгани айтилмоқда.

 

Исроил судда ютқазиши мумкин

Америкалик тажрибали юрист БМТнинг халқаро судида Жанубий Африка Республикаси Исроил устидан ғалаба қозониши мумкинлигини башорат қилмоқда.

Халқаро судда кўрилган геноцид ҳақидаги ишларда кўп муваффақият қозонган Фрэнсис Бойл ЖАРнинг Исроил устидан ғалаба қозониши ва бу оғир оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигини таъкидлаган.

БМТнинг олий суди ҳисобланадиган халқаро суд пайшанба куни Жанубий Африканинг аризасига кўра Исроил устидан 1948 йили қабул қилинган Геноцид тўғрисидаги конвенцияни бузганлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқа бошлайди.

Конвенцияга кўра геноцид деганда «инсонларнинг миллий, этник, ирқий ёки диний гуруҳларини тўлиқ ёки қисман йўқ қилиш ниятида амалга оширилган ҳаракатлар» тушунилади.

Жанубий Африканинг 84 варақли даъво аризасида халқаро суддан 7 октябрдан буён аёвсиз бомбалашлари натижасида 23 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлиб, 60 мингга яқин инсон ярадор қилинган Исроилга янги жиноятларни амалга оширишга йўл қўймаслик талаб қилинган.

Исроилнинг ўнг ултрарадикал миллатчи партияси етакчиси, молия вазири Бецалел Смотрич янги баёнот билан чиқиш қилди.

«Ғазода бизни Ер юзидан супуриб ташлашни истовчи 2 миллион нацистлар бор», — деган у Исроилнинг 14-каналига берган интервюсида

«Биз учун учун Ғазо секторида яҳудий манзилгоҳларини кўнгилдагидек қилиб яратишимиз, узоқ муддатли истиқболда у ерда яҳудийлар иштирокини таъминлашимиз керак», — деган у. 

Қизил денгиздаги вазият

АҚШ Давлат департаменти ҳусийчиларнинг Қизил денгиздаги ҳужумлари келтирган зарарини ҳисоблаб чиқди

Яманнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракати томонидан Қизил денгизда уюштирилган ҳужумлар 40 дан ортиқ давлатларнинг манфаатларига ҳамда жаҳон денгиз ташувларининг 20 фоиздан зиёдроғига дахл қилмоқда.

Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Энтонги Блинкен Қатарда эълон қилган. Блинкеннинг қўшимча қилишича, товарларни ўз манзилига етказиш кўпроқ вақт талаб этмоқда. Бу эса уларнинг таннархини оширади ва ортиқча харажатлар бутун дунё бўйлаб истеъмолчилар гарданига тушади.

Бу орада Хитойнинг энг йирик COSCO Shipping Исроил портларига киришни бас қилади. Бу компания жаҳондаги энг йирик тўртинчи контейнер ташувчиси ҳисобланади ва жаҳондаги ташувларнинг 11 фоизи унинг ҳиссасига тўғри келади.

Исроил ОАВнинг хабар беришича, гарчи компанияга Қизил денгизда ҳусийчиларнинг ҳужуми таҳдид солмаётган бўлса-да, улар ўзининг бу хатти-ҳаракатига изоҳ бермаган.

 

Украина уруши муҳокамаси

Украина, Ғарб ва Глобал Жануб давлатларининг Володимир Зеленский таклиф этган тинчлик формуласи бўйича учрашув натижасиз якунлангани маълум бўлди. Учрашув 16 декабр Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида, тўлиқ махфийлик шароитида бўлиб ўтган, деб хабар беради Bloomberg агентлиги.

Мулоқот чоғида иттифоқчилар Россия билан музокаралар ўтказишда Киевнинг шартлари бўйича гаплашишга ҳаракат қилган. Бу ҳолда Украина ва G7 давлатлари бу масалада «Глобал Жанубнинг Россия билан тўғридан тўғри гаплашиш тўғрисидаги чақириқлари»га қарши чиқишган.

Учрашувда Саудия Арбистони, Ҳиндистон ва Туркия вакиллари иштирок этган бўлса, Хитой, Бразилия ва Бирлашган Араб Амирликлари ўз вакилларини жўнатмаган.

 

Тайван уруши оқибатлари

Тайван учун уруш жаҳон иқтисодиётини вайрон қилиши мумкин, деб ёзмоқда Bloomberg нашри.

Агар Хитой ва Тайван ўртасида уруш бошланса унинг оқибати жаҳон иқтисодиёти учун шу қадар фожиали бўладики, энг яхши йўли бу урушни умуман бошламасди. Бундай уруш 10 триллион доллар ёки бутунжаҳон ялпи ички маҳсулотининг 10 фоизига тушади. Бу эса 2008 йилги жаҳон иқтисодий таназзули ва коронавирус пандемияси қўшиб ҳисобланганда жаҳон йўқотишларига тенг миқдор.

Урушдан энг катта зарар кўрадиган соҳа Тайвандан яримўтказгичлар экспорти бутунлай тўхтаб қолиши бўлади: бу борада орол аллақачон жаҳон иқтисодиётининг «темир михи»га айланиб бўлган. Тайван жаҳондаги яримўтказгичларнинг 60 фоизини ишлаб чиқаради. Энг замонавий чипларнинг 90 фоизи Тайванда чиқади.

Айниқса АҚШнинг урушга аралашуви энг ёмон вариант бўлади. Бу ҳолда оролнинг иқтисодиёти 40 фоизга, материкдаги Хитойники 16 фоизга, АҚШники эса 7 фоизга қулайди. Тайваннинг шунчаки қамал қилиниши орол иқтисодиётини 12 фоизга, жаҳон иқтисодиётини эса 5 фоизга қисқартиради.

Таназзул Жанубий Корея, умуман Жанубий Шарқий Осиёга энг катта таъсир ўтказади. Чипларни етказиб беришдаги узилишлар сабаб Россияга ҳам таъсири АҚШга нисбатан каттароқ бўлади.

Тайванда 13 январ куни ҳам президентлик, ҳам парламент сайловлари бўлиб ўтади. Барча номзодлар Хитой билан бирлашишга қарши, бироқ ҳукмрон партия етакчиси энг қатъий позицияда турибди ва унинг яна ғалаба қозониши Хитой билан зиддиятни янада кучайтириши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, ХХР раҳбари Си Жинпинг ўзининг янги йил мурожаатида оролнинг материкдаги Хитой билан бирлашиши муқаррар ҳодиса эканлигига урғу берганди. 

Германияда фермерлар норозилиги

Германия пойтахти Берлин шаҳридаги Бранденбург дарвозаси олдида фермерлар уч кундирки норозилик акцияси ўтказмоқда. Улар ҳукуматнинг субсидия ва имтиёзларни қисқартиришига қарши чиқмоқда.

Фермерларга бирдамлик белгиси сифатида берлинликлар уларга қайноқ ичимликлар ва емаклар олиб келишмоқда. Айрим фермерлар полиция кузатувида ўз тракторларида Берлинни айланиб томоша қилиб, яна акция ўтаётган жойга қайтиб келишмоқда.

Шуҳрат Шокиржонов
Муаллиф Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид