Ўзбекистон | 18:30 / 10.01.2024
14563
1 дақиқада ўқилади

Масжидлар, Ҳаж ва Умра адо қилганлар сони ҳақида маълумот берилди 

Дин ишлари бўйича қўмитага кўра, Ўзбекистонда 2131 та масжид (бир йил олдингига нисбатан 13 тага кўп) ва 197 та ноисломий диний ташкилот фаолият юритмоқда. 2023 йилда 15 150 нафар ўзбекистонлик Ҳаж зиёратига, 43 мингдан ортиқ ватандош эса Умрага борган.

Фото: Kun.uz

Бугунги кунда Ўзбекистон бўйича 2131 та масжид фаолият юритмоқда. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати раҳбари Илҳом Маърупов маълум қилди.

Қайд қилинишича, 2023 йилда 13 та янги масжид давлат рўйхатидан ўтказилган, 82 та масжидда тубдан қайта қуриш ҳамда 43 та масжидда таъмирлаш ишлари якунланган.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда 197 та ноисломий диний ташкилот фаолият юритмоқда. 2023 йилда Ангрен шаҳрида католик черкови давлат рўйхатидан ўтказилган. Конфессия вакилларининг 50 дан ортиқ республика ва халқаро тадбирларда иштироки таъминланган. Шунингдек, уларга 14 та диний байрамларини ўтказишда амалий ёрдам кўрсатилган.

Қўшимча қилинишича, 2023 йилда ўзбекистонликларнинг 15 минг 150 нафари Ҳаж, 43 мингдан ортиғи Умра амалини адо этган.

Аввалроқ, Дин ишлари бўйича қўмита АҚШ Ўзбекистондаги диний эркинлик ҳолатини ижобий баҳолагани ҳақида хабар берган эди.

Мавзуга оид