Жаҳон | 22:49 / 10.01.2024
19814
2 дақиқада ўқилади

Назарбоевнинг жияни Қозоғистондан ноқонуний олиб чиқилган 1,4 миллиард долларни давлатга қайтарди 

Ҳозир у 6 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда. 

Фото: РИА Новости

Қозоғистон коррупцияга қарши кураш хизмати судланган тадбиркор Қайрат Сотиболди давлатга 650 миллиард тенгени (1,4 миллиард доллар) қайтарганини маълум қилди, деб ёзди Tengrinews. 

Департамент расмий вакили Арман Тлеукановнинг айтишича, Қайрат Сотиболдига нисбатан жиноий йўл билан олинган даромадларни легаллаштириш бўйича 218-модда 3-қисми бўйича терговга қадар суриштирув ишлари якунланган. 

«Қайрат Сотиболди жиноий йўл билан олинган маблағлар ва ноқонуний орттирилган даромаддан фойдаланган ҳолда турли хил мулк сотиб олган, шу жумладан чет элда. Бу иш ҳозир судда. Солиқ тўлашдан бўйин товлаш бўйича яна бир эпизод қайд этилган бўлиб, мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда», деди у. 

Тлеукановнинг аниқлик киритишича, шу кунгача давлатга қайтарилган маблағларнинг умумий миқдори 912 миллиард тенгени (2 миллиард доллар) ташкил этади. 

Қайрат Сотиболди Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни. 2022 йил март ойида у «Қазақтелеком» алоқа операторидан маблағларни ўғирлаш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда гумонланиб ҳибсга олинган эди. 

Назарбоевнинг жияни «Қазақтелеком» акцияларининг 24 фоиздан ортиғига эгалик қилувчи Skyline Investment офшор компанияси асосчиси бўлган. 

Ўша йилнинг сентябр ойида Сотиболди мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва икки компаниянинг маблағларини ўғирлашда айбдор деб топилди. У мол-мулки мусодара қилиниб, муайян лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 6 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. У айбини тан олди ва етказилган зарарни қоплади, бу эса енгиллаштирувчи ҳолатга айланди. 

2023 йил декабр ойида Сотиболди шартли равишда озод қилиш тўғрисида ариза берди. Аммо суд қамоқхонадаги хулқ-атвори намунали эмаслиги ва бир қанча қоидаларни бузганини таъкидлаб, аризани рад қилди.

Мавзуга оид