Жаҳон | 16:09 / 10.01.2024
21072
5 дақиқада ўқилади

Россия ҳудудига навбатдаги зарбалар ва Купянск остонасида янги жанглар. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 685-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Россия ҳарбий қўмондонлиги воронежлик Александр Шпилёвни ҳарбий хизматдан бош тортгани учун Луҳанск областидаги зиндонга ташлади. Сафарбар қилинганлардан бири бўлган ушбу ҳарбий 19 декабр куни Путинни Украинадаги урушни тўхтатишга чақирганди.
  • РЕН телеграм-каналига кўра, «Важних истории»нинг собиқ мухбири Екатерина Фоминага қарши армия тўғрисида «фейк» тарқатиш юзасидан иш очилган. Фомина ўзини жиноий иш ҳақида хабардор қилишмаганини айтган.
  • Тюменда «махсус ҳарбий амалиёт қатнашчиси»ни калтаклашда гумон қилинганлар қўлга олинди.
  • Курск области Горнал қишлоғи ўққа тутилиши оқибатида тинч аҳоли вакили бўлган аёл ҳалок бўлди. Регион узра тўртта дрон уриб туширилган, улар аэропорт ва АЭС йўналишида ҳаракатланаётган бўлган.
  • Орлов области губернатори Андрей Кличков «ёнилғи-энергетика комплекси объекти»га иккита дрон қулагани ҳақида хабар берди. Телеграм-каналлар нефт база ва Орёлдаги электр энергия оператори биносига ҳужум қилинганини ёзишган.
  • Белгородда 8 январ куни кечқурун йўлланган зарбалар оқибатида уч киши жонлантириш бўлимига ётқизилган.
  • «Шченки» гуруҳи солисти Максим Теслига (у Петербургдаги концертда яланғоч ҳолда чиққанди) ҳарбий комиссариат учун чақирув қоғози топширилди. Шунингдек, суд уни майда ҳуқуқбузарлик учун ўн кун муддатга ҳибсга олган.
  • «Ведомости» хабарига кўра, РФ ҳукумати «нодўст» мамлакатлардаги консулликларда президентлик сайловларида овоз беришни бекор қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Орлов областидаги нефт базага дронлар ҳужуми

Губернатор Андрей Кличков 9 январ куни «душманнниг учувчисиз учиш аппаратлари» Орлов областидаги ёнилғи-энергетика комплекси объектига ҳужум қилгани ҳақида хабар берди. Резервуарда юзага келган ёнғинни ўчиришга муваффақ бўлинган. Кличковнинг маълумотига кўра, ҳужум оқибатида уч киши жароҳатланган. Жабрланганлардан икки нафари шифохонага ётишдан бош тортган.

Mash ва Shot телеграм-каналлари ёзишича, украинларнинг камикадзе дронлари Орёлнинг Семинар кўчасидаги «Орёлнефтпродукт» нефт базасига ҳужум қилган. Кремл таъсиридаги Mash канали тасдиқлашича, украинларнинг иккинчи дрони Високоволтная кўчасидаги «Орёлэнерго» биносига урилган ва у ерда ёнғин бошланган. «112» телеграм-каналига кўра, дронларнинг Орёл шаҳрига ҳужуми оқибатида  икки киши яраланган. Улар «Орёлэнерго» биноси деразалари синишидан жароҳатланган. 

Бу учувчисиз учиш аппаратларининг Орлов областидаги нефт базаларга учинчи ҳужумидир. У биринчи бор 2022 йил 16 ноябрида, иккинчи бор — 2023 йил 17 сентябрида зарбага учраганди.

ВКонтактедаги «ИНЦИДЕНТ | ОРЕЛ» саҳифаси
Орлов области губернатори Андрей Кличков

Купянск атрофидаги украин ҳарбийлари

Украин аскарлари Харкив области Купянск шаҳри яқинидаги жанговар позициясига кетмоқда
Ozge Elif Kizil / Anadolu / ddp / Vida Press
Купянск яқинидаги олдинги чизиқ окопларида навбатчилик қилаётган украиналик пиёда
Ozge Elif Kizil / Anadolu / ddp / Vida Press
Купянск йўналишидаги жанговар позицияга йўл олган украин ҳарбийлари
Ozge Elif Kizil / Anadolu / ddp / Vida Press
Купянскда россияликларнинг 7 январ кунги ракета зарбаси оқибатида ёниб кетган уй. Зарба оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, яна икки киши яраланган
Ozge Elif Kizil / Anadolu / ddp / Vida Press
Украиналик ҳарбий мини-«Град» гранатомётларини жангга тайёрламоқда. Бу мобил ракета қурилмаси бўлиб, пикап устига қурилган, машинанинг юкхонасига ракета учириш учун учириш трубалари жамланмаси ўрнатилган
Ozge Elif Kizil / Anadolu / ddp / Vida Press
Мини-«Град»дан россияликларнинг Купянск яқинидаги позицияларига ўт очилиши
Ozge Elif Kizil / Anadolu / ddp / Vida Press

Мавзуга оид