Жаҳон | 19:04 / 11.01.2024
10561
2 дақиқада ўқилади

Дунёда йўллари энг тирбанд шаҳарлар рейтинги тузилди 

Лондон дунёдаги энг ёмон йўл шароитларига, АҚШ шаҳарлари тирбандлик бўйича дунёдаги энг паст кўрсаткичларга эга. 

Фото: PA images

Англия пойтахти Лондон 3 йилдан бери дунёдаги «энг секин» шаҳар бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда TomTom Traffic Index маълумотлари далолат бермоқда. 

Қайд қилинишича, 2023 йилда Лондон бўйлаб 10 км масофани босиб ўтиш учун сарфланган ўртача вақт 37 дақиқа 20 сонияни ташкил этган. Бу 2022 йилга нисбатан бир дақиқага ва 2021 йилга нисбатан деярли икки дақиқага кўп. Шу билан бирга, Дублин (Ирландия), Торонто (Канада), Милан (Италия) ва Лима (Перу) ҳам ушбу рейтингнинг юқори поғоналарини эгаллаган. 

Бундан ташқари, Ирландия пойтахти Дублин шаҳри 2023 йилда аҳолининг тирбандликда ўтказган вақти бўйича дунё шаҳарлари орасида биринчи ўринни эгаллади. TomTom маълумотларига кўра, дублинликлар тирбандликда ўртача 158 соат вақт йўқотган. Кейинги ўринларни Перу пойтахти Лима (157 соат) ва Мексика пойтахти Мехико (152 соат) эгаллади. 

Бу ажабланарли бўлиши мумкин, TomTom маълумотларига кўра, Америка шаҳарлари тирбандлик бўйича энг яхши кўрсаткичларга эга. Жумладан, Оҳайо штатидаги Дайтон ва Акрон, Ню-Йоркдаги Олбани ва Сиракуза каби шаҳарларда ҳайдовчилар тирбандликда жуда кам вақт ўтказишади. Шунингдек, Детройт, Мемфис, Сент-Луис, Талса, Цинциннати ва Буффало каби шаҳарларда ҳам вазият яхши. Қайд қилинишича АҚШ шаҳарларининг барчасида 10 км масофани ўртача 10 дақиқада босиб ўтиш мумкин. Ушбу ҳолат шаҳарлар ўртасидан магистрал йўлларнинг ўтганлиги билан изоҳланади ва Американинг барча шаҳарларида ўртача тезлик соатига 60 км дан ошади. Бундай инфратузилма ноёб замонавий ечим бўлиб, Лондон ёки Дублин каби жойларга мос келмайди. Бундан ташқари, магистрал йўлларнинг шаҳар ўртасидан ўтиши яшаш учун қулай шароит яратадими деган саволни келтириб чиқаради. 

TomTom рейтингни тузишда дунёнинг 55 та давлатидаги 387 та шаҳардаги йўл ҳаракати ҳолатини таҳлил қилган. Рейтингда Ўзбекистон шаҳарлари бўйича маълумот йўқ.

Мавзуга оид