Ўзбекистон | 17:40 / 11.01.2024
17052
9 дақиқада ўқилади

Ифлосланган ҳаво, бефарқ масъуллар, кутилаётган аянчли оқибатлар – мутахассислар билан суҳбат

Ҳаво ифлосланиши кутилган ҳолат эди, аммо ташқи техноген омиллар бу жараённи янаям тезлаштириб юборди. Экологиянинг бу тарзда ёмонлашиб кетиши онкологик касалликларни қўзғаб юбориши ҳақида бонг урилмоқда. Табиатни фалажлашга қаратилган ҳар қандай экологик жиноятларга барҳам бериш керак. Экология вазирлиги ёки бошқа тегишли ташкилотлар уйғониши, вазиятни ўнглашга қаратилган кечиктириб бўлмас чоралар кўрилиши керак. Аммо ҳозирча бундай ташаббуслар кўзга ташланаётгани йўқ. Соҳа мутахассислари билан навбатдаги суҳбатида шулар ҳақида гаплашилди.

Атмосфера ҳавоси, унинг ифлосланиши анчадан бери долзарб бўлаётган мавзу. Аммо охирги вақтларда унинг таналарда кучлироқ ҳис қилинаётгани ва чангларнинг кўзга яққол ташланаётгани мавзунинг актуаллигини янаям оширди.

Сезганингиздек бугун жуда кўп муҳокама қилинган ва ҳануз қилинаётган масала – ҳаво ифлосланиши ҳақида гаплашамиз. Kun.uz унинг юзага келиши, сабаблар ва оқибатларини таҳлил қилиш учун иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов, Экология қўмитаси собиқ ходими, экофаол Бунёдбек Абдуллаев ҳамда онколог Олим Имомов билан суҳбатлашди.

— Ўзи экология ифлосланишида масъул ким? Чора кўрадиган ташкилот қайси?

Бунёдбек Абдуллаев: Экология масалалари учун бевосита масъул ташкилот Экология вазирлиги ҳисобланади, ҳаво таркибини, ҳолатни аниқловчи ташкилот эса ЎзГидромет, чора кўриш борасида эса ҳокимият ва маҳаллий идоралар масъул ҳисобланади.

2020-2022 йилларда Экология қўмитасида ишлаган пайтимда яхши мутахассислар бор эди, атмосфера ҳавосини ҳимоя қилиш борасида тадқиқотлар, доимий мониторинг ишлари олиб борилар эди. 3 та йўналишда атмосфера ҳавоси ўрганилади: физик, кимёвий ва биологик йўналишлар бўйича.

Физик йўналишда ҳавога таъсир этувчи тебранишлар, товушлар ўрганилади. Биологик йўналишда ҳаво таркибида инсон соғлиғига таъсир қилувчи майда тирик организмлар ўрганилади. Кимёвий йўналишда эса завод-фабрикалар, машиналар ҳавога чиқараётган чиқиндилар, газлар ўрганилади. Шу йўналишларда ўрганилиб, керакли тавсиялар ишлаб чиқилади.

Масалан, Тошкент шаҳрида ёз ойларида ҳавонинг қуруқлик даражаси ошиб боради ва чанг кўтарилади. Шунинг учун ҳокимиятга кўчаларни пуркаб суғориш ва чангнинг таъсир кучини пасайтириш бўйича тавсия берилади. Бундан ташқари, хонадонларда, касалхона ва бошқа жойларда ҳаво намлантирувчиларидан фойдаланиш ҳам тавсия қилинади, чунки намланган ҳавода майда зарраларнинг зарари камаяди. Бундан ташқари, ҳавони ифлослантираётган корхоналар ҳам бор (уларнинг манбалари 90 фоизи аниқ), ўшаларга жарима солинарди, вақтинча ёпиларди. Ва ўша корхоналарнинг атрофини яшиллаштириш бўйича тавсиялар бериларди. Умуман, атмосфера ҳавоси ифлосланиши саноат ва қурилишнинг ўсиши билан пропорционал ўсади.

Тошкент ер сатҳида ботиқ ҳудудда жойлашгани учун доим ҳам шамол бўлавермайди. Асосан Ақтош шамоли, яъни Бўзсув канали оқими бўйлаб эсувчи ва Чирчиқ дарёси бўйлаб эсувчи шамоллар бор, улар заҳарли ҳавони ўзи билан олиб кетади. Аммо қўшимча тўғонлар қурилиши натижасида шамол йўқоляпти, шамол пайдо бўлиши учун ҳам шароит йўқоляпти. Бундан ташқари, Тошкент шаҳрига кирган шамол ўз табиий йўналишида ҳаракатлана олмаяпти, баланд бинолар қурилган, сув йўлининг икки ёни ҳам берк. 2 йил олдин Бўзсув каналининг икки ёнини очишга ҳаракат бўлди, аммо охирига етмади. Шаҳардаги заҳарли ҳавони олиб чиқиб кетувчи энг муҳим омил бу ўша шамоллар.

Энг кўп дарахтлар кесилиши ва машиналардан чиқаётган газлар зарари ҳақида гапириляпти. Машинадан чиқаётган газлардан кўра ўша машиналар ҳаракатланаётганда қўзғаладиган чанг зарарлироқ бўляпти. Майда зарралар ҳавога кўтарилишига техникалар ҳаракати шароит яратяпти. ПМ 2,5 дан паст майда зарралар ҳар доим ҳам тўлиқ зарарли ҳисобланмайди кимёвий ва биологик таркибига кўра. Аммо аҳолини айблашдан ҳам йироқман, улар шу ерда яшаётгани учун айбдор эмас.

– Эркин ака, муаммо борасидаги позициянгиз ва ҳаво ифлосланиши манбалари ҳақида гапириб берсангиз.

Эркин Абдулаҳадов: Юқорида Бунёд ака тўғри тушунтирдилар. Шамол кам эсадиган ҳудудда заҳарли ҳаво бир жойда муаллақ қолиб кетади, чиқиб кетмайди, бу эса экологик муаммоларни келтириб чиқаради.

ЎзГидромет ташкилоти ҳаво ифлосланиши, таркиби бўйича доимий мониторинг қилиб боради. Ҳар 5 дақиқада ўлчаб боради асбоблар, ПМ 2,5 зарралар ва 21 турдаги зарарли ингредиентларни ўлчайди. Агар ҳаво даражаси меъёрдагидан ифлосланган бўлса, автоматик тарзда огоҳлантириш берилади. Агар вазият қизил даражага чиқса, бу хизмат ўзи Экология вазирлиги, ФВВга маълумотларни етказади. Демоқчиманки, ЎзГидромет вазифаси шулар. Ундан кейинги жараёнлар Экология вазирлиги зиммасида бўлади. Лаборатория текширувлари ўтказилиб, манба аниқланади. Ҳукумат қарорларига кўра, энди завод-фабрикаларнинг ўзига ҳам датчик ўрнатиляпти, алоҳида мониторинг қилиб бориляпти. Агар меъёрдан кўп зарарли моддалар чиқараётган бўлса, қатъий ҳуқуқий чоралар кўрилади.

Турли мавсумларда Тошкент шаҳри ҳавоси ифлосланишини келтириб чиқараётган манбалар ҳар хил. Масалан, ҳозир қиш мавсумида кўмир ва мазут ёқилғилари кўп ёқиляпти. Ўзи Париж битимига кўра, кўмир ва мазут ёқиш мумкин эмас. Ўзи кўмир ва мазут ёқиш, автомобиллардан чиқаётган газлар, иссиқлик иқлим исишига сабаб бўляпти. Ҳаво қуруқлашиши Яқин Шарқдан Марказий Осиёгача ва Хитой ҳудудларида кузатилади. Бизда бу жараён ҳам антропоген, ҳам табиий омиллар эвазига бўлиб, оғирроқ бўлмоқда.

Дарахтлар кесилиши, қурилиш ишлари бош режасиз бўлаётгани катта омиллардан бири бўлмоқда. Агар бош режа бўлганда, экологик ҳолат инобатга олинган бўларди. Палапартиш қурилиш ортидан шамоллар йўналиши йўқоляпти, заҳарли ҳаво муаллақ туриб қоляпти. Шамол йўли тўсилиб қурилган комплекс объектларда ўз-ўзидан димиқиш юзага келади, муаллақ ҳаво туриб қолади.

Юқорида айтилгандек, автотранспортлар ҳам чанг эффектини кўпайтирмоқда. ЎзГидрометнинг датчиклари ҳам айни машиналар кўп ҳаракатланадиган пик вақтларда юқори даражани кўрсатади. Машиналар тормозланган пайтда ҳам ишқаланиш эвазига ҳавога зарарли заррачалар кўтарилади. Ҳаво циркуляцияси давомида биздаги машиналар ҳаракати кўплиги айнан шамол йўқ вақтга тўғри келар экан, яъни айни ҳавога чанг кўтарилганда шамол ҳам бўлмайди, бу омил ҳам ифлосланишни оширади. Антропоген ва табиий омиллар сабаб бўлмоқда.

Шу йили биз жаҳон стандартлари бўйича юқори даражага чиқдик, яъни ниқоб ва газдан ҳимояловчи ниқоб тақадиган даражага. Нега ниқоб тақиш бўйича кенг кўламда огоҳлантириш бўлмаяпти, деган савол ҳам бўлади кўпчиликда. Бунга сабаб шуки, бизда ПМ 2,5 бўйича стандартлар ишлаб чиқилмаган.

— Олим ака, онколог шифокор сифатида ва фуқаро сифатида сиз қандай муносабатдасиз? Ҳаво ифлосланиши инсон саломатлигига қандай таъсир қилади ўзи?

Олим Имомов: Ҳаво ифлосланиши бутун дунё бўйлаб катта муаммога айланган, 19-асрдан бери бу муаммо бор. Атмосфера ифлосланиши 3 та асосий касалликларга туртки бўлади, булар: юқори нафас йўллари касалликлари, юрак-қон томир касалликлари ва онкологик касалликлар. Атмосфера ҳавоси ифлосланиши натижасида бу касалликлар ортиши исботланган. ПМ 2,5 зарралари одам ўпкасининг энг чуқуригача, қон томирларгача кириб боради ва юрак-қон томир касалликлари, сурункали ўпка касалланишига олиб келади. Бу нарса бутун дунёда долзарб.

Тошкент ҳавоси ифлосланиши ҳам инсон саломатлигига зарарли. Айниқса, бронхиал астма, аллергия, юрак-қон томир касалликлари, инсулт ва бошқа касалликларни кўпайтириши мумкин.

Тошкент бронхиал астма ва онкологик касалликлар ўчоғига айланяпти, деган бир маълумот ўқиб қолдим. Албатта, ҳаво ифлосланишининг таъсири бор, аммо онкологик касалликлар ўчоғига айланяпти, дейиш бироз ошириб юбориш бўлган. Яъниким, онкологик касалликлар бир йилда бўлиб қолмайди, бунинг шаклланиши учун йиллар керак. Шунинг олдини олиш учун ҳам шу гаплар гапириляпти ҳозир. Агар атмосфера ифлосланишига қарши чоралар бўлмаса, ростдан ҳам онкологик касалликлар кўпайиш хавфи бор. Ифлосланган ҳаводан нафас олиш тамаки чекиш билан баробар ҳисобланади. Агар сурункали ифлос ҳаводан нафас олинса, бу бронхиал астмани кўпайтиради, ўпка яллиғланиши билан боғлиқ касалликлар, юрак-қон томир касалликлари кўпаяди. Айтганимдек, агар олди олинмаса, онкологик касалликлар ҳам кўпайиши мумкин.

Интервюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади
Тасвирчи Мирвоҳид Мирраҳимов,
Монтаж устаси Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид