Спорт | 15:28 / 12.01.2024
18636
16 дақиқада ўқилади

Биринчи ўйинлар қандай ўтган? Ўзбекистоннинг Осиё кубокларидаги иштирокига назар

13 январ куни Ўзбекистон миллий жамоаси ўз тарихида 8 марта Осиё чемпионатида иштирокини бошлайди. Сурияга қарши ўйиндаги имкониятлар, гуруҳдаги вазиятларга тўхталишдан олдин, келинг, Ўзбекистон вакиллари шу пайтгача бу мусобақани қандай бошлаганини эслаб ўтамиз.

Фото: Kun.uz

Бу томондан, айтиш мумкинки, етарлича оптимизмга ундовчи натижалар бор. Мисол учун, ўтган етти турнирнинг очилиш ўйинларида Ўзбекистон 5 марта ғалаба қозонган. Биттадан мағлубият ва дуранг қайд этилган. Ўнта гол урилган ва тўрт гол ўтказилган. Тўрт ўйинда дарвоза дахлсизлиги сақлаб қолинган. Яъни одатда жамоа Осиё чемпионатларини жуда яхши бошлаган.

БАА – 1996. ТАНИШУВ

Ўзбекистон учун илк Осиё кубоги 1996 йилда бошланганди. Тожикистонга қарши ўтиш ўйинларида устун келган юртдошларимиз Хитой, Сурия, ҳамда Япония ўрин олган гуруҳга жойлашишди.

Мухлислар илк расмий турнирни анча катта умидлар билан қарши олишганди. Зеро атиги икки йил олдин Ўзбекистон жамоаси Ҳиросимада Осиё ўйинлари ғолиби бўлган ва кейинги қитъа мусобақаларида доимий фаворитлардан бўлишига ишонч бор эди.

Аммо аслида ҳаммаси бошқачароқ бўлиб чиқди. Осиё жамоалари асосий эътиборни Осиё кубоги ва жаҳон чемпионатлари саралашига қаратар, Осиё ўйинларига кўпроқ ёш футболчиларни юборар экан. БААдаги турнирда икки йил олдингидан мутлақо бошқача Япония, Корея, Саудия жамоалари дуч келишди.

Бошқа тарафдан миллий жамоада ҳам ўзгаришлар катта эди. Ҳиросимада жамоа етакчилари бўлган қатор футболчилар амирликларга бора олишмайди. Азамат Абдураимов фаолиятини якунлаёзган, Андрей Фёдоров дисквалификацияси туфайли майдонга туша олмасди. Жамоа сардори Миржалол Қосимов эса мусобақага яқин қолганда жароҳат олиб, таркибдан четда қолади.

Шундай бўлса-да, Ўзбекистон турнирни ғалаба билан бошлайди. Игор Шквирин икки йил олдинги финалда тўқнаш келган Хитой дарвозаси ишғол этади ва миллий жамоанинг Осиё кубокларидаги илк гол муаллифи сифатида тарихда қолади. Аслида хитойликлар бутун ўйин давомида устунлик қилиб, қатор хавфли вазиятлардан фойдалана олмаган эди. Ўйин охирларида қарши ҳужумдаги рейдлардан бирини ёш Олег Шацких гол билан якунлаб, ўйин тақдирини ҳал қилади.

Таркибдаги муаммолар кейинги ўйинларда натижага ҳам таъсир кўрсата бошлади. Аввал Японияга қарши учрашув 0:4 ҳисобида бой берилди. Сўнгги тур Сурияга қарши кечди – бу ўйиндаги ғалаба жамоага чоракфинал эшикларини очар, дуранг ҳам қандайдир имконият сақлаб қоларди. Аммо сурияликлар ўйин охирида ғалаба голини уриб (1:2), жамоамизни гуруҳда сўнгги ўринга тушириб юборди. Ўйиндаги ягона жавоб голи муаллифи Сергей Лебедев майдондан четлатилиши ҳисобни тенглаштириш имкониятини пасайтириб юборганди.

ХИТОЙ – ЎЗБЕКИСТОН – 0:2.
1996 йил. 6 декабр. Ал Айн, БАА. 3000 томошабин.
Ўзбекистон: Павел Бугало, Февзи Давлетов, Фарҳод Магометов, Геннадий Денисов, Эдуард Мамотов (Илҳом Шарипов, 72), Степан Атоян, Сергей Лебедев (Николай Ширшов, 63), Нўъмон Ҳасанов, Равшан Бозоров, Игор Шквирин, Олег Шацких.
Мураббий: Баҳодир Иброҳимов
Голлар: Шквирин (80), Шацких (89)

ЛИВАН – 2000. ШАРМАНДАЛИК

Фото: Getty images

Ливандаги турнир бошланишидан бир йил аввал вакилларимиз БААда қаҳрамонлик кўрсатиб, йўлланмани мезбонлар қўлидан тортиб олганди. Аммо бизни Ливанда нималар кутаётганини билганимизда, ким билади, бу йўлланма учун курашишни ҳам истамасмидик...

Маҳмуд Раҳимовга 2000 йилни кўриш насиб этмади, у шакллантирган ажойиб жамоа аросатда қолди. Унинг ўрнига тайинланган Виктор Борисов бошчилигида жамоа 2000 йил февралида битта ўртоқлик учрашуви ўтказди (Муғулистон 8:1). Кейин эса россиялик таниқли мутахассис Павел Садирин таклиф этилди. Катта тайёргарлик режаси ишлаб чиқилди, аммо Таиланд билан ўйинда (0:2) жамоани майдонга олиб тушган ушбу мутахассис кутилмаганда жуфтакни ростлаб қолди.

Осиё кубоги бошланишига атиги икки ой вақт қолганди. Яна бир қийин томони, ўша пайтга келиб, таркибдаги аксарият футболчилар легионер ҳисобланар, уларни олиб келиб, ўртоқлик ўйинларида майдонга тушириш жуда қийин эди. Мисол учун, турнир олдидан ташкил қилинган БАА ва Таиландга қарши ўйинларда майдонга тушган 11 футболчи кейинчалик, Ливанга бормади. Айнан Осиё чемпионатига борадиган таркиб фақат бир марта, турнирга кетиш олдидан Тошкентда йиғилда ва Туркманистонни 3:0 ҳисобида енгди. Бу пайтда жамоа «Нефтчи» мураббий Юрий Саркисянга топширилади.

Қатарга қарши ўйин худди тўрт йил олдинги Хитойга қарши учрашувдек кечди. Яъни араблар бутун ўйин давомида устунлик қилишди, фақат Бугалонинг маҳорати, рақиб ҳужумчиларининг нўноқликлари туфайли 73-дақиқагача 0:1 ҳисобини ушлаб туришнинг имкони бўлади. Ўша паллада Қатар дарвозасига жарима зарбаси белгиланади ва жамоа сардори Миржалол Қосимов ўз услубида чиройли гол уриб, ҳисобни тенглаштирди.

Гуруҳдаги кейинги ўйинларда Япония ва Саудия Арабистони рақиб эди. Бу ўйинларда ўзбекистонликлар ўз тарихидаги энг йирик мағлубиятли ҳисобларни қабул қилиб олишади – мос равишда 1:8 ва 0:5.

ҚАТАР – ЎЗБЕКИСТОН – 1:1
2000 йил. 14 октябр. Саида, Ливан. 5000 томошабин.
Ўзбекистон: Павел Бугало, Бахтиёр Ашурматов, Андрей Фёдоров, Даврон Файзиев, Николай Ширшов, Отабек Шомуродов (Неъматилло Қуттибоев, 70), Сергей Лебедев, Миржалол Қосимов, Шуҳрат Раҳмонқулов, Рустам Дўрмонов (Андрей Акопянц, 75), Максим Шацких.
Мураббий: Юрий Саркисян.
Голлар: Муҳаммад Ал Блуши (60) – Миржалол Қосимов (73)

ХИТОЙ – 2004. САЛОМ, БАҲРАЙН

Қизиқ кузатув. Агар ҳар тўрт йилда ўтган Осиё чемпионатларидаги миллий жамоамизни бироз таҳлил қилсак, ҳар сафар футбол тараққиётининг турлича йўналишларида, турли босқичларда бўлганига гувоҳ бўламиз. Масалан, илк турнирда биз учун бегона бўлган футбол муҳитига кириб келган, Ливан мусобақаси пайтида миллий чемпионатимиз ва легионерларимиз ўртасида катта тафовут юзага келган, аксарият футболчилар четда бўлгани учун тайёргарликда муаммолар туғиларди. Ливандаги шармандаликдан кейин футболимиз бошқа йўналишдан кетди – «Пахтакор» клуби асосида миллий жамоа базаси юзага келди. Жуда кўп истеъдодли ва ёш футболчилар «Пахтакор» клубида бирга тўп сура бошлади. Хусусан, қуйидаги протоколдан ҳам билиш мумкин – Ироқ билан ўйинда майдонга тушган 10 футболчи айни пайтида «Пахтакор» клуби аъзоси ҳисобланар эди.

Ниҳоят, Осиё футболига мослашган жамоа анча муносиб, фаворитларга хос ҳаракат қилди. Ироққа қарши ўйинда, шунингдек, 2-турда Туркманистон дарвозасига яна Миржалол Қосимов жарима зарбасини голга айлантириб, минимал ҳисобдаги ғалабани таъминлади. Умуман, гуруҳни уч ўйинда ҳам 1:0 ҳисобида ютган вакилларимиз 100 фоизлик натижа кўрсатган ягона жамоа бўлиб тугатди. Плей-оффда эса Баҳрайн кутиб турарди.

Шу пайтгача расмий ўйинларда бизга тўқнаш келмаган, гуруҳдан ҳам фақат сўнгги турдаги ғалаба ёрдамида чиққан Баҳрайнни ютиш у қадар қийинчилик туғдирмайдигандек кўринганди. Аммо ҳисобни доимгидек жарима зарбасидан (бу сафар Гейнрих) очган бўлсак-да, якуний ҳисоб 2:2 кўринишини олди ва машъум пеналтилар сериясида араблар ғалаба қозонди.

Сарлавҳада айнан Баҳрайнга урғу берилганининг сабаби, Хитойдаги чорак финал ҳали ибтидо бўлиб, кейинги икки жаҳон чемпионатлари саралашида айнан ушбу жамоа вакилларимизни мундиал остонасида тўхтатиб қолганди.    

ИРОҚ – ЎЗБЕКИСТОН – 0:1
2004 йил. 18 июл. Ченгду, Хитой. 12400 томошабин.
Ўзбекистон: Евгений Сафонов, Бахтиёр Ашурматов (Темур Кападзе, 57), Андрей Фёдоров, Асрор Алиқулов, Алексей Николаев, Сервер Жепаров, Миржалол Қосимов (Ислом Иномов, 73), Андрей Акопянц, Владимир Шишелов, Александр Гейнрих (Николай Ширшов, 85), Анваржон Солиев.
Мураббий: Равшан Ҳайдаров.
Гол: Миржалол Қосимов (22)

МАЛАЙЗИЯ – 2007. БОРИМИЗ ШУ.

Фото: Getty images

Юқоридаги каби даврларга бўлсак, буниси «Пахтакор» гегемонлигининг тугаши ва «Бунёдкор» пайдо бўлиши билан боғлиқ. Миллий жамоа базаси сифатида бир клубни ривожлантириш лойиҳаси кутилган натижаларни бермади. Асосий жамоа бир йил олдин Осиё ўйинларида анча яхши ўйин намойиш этган олимпия жамоаси мураббийи Рауф Инилеевга топширилди. Асосан ёшлар билан ишлашда муваффақиятли бўлган Инилеев асосий жамоага «Пахтакор»нинг ташқарисидан ҳам номзодлар олиб кела бошлади. Ҳайдаров, Аҳмедов, Денисов, Ибрагимов, Соломин каби футболчилар олимпия жамоасидаги ўйинлардан сўнг бош жамоада ҳам ишончли тўп сура бошлади.

Биринчи ўйинлардаги ягона мағлубият бўлса-да, Эронга қарши учрашув илиқ таассурот қолдирди, жамоа ҳатто биринчи бўлимда ҳисобда олдинга ҳам чиқиб олганди, аммо тажрибали эронликлар вазиятни ўз томонига оғдиришади.

Ўзбекистон кейинги турларда Хитой ва Малайзия устидан ғалаба қозониб, гуруҳ масаласини ҳал қилади. Саудия Арабистонига қарши чоракфиналда эса 1:2 ҳисобида мағлубиятга учраган бўлсак-да, Инилеев шогирдлари тажрибали рақибдан асло қолишмаганди. Ҳатто Максим Шацких ҳисобни тенглаштирганди ҳам, аммо ҳакамнинг хатоси сабабли ушбу ҳақиқий гол офсайд сифатида баҳоланади.

ЭРОН – ЎЗБЕКИСТОН – 2:1
2007 йил.11 июл. Малайзия. 1863 томошабин.
Ўзбекистон: Павел Бугало, Ботир Қораев, Хайрулла Каримов, Ислом Иномов, Алексей Николаев, Азиз Ҳайдаров (Хикмат Ҳошимов, 61), Темур Кападзе, Азиз Ибрагимов, Сервер Жепаров, Улуғбек Бақоев (Александр Гейнрих, 81), Павел Соломин (Марат Бикмаев, 64).
Мураббий: Рауф Инилеев.
Голлар: Хусайний (55), Козимиян (78) – Ризоий (16, автогол)

ҚАТАР – 2011. ШОК.

Мухлисларимиз ушбу мусобақада икки марта ҳақиқий шокни бошдан ўтказди. Бир яхши ва бир ёмон.

Вадим Абрамов 2011 йилда жамоани қабул қилиб олгач, жуда кўп ўртоқлик учрашувларида мағлубиятга учрагани, умуман мураббийга футбол жамоатчилигидаги турлича қарашлар туфайли, жамоага нисбатан ишонч жуда пасайиб кетганди. Шунинг учун очилиш ўйинини анча хавотир билан кутган ўзбеклар учун Қатарга қарши ажойиб натижа кутилмаган бўлганди. Ушбу ўйинда Ўзбекистон нафақат ғалаба қозонди, балки ўйин борасида ҳам анча замонавий ва ҳужумкор услубда ҳаракат қилганди. Одил Аҳмедов узоқ масофадан зарба йўллаб, эҳтимол турнир тарихидаги энг чиройли голлардан бирини урганди.  

Кейинги ўйинларда Кувайт ҳам мағлуб этилиб (2:1), натижаси аҳамиятсиз ўйинда Хитой билан дуранг ўйналиб (2:2), чоракфиналда Иордания ортда қолдирилгач (2:1), Ўзбекистон ҳақида кўп фикрлар янграйди, ҳатто Абрамов шогирдлари ғолиб бўлиш учун фаворитлардан бири сифатида тилга олина бошлайди. Шунинг учун ҳам яримфиналда Австралияга қарши ўйиндаги натижа ўзбек футбол мухлислари учун иккинчи шок эди – Ўзбекистон ўз дарвозасидан жавобсиз 6 та гол олиб чиқади.

Ушбу турнирда миллий жамоамиз ҳозиргача ўз тарихидаги энг яхши натижани қайд этиб, тўртликка кирган бўлса-да (Жанубий Кореяга қарши учинчи ўрин учун баҳс 2:3 ҳисобида якунланади), яримфинал ўйинидаги натижа қандайдир нохуш доғ сифатида қоладиган бўлди.

ҚАТАР – ЎЗБЕКИСТОН – 0:2
2011 йил. 7 январ. Қатар. 37 143 томошабин.
Ўзбекистон: Игнатий Нестеров, Саҳоб Жўраев (Станислав Андреев, 53), Анзур Исмоилов, Одил Аҳмедов, Виктор Карпенко, Азиз Ҳайдаров, Темур Кападзе, Сервер Жепаров, Максим Шацких, Жасур Ҳасанов (Санжар Турсунов, 66), Александр Гейнрих (Олим Навкаров, 89).
Мураббий: Вадим Абрамов
Голлар: Одил Аҳмедов (59). Сервер Жепаров (77)

АВСТРАЛИЯ – 2015. ХАЙР, ОЛТИН АВЛОД

Фото: AFC

Аввал «Пахтакор» билан Осиё Чемпионлар Лигаси ва миллий жамоа ўйинларида, кейинроқ, баъзилари «Бунёдкор» сафида Сколари қўл остида тўп суриб, анча тажриба тўплаган ўзига яраша олтин авлодимиз учун бу турнир охиргиси бўлди. Тўғри, Одил Аҳмедов кейинги турнирда ҳам майдонга тушади, чиройли гол ҳам уради, аммо ўша Қатарда порлаган юлдузларнинг аксарияти фаолиятини охирига келиб қолган, Сардор Рашидов, Жамшид Искандаров каби ёшлар эса, ҳали ташаббусни қўлга олишга тўлиқ тайёр эмасди. Шунинг учун Миржалол Қосимов ушбу турнирда тажрибага кўпроқ урғу берди.

Шимолликлар билан биз ЖЧ-2014 саралаш баҳсларида ҳам икки бор тўқнаш келган ва иккисида ҳам устун келгандик. Ушбу учрашув ҳам аввалгиларидан фарқ қилмади ва жамоамиз кичик ҳисобда устунликка эришди. Кейинги ўйинни Хитойга бой берган бўлсак-да (1:2), сўнгги турда Саудия Арабистони устидан иродали ғалабага эришиб (3:1), плей-офф масаласини ҳал қилдик. Афсуски, чоракфиналда Жанубий Кореяга қарши кечган навбатдаги ўйинда ҳам омадимиз чопмади. Сон Хон Мин асосий вақти дуранг билан якунланган ўйиннинг қўшимча бўлимларида дубл қайд этиб, ватандошларига 2:0 ҳисобидаги ғалабани туҳфа этди.

ЎЗБЕКИСТОН – ШИМОЛИЙ КОРЕЯ – 1:0
2015 йил. 10 январ. Австралия. 12 078 томошабин.
Ўзбекистон: Игнатий Нестеров, Виталий Денисов, Анзур Исмоилов, Шавкат Муллажонов, Акмал Шоаҳмедов, Темур Кападзе, Азиз Ҳайдаров, Одил Аҳмедов (Сардор Рашидов, 72), Санжар Турсунов (Жамшид Искандаров, 90), Сервер Жепаров, Игор Сергеев (Баҳодир Насимов, 89).
Мураббий: Миржалол Қосимов
Гол: Игор Сергеев (63)

БАА – 2019. ПЕНАЛТИ

Амирликларга биз бу сафар қисман авлодлар алмашинувини бошдан кечириб, янгиланган футболчилар билан, шунингдек илк марта чет эллик мураббий қўл остида ташриф буюрдик. Шукуров, Сиддиқов, Шомуродов, Машарипов каби номлар миллий жамоанинг янги юлдузлари эди, Аҳмедов ва Бикмаев ўз тажрибаси билан уларни ўз ортидан эргаштирди.

Уммон билан биринчи ўйиндан

Уммон билан ўйинда Купер шогирдлари ҳисобни очган бўлса-да, 2-бўлимга келиб уммонликлар анча кучайиб кетди. Ҳисобни тенглаштиришдан ташқари, Нестеров дарвозаси олдида қаторасига вазиятлар ярата бошладилар.

Ўйин охирларида Эктор Купер олдинги чизиқдаги икки футболчини алмаштирди ва мана шу қарор нафақат ушбу учрашув, балки Элдор Шомуродовнинг тақдирини ҳам бутунлай ўзгартириб юборди. Шомуродов захирадан майдонга тушгач, 4 дақиқа ўтмасдан гол урди, бутун ўйин давомида Бикмаев амалга ошира олмаган ҳаракатлари билан барчада илиқ таассурот қолдириб, жамоанинг асосий ҳужумчиси ким бўлиши кераклиги ҳақидаги саволга қатъий жавоб берди. Шундан сўнг, миллий жамоада ҳам, «Ростов»да ҳам асосий таркибдан жой олиб, А Сериягача йўлни босиб ўтган етакчи ҳужумчимиз афсуски, жароҳат туфайли, Қатардаги турнирни ўтказиб юборади. Умид қиламизки, Шомуродов ҳали ҳамма сўзини айтиб улгургани йўқ ва ҳали жаҳон чемпионатида ҳам байроғимизни майдонга олиб тушади.

Хуллас, Уммон устидан қозонилган ғалабадан сўнг, Туркманистон билан 4:0 ҳисоби қайд этилди, японлардан эса 1:2 ҳисобида мағлубиятга учрадик.

Гуруҳдаги ўйинларни кўпчилик Италия миллий жамоаси услубига ўхшатган, Купер асосан ҳимоядаги ишончли ҳаракатларга урғу берарди. Афсуски, турнирдаги тақдиримиз ҳам италянларга ўхшаш якунланди – Австралия билан нимчорак финал ўйинида ҳисоб очилмагач, пеналтилар сериясида рақиб 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди.  

ЎЗБЕКИСТОН – УММОН – 2:1
2019 йил. 9 январ. Шаржа, БАА. 9 424 томошабин.
Ўзбекистон: Игнатий Нестеров, Акмал Шоаҳмедов, Анзур Исмоилов, Егор Кримец, Олег Зотеев, Отабек Шукуров, Одил Аҳмедов, Жавоҳир Сидиқов, Сардор Рашидов (Достон Ҳамдамов, 59), Жалолиддин Машарипов (Икром Алибоев, 79), Марат Бикмаев (Элдор Шомуродов, 82).
Мураббий: Эктор Купер.
Голлар: Одил Аҳмедов (34), Элдор Шомуродов (86) – Муҳсин Ал Хасаний (72)

Қ.Асланов тайёрлади

Мавзуга оид