Жамият | 17:02 / 12.01.2024
29470
2 дақиқада ўқилади

Бухорода қозонхона ишчиси эҳтиётсизлиги сабаб ўзини отиб қўйди

У тан жароҳати олгач машинадан тушиб, яқин орадаги тиббий пунктгача юриб борган ва кўрсатилган муолажаларга қарамасдан кўп қон йўқотиши оқибатида вафот этган.

Фото: Бош прокуратура

Бухоро давлат университети талабалар турар жойи қозонхонаси ишчиси пневматик қурол билан ўзини отиб қўйган. Бу ҳақда Kun.uz’га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълумот берди.

Ҳодиса 2024 йил 10 январь куни соат 16:20 да Бухоро давлат университети талабалар турар жойига яқин ҳудудда содир бўлган.

Маълум бўлишича, университет ётоқхонасига қарашли қозонхона ишчиси, 32 ёшли Х.М. ўзига тегишли “Нива” машинасида бўлган “KRUGERGUN” газли пневматик қуролни кўздан кечираётиб, унинг тепкисини босиб юборган ва чап кўкрак қисмидан жароҳатланган.

Жабрланувчи шу ҳолида машинадан тушиб, ётоқхонанинг биринчи қаватида жойлашган тиббиёт пунктига биринчи ёрдам сўраб борган. Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш ходимлари етиб келгунга қадар фуқаро Х.М. кўрсатилган бирламчи тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Марҳумнинг ўлими бўйича судга оид тиббий экспертизаси тайинланган.

Мавзуга оид