Жаҳон | 15:42 / 12.01.2024
17807
8 дақиқада ўқилади

Ғаройиб масканлар: АҚШдаги битта уйдан иборат шаҳарча қандай пайдо бўлган? (Фото)

Аляскадаги Уиттер номли шаҳарчанинг барча аҳолиси битта кўп қаватли уйда яшайди. Боғча, савдо дўкони, касалхона, полиция идораси ва шаҳар администрацияси кабилар ҳам шу уйнинг ўзида жойлашган. Мактаб алоҳида бинода, лекин унга ҳам ҳам ташқарига чиқмасдан ерости йўли орқали ўтса бўлади.

Фото: alaskarails.org

АҚШнинг Аляска штатида 14 қаватли битта уйдан иборат Уиттер номли шаҳарча бор.

Бинода турар жойлар, шаҳар администрацияси, полиция бўлими, озиқ-овқат дўкони, меҳмонхона, кафе ва боғча жойлашган. Бир сўз билан айтганда, Уиттер аҳолиси кўп қаватли уйдан чиқмай бемалол яшайверса бўлади.

Шаҳарча Кенай яриморолида, Шаҳзода Вилгелм бўғозида, Аляска штатининг маъмурий маркази Анкориж шаҳридан 93 километр узоқликда жойлашган. Уиттер (Whittier) деб номланган бу шаҳарча дунёдаги ноодатий масканлардан бири ҳисобланади.

Уиттердаги 14-қаватли бино \ Фото: yablor.ru

Шаҳарча тарихи

Уиттер тарихи иккинчи жаҳон уруши даврига бориб тақалади. Ўша пайтда АҚШ Мудофаа вазирлиги Уиттерда Салливан ҳарбий лагерини (Camp Sullivan) ташкил этади. Сўнг у ерда порт қурилади. Ҳарбий базага Анкориждан темирйўл тортишга қарор қилишади.

1943 йилда порт ва темирйўл тармоғи қуриб битказилади ва Уиттер Мудофаа вазирлиги учун муҳим жойга айланади. Штатлардан борадиган аскарлар Уиттердаги ҳарбий лагерда тақсим қилинарди.

Уиттер жойлашган ҳудуд харитаси

Иккинчи жаҳон уруши тугагандан сўнг кўп ўтмай СССР ва Америка ўртасида гео-сиёсий рақобат бошланади. Бу рақобат туфайли Аляскага яқин бўлган Шарқий Осиёдаги Хитой ва Корея яриморолида фуқаролар уруши бошланади. Натижада АҚШ Мудофаа вазирлиги Уиттердаги ҳарбий лагерни ҳарбий базага айлантиришга қарор қилади.

Шу тариқа Уиттерда иккита бино қурилади. Улардан бири “Ҳож уйи” ёки “Бегич минораси” (Begich Towers) деб аталган баланд бино эди. Бино 1953 йилда Антон Андерсен томонидан лойиҳалаштирилган.

Уиттердаги 14-қаватли бинонинг таъмирланиши

Бу бино “Ҳож уйи” номини Уиттердаги ҳарбий база командири Уилям Ҳож туфайли олган. Кейинчалик уни “Бегич минораси” деб аташган. Иморатга бу ном 1972 йилда Аляскада бедарак йўқолган америкалик сиёсатчи Бегич туфайли берилган.

Иккинчи бино 6-қаватли “Бакер Билдинг” (Buckner Building) биноси бўлиб, у 1953 йилда қуриб битказилган. Ҳар икки бино ҳам АҚШ армиясининг Муҳандислик корпуси учун қурилган бўлиб, “Бегич минораси”га штаб раҳбарияти, командирлар ва зобитлар, “Бакер Билдинг”га эса оддий аскарлар жойлаштирилган.

Уиттердаги иккинчи бино. Ҳозир бу бинода ҳеч ким яшамайди. \ Фото: yablor.ru

“Бегич минораси” 14 қаватли бўлиб, унда 150 та икки ва учта ётоқхонаси бўлган уйлар бор эди.

1964 йилда Уиттер жойлашган ҳудудда денгизда кучи 9,2 магнитуда бўлган кучли зилзила содир бўлади. Оқибатда кучли тўлқинлар пайдо бўлиб, портдаги барча қурилмаларни бузиб юборади. Бироқ иккита кўп қаватли бинога ҳам зарар етмайди.

“Совуқ уруш” даврида Уиттерда асосан ҳарбийлар яшаган. 1964 содир бўлган зилзиладан сўнг АҚШ Мудофаа вазирлиги шаҳарчадан ҳарбийлар олиб кетишга қарор қилади. У ерда ҳарбийлар билан бирга яшаган оддий одамларнинг аксарияти ҳарбий базадан кетишни хоҳлашмайди.

Қолишни хоҳлаган одамлар 14 қаватли уйга жойлашади. “Бакер Билдинг” эса бўш қолади.

Уиттернинг умумий кўриниши \ Фото: flickr.com

Ўша пайтларда Уиттерда 1000 киши яшаши учун жами ўнта кўп қаватли бино қурилиши режалаштирилганди. Бироқ ҳатто “Бакер Билдинг” ҳам бўш қолгандан сўнг бу режа бекор қилинади.

1969 йилда Уиттер шаҳар мақомини олади ва унга мэр тайинланади. Полиция, тиббий тез ёрдам каби хизматлар йўлга қўйилади.

Битта уйдан иборат шаҳар

Ҳозир Уиттер шаҳридаги деярли барча одам фақат 14 қаватли уйда яшайди. Унда жами 196 та квартира жойлашган.

Бундан ташқари, кўп қаватли уйда савдо дўкони, кафе, меҳмонхона, спортзал, почта ва полиция бўлими, шаҳар администрацияси, шифохона, боғча ва яна бир қанча ташкилотлар жойлашган. Кўп қаватли уйда ҳатто ихчам концерт зали ва болалар учун спорт майдончаси ҳам бор.

Уиттердаги болалар майдончаси
Уиттердаги савдо дўкони

Шаҳар мактаби кўп қаватли уйнинг ёнидаги алоҳида бинода жойлашган. Бироқ унга бориш учун 14 қаватли уйдан чиқиш шарт эмас. Мактаб ва кўп қаватли уйни боғлайдиган ерости йўлаги қурилган. Болалар бинодан чиқмай ерости йўли орқали мактабга бораверишади.

“Бегич минораси” 14 қават бўлса ҳам, у ерда 15-қават ҳам бор. Бунга сабаб – бинода 13-қават йўқ ва шаҳар аҳолисини қаватларни рақамлаштиришда уни ташлаб кетган.

Энг юқори қаватда жойлашган меҳмонхонада ҳатто ҳашаматли президент хонаси ҳам бор. Айрим сайёҳлар айнан шу хонада яшаб кетиш учун ҳам Уиттерга келишади.

Уиттер қиш фаслида \ Фото: koreadaily.com

Бу хонада бир пайтлар АҚШнинг 34-президенти Дуайт Эйзенхауэр тунаб қолган. Ўшанда Аляскага сафар қилган президент Уиттерга ҳарбийлар билан учрашиш учун борган ва бир кеча меҳмонхонада тунаб қолган эди.

2015 йилда АҚШ федерал ҳукумати Уиттер шаҳар администрациясига 14 қаватли уйни таъмирлаш учун 3 млн доллар ажратади. Шундан сўнг кўп қаватли уйдаги иситиш тизими янгиланади ва металл қувурлар полипропилен қувурларга алмаштирилади.

Шунингдек, бинонинг ташқи ва ички томони бўялади. Чироқлар кам энергия сарфловчи лампаларга алмаштирилади. Турли жиҳозлар янгиланади.

Уиттердаги 14-қаватли уй

Авваллари 14-қаватли уйда ҳарбийлар яшагани билиниб турган бўлса, таъмирдан кейин бинонинг ташқи ва ички томони ўзгариб, тамомила бошқача кўриниш олади.

Уиттер бугун

Сўнгги маълумотларга кўра, бугун Уиттерда 250 нафардан ошиқ одам яшайди. Шаҳар аҳолиси сайёҳларга хизмат кўрсатиш ва асосан балиқчилик билан шуғулланади. Шу сабабли Уиттерда машиналардан кўра қайиқлар кўпроқ.

Уиттерда машиналардан қайиқлар кўп. \ Фото: alaskarails.org

АҚШнинг бошқа жойларидан денгиз орқали Уиттер яқинидаги портга етиб келган одамлар шаҳарга бориш учун 4 100 метрли туннелдан ўтишлари керак. Бу туннел тунда соат 22:30 дан бошлаб эрталабгача ёпиб қўйилади. Белгиланган вақтдан кеч қолганлар машинада тунашига тўғри келади. Туннелдан ўтиш пулли бўлиб, бир марта ўтиш учун 13 доллар тўлаш керак.

Уиттерга шу туннел орқали кириб келиш мумкин. Қуруқликдан бошқа йўл йўқ.

Уиттер – сайёҳларнинг севимли маскани. Бу ерга Тинч океани бўйлаб саёҳатга чиққан круиз лайнерлари тез-тез келиб туради. Айниқса, ҳаво бироз иссиқ бўладиган ёз фаслида бу шаҳарни кўриш учун кўпчилик келади. Уиттернинг атрофи ўрмон билан қоплангани учун бу ерда турли ёввойи ҳайвонларни кўчада ҳам учратиб қолиш мумкин. Сайёҳлар сувда сайр қилиш билан бирга, ўрмонни ҳам айланиш имкониятига эга бўлишади. Шаҳардаги меҳмонхонада оддий хоналар 100 доллар атрофида.

Уиттерга тез-тез круиз лайнерлари ҳам келиб туришади.

Уиттердан 100 километр узоқликдаги Шаҳзода Уилям кўрфазида букри китлар келадиган жой бор. Ҳар йил ёзда кўплаб сайёҳлар ўша ёққа бориб китларни томоша қилиш учун ҳам Уиттерга келади.

Ёз фаслида Уиттерда қуёш 22 соат давомида кўриниб туради. Ана шу ҳам шаҳарга сайёҳларни жалб қилади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Ғайрат Йўлдошев
Муаллиф Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид