Жаҳон | 11:36 / 12.01.2024
7114
3 дақиқада ўқилади

Жонсон Москва ва Киев ўртасидаги музокараларни тўхтатгани ҳақидаги айбловни рад этди

Борис Жонсон Киевга Москва билан сулҳ тузишни тақиқлагани ҳақидаги Россия расмийларининг айбловларини «бемаънилик» деб атади. Бу версияни аввалроқ Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова айтган эди.

Фото: AP

Британия собиқ бош вазири Борис Жонсон россиялик расмийларнинг 2022 йил баҳорида Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик музокараларини тўхтатгани ҳақидаги даъволарини «тўлиқ бемаънилик ва Россия пропагандаси» деб атади. Бу ҳақда 10 январ куни The Times нашри хабар берди.

Жонсон нашрга 2022 йил мартида Киев ва Москва ўртасида бўлиб ўтган Истанбул музокараларидан кейин Володимир Зеленский билан суҳбат чоғида «ҳар қандай эҳтимолий келишувнинг моҳиятидан хавотирда эканлигини» ва Украинани «минг фоиз» қўллаб-қувватлашга ваъда берганини айтди.

«Ўшанда мен бироз хавотирда эдим. Бу қандай келишув бўлишини тасаввур ҳам қила олмадим ва Россия билан ҳар қандай келишув жуда ёмон бўлади деб ўйладим», деб айтган Жонсон аввалроқ, 5 январ куни The Wall Street Journal нашрига.

Ким ва нима учун Жонсонни музокараларни бузишда айблади?

Аввалроқ, Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова Жонсон Киевга Москва билан тинчлик битимларини имзолашни «тақиқлаган» деган эди. Захарованинг версияси Россия Федерацияси билан Истанбул музокараларида Украина делегацияси раҳбари Давид Арахамиянинг «1+1» телеканалига берган интервюсида айтган сўзларига муносабат бўлди. Арахамия шундай деганди: «Биз Истанбулдан қайтганимизда, Борис Жонсон Киевга келди ва биз улар билан умуман ҳеч нарса имзоламаслигимизни айтди - фақат жанг қилиш».

Жонсонга эргашган Давид Арахамия ҳам The Times билан суҳбатда Кремл ўз версиясини қўллаб-қувватлаш учун Жонсоннинг сўзларини атайлаб бузиб кўрсатганини тасдиқлади. Унга кўра, Жонсоннинг «шунчаки уришиш» зарурлиги ҳақидаги баёноти Украинанинг ғарб иттифоқчилари билан Россияга қандай қаршилик кўрсатиш бўйича маслаҳатлашувларида айтилган.

2022 йил 29 март куни Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан бир ой ўтиб, Истанбулда Россия Федерацияси ва Украина ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Украина делегацияси раҳбари Давид Арахамиянинг сўзларига кўра, Москва Украинанинг бетарафлиги ва НАТОга кирмаслиги шарти билан урушни тугатишни таклиф қилган, бироқ Киев бунга рози бўлмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид