Ўзбекистон | 13:02 / 13.01.2024
5972
5 дақиқада ўқилади

“Аҳолига вақтида маълумот бериш тизими йўқ эди” — Экология вазирлиги масъуллари ҳаво ифлосланиши ҳақида

Танқидлардан кейин Экология вазирлиги масъуллари матбуот анжумани ўтказишди. Унда Kun.uz мухбири Тошкент шаҳри ҳавоси ифлосланиши ҳақида аҳолига вақтлироқ огоҳлантириш эълон қилинмагани, ҳаво таркибидаги зарарли моддалар ҳақида маълумот берилмаётганига оид саволлар берди.

12 январ куни Экология вазирлиги масъулларининг ОАВ учун узоқ кутилган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳри ҳавосининг ифлосланиш сабаблари ва кўрилаётган чоралар масалалари муҳокама қилинди.

Kun.uz мухбири масъуллардан нима сабабдан бир неча ойдан бери ўта актуал бўлиб келаётган муаммо юзасидан жамоатчиликка изоҳ берилмаганини сўради. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши вазирлиги вакили Фаррух Сатторовнинг айтишича, ташкилотнинг тизимида камчилик бўлган, вақтида огоҳлантириш тизими йўлга қўйилмагани боис шундай муаммо юзага келган. 

Одамларга вақтида ахборот бериш тизими йўлга қўйилмаган. Лекин бу йилдан президентнинг 81-сонли қарори [Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида] имзоланди, унга кўра, атмосфера ҳавоси билан боғлиқ бўлган масалаларда рақамлаштириш масаласи ҳам турибди. Ҳозирги кунда бу йўналишда ишлар олиб бориляпти. Вазирлигимизда ситуацион марказ ташкил этилди, ҳозирги кунда рақамлаштириш ишлари олиб бориляпти. Демоқчи бўлганим, бундай воқеалар ҳақида олдиндан аҳолини хабардор қилиш тизими йўлга қўйилган. Бунинг устида ишлар олиб бориляпти”, – деди у. 

Kun.uz мухбири берилган жавоб юзасидан яна ҳам аниқроқ жавоб олиш учун яна мутахассисларга юзланди. “Ҳозирги белгиланган тартибга кўра, атроф-муҳит, ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ ўрганишларни Ўзгидромет олиб бориб, бу борадаги ахборотларни вазирликка тақдим қилиши, вазирлик эса шунга қараб фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солиши мумкин бўлган вазиятларни аниқлаши белгиланган. Нега ҳалигача шу тизим йўлга қўйилмаган?” – деган савол билан Экология вазирлиги масъулларига мурожаат қилди.

Фаррух Сатторовнинг берган маълумотига кўра, Ўзгидромет станциялари анча йил олдин олинган ва кўп жойда бу автоматик тизимга уланмагани сабаб маълумотларни йиғиш вақт олган. Ҳозир Ўзгидромет республиканинг 65 та нуқтасидан ўзининг кузатиш нуқталарига эга. Шундан ҳозир 8таси автоматлаштирилган ва яна 8таси автоматлаштирилиши кутиляпти.

Масъул ноябрда Тошкент шаҳри ҳавосининг ифлосланиши ниманинг ҳисобига бўлгани ҳақида ҳам маълумот бериб ўтди.

Ноябрдаги ҳаво ифлосланиши асосан табиий фактордан келиб чиққанди. Шамол Тошкентга қараб чанг-тўзонни олиб келган. Лекин биздаги ҳаво инверсияси туфайли ҳаво чиқиб кетмаган ва ҳавонинг алмашиши юз бермаган. Шунинг ҳисобига ҳаво туриб қолган. Бу нарсани олдиндан прогноз қилиш учун автоматик станциялар бўлиши керак. Автоматик станциялар арзон нарса эмас. Мана бу йилдан бошлаб, Гидрометнинг станцияларини автоматлаштириш масаласи ҳам йўлга қўйилмоқда. Ҳозиргача 8таси ўрнатилди. Яъни энди биз об-ҳавони олдиндан режалаштириб, башорат қила оламиз. Йил охиригача бу ҳақида сизларга маълумот берамиз, деган умиддаман”, – деди Сатторов.

Тадбир давомида мухбирлар Экология вазирлиги томонидан ҳавони ифлослантираётган манбалар ва чоралар бўйича таҳлиллар эълони ичида ҳаво таркиби ҳақида маълумот нега йўқлиги, ҳаво таркибидаги PM10 ва PM2.5ни нима ташкил қилаётгани ҳақида аниқ маълумот бор-йўқлигини сўради.

Бу саволга Ўзгидромет хизмати агентлиги директор маслаҳатчиси Феруз Сафаров жавоб берди. Бироқ масъуллардан бу саволга аниқ жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Ҳаво таркиби бўйича Ўзгидромет 12та лабораториясида PM2.5 ва PM10 зарралари ва 4та оғир металл бўйича газ бирикмаларини ўрганади. Ва бу маълумотлар 30 йилдан бери сақланади. Атмосфера ҳавоси бўйича маълумотлар ёпиқ эмас. Агентлигимизга келиб ўрганишингиз мумкин. Республикада ҳаво ифлосланишини прогнозлаштириш системаси мавжуд эмас, – деди Феруз Сафаров.

Мавзуга оид