Ўзбекистон | 16:44 / 13.01.2024
11555
6 дақиқада ўқилади

Экология вазирлиги: “Бутун дунё кўмирга ўтаётгани учун Ўзбекистон ҳам кўмирга ўтмоқда”

“Европа давлатлари ҳам энергетик ресурслар камайгани ҳисобига кўмирга ўтишни бошлади. Бу тенденция фақат Ўзбекистонда эмас, ҳамма жойда бўляпти. Хитойдаги кўмир станциялари 1-2 йил олдин ёпилган бўлса, ҳозирги кунга келиб яна очиляпти. Ўзбекистонда ҳам кўмир сифатини яхшилаш бўйича тавсиялар берилмоқда”, дейди масъуллар.

Экология вазирлиги эълон қилган таҳлилларда Тошкент шаҳри ҳавосининг қиш ойларида ифлосланишига айрим ташкилот ва корхоналарнинг кўмир ва мазут билан ишлаётгани асосий сабаб қилиб кўрсатилганди. 2023 йил қиш ойидаги энергетик коллапс сабаб электр энергиясини тежаш учун 5 мингдан ортиқ муассасалар кўмирга ўтказилиши ҳақида қарор чиққан эди.

Kun.uz мухбири Экология вазирлигида ўтган матбуот анжуманида шу қарор қабул қилинганда вазирлик қандай муносабат билдирганини сўради.

Ўшанда нега Экология вазирлиги бу қарорга қарши чиқмади? Агар таклифни Энергетика вазирлиги берган бўлса, вазирлик сизлардан хулоса олганми?” – деган савол берилди.

Экология вазирлиги экологик сиёсат бошқармаси бошлиғи Фаррух Сатторов буни ўтган йилдан бошлаб дунёда энергетик кризис кузатилгани, ривожланган давлатлар ҳам кўмирга ўтгани билан изоҳлади.

Европа давлатлари ҳам энергетик ресурслар камайгани ҳисобига кўмирга ўтишни бошлади. Ва бу тенденция фақат Ўзбекистонда эмас, ҳамма жойда бўляпти. Мисол учун Хитойни гапираётган бўлсангиз, кўмир станциялари 1-2 йил олдин ёпилган бўлса, ҳозирги кунга келиб яна очиляпти. Иқтисодиёт ҳам ривожланяпти, кўмир масаласига келадиган бўлсак, вазирлик сифатида биз “Ўзбеккўмир” билан ишлаяпмиз, кўп таклифларни кўмир сифатини яхшилаш бўйича Энергетика вазирлигига беряпмиз. Чунки кўмирнинг сифати яхши эмас эди, маълум бир стандартлар, тавсиялар бериляпти”, – деди Сатторов 12 январ куни ўтган матбуот анжуманида.

Саволга жавобни давлат Экологик назорат инспекцияси вакили Хуршид Пиров тўлдирди. Мутахассиснинг таъкидлашича, вазирлик очиқча қаршилик кўрсатмаган бўлса ҳам, кўмир ташламалари назоратини олиб боряпти ва йирик завод, фабрикаларга кўмирдан фойдаланиш бўйича ўз тавсияларини берган.

Хуршид Пиров

Яъни улар кўмирда ишласа ҳам, экспертиза хулосасида белгиланган талабни бажаради. Филтрларни ўз вақтида янгилаб турса ёки ифлослантирувчи модда ташлайдиган манбаларига филтрлар ўрнатса, янги филтрлар қўйса, ўша кўмирда ишлайдиган завод ҳам атмосферага заҳар ташламаслиги мумкин”, – деди Пиров.

Kun.uz мухбири мутахассисдан корхона ва фабрикаларга қўйилган талаб назоратини ким олиб боришини сўради.

Таъкидланишича, назоратни Экоинспекция қилади. 2023 йилда 109 та корхона текширилган. Кўп миқдорда атмосферага ифлослантирувчи модда ташлаган ёки оқова сувларини ташлаган, айнан аҳолидан кўп мурожаатлар келиб тушган корхоналарга огоҳлантиришлар берилган.

Бундан ташқари бизда доимий ҳар ойда 2,5 минг корхона мониторинг қилиб борилади. Бизда лаборатория бор. У 2,3 мингта 1- ва 2-тоифали корхоналар оқова сувлари ва атмосферага ташламаларини ҳар ойда бир марта мониторинг қилиб боради. Мониторинг деганда бунга лабораториямиз киради, ўша жойдан таҳлиллар олади ва белгиланган меъёрларга мослигини солиштиради. 10-15 фоиз ҳолатларда корхоналардаги ташламаларнинг меъёрдан ошгани кузатилади. Шундай ҳолатда 1-мартасига огоҳлантириш берилади, 2- ва 3-мартасига Бизнес омбудсмандан рухсат олган ҳолатда ўша корхонага кириб, тегишли чораларни кўрамиз”, – деди вазирлик мутахассиси.

Журналистлар 2023 йил ҳисобида республика ва Тошкент кесимида қанча корхонада заҳарли ташламалар меъёрдан ортиқ ташланиши аниқлангани ва унга жарима қўллангани ҳақидаги савол билан мурожаат қилди. Вазирлик вакили қўлида аниқ рақамлар йўқлиги ва батафсил маълумотни ОАВга тақдим қилишини билдирди.

Республикада 70 мингдан ортиқ корхона бор. 2022 йилда 300 тача корхонани текширганмиз. Буларга рудани қайта ишлайдиган металлургия корхоналари, қурилиш маҳсулотлари, ғишт, оҳак ишлаб чиқарадиган, атроф-муҳитга энг кўп таъсир кўрсатадиган корхоналар киради. 2023 йилда “Бекобод цемент” деган корхонани текширдик, “Оҳангарон цемент” корхонаси бўйича шикоят тушганда, у ерга ҳам бориб, кўрсатмалар бериб келганмиз. Тошкент вилояти ва шаҳрида аниқ нечта корхона кўпроқ заҳар тарқатиши ва қанчасига чора кўрилганининг аниқ рақамлари қўлимда йўқ”, – деди Пиров.

 Шунингдек, вазирлик вакилларига Ўзбекистоннинг CОП26 иқлим конференциясида олган мажбурияти эслатилиб, ҳозиргача берилган ваъданинг қанча қисми бажарилгани сўралди.

CОП26даги иштирокида Ўзбекистон томони иссиқхона газларини 2030 йилгача 2010 йилдаги даражадан 35 фоизга камайтириш вазифасини олган. Ҳозир шу ваъданинг неча фоизи бажарилди, кейинги йил қанчаси бажарилади? Шу ҳақда аниқ таҳлилларингиз борми?” – деган савол билан Kun.uz мухбири масъулларга юзланди.

Фаррух Сатторов маълумотига кўра, иссиқхона газларининг 76 фоизи энергетика соҳасига тўғри келади. Буни қисқартириш учун Энергетика вазирлиги ва ҳукумат томонидан жуда катта ишлар амалга ошириляпти. Ҳозиргача, 20 дан зиёд лойиҳалар айнан ўша қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этишга қаратилган. 2026 йилга бориб, 8 минг мегаватт электр энергия яшил энергетика ҳисобига ҳосил бўлади.

Бундан ташқари, яна бир яхши лойиҳа ҳақида гапириб ўтаман. Чиқиндиларни бошқариш лойиҳаси аламга ошириляпти. Метан иссиқхона гази ҳисобланади. Охирги йилларда бўлаётган саъй-ҳаракатлар натижасида Корея компанияси билан ҳозирги кунда лойиҳа ишга тушган, қурилиш ишлари амалга ошириляпти. Яъни чиқиндидан ҳосил бўлган метанни йиғиб олиб, электр энергияси ҳосил қилишни йўлга қўйяпмиз ва бу тажрибани бошқа полигонларда ҳам қўллаш ниятимиз бор”, – деди Сатторов.

Мавзуга оид