Жаҳон | 17:40 / 13.01.2024
9578
6 дақиқада ўқилади

Яманга авиаҳужум оқибатлари, нефт нархига таъсирлар ва Британиядан Украинага ёрдам — кун дайжести

Жаҳонда рўй берган воқеа-ҳодисалар, баёнотлар тафсилотлари ва эътиборга молик воқеаларни одатдагидек кундалик дайжестимизда тақдим этамиз.

Яманга уюштирилган ҳужум

Яманлик ҳусийчиларнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракати вакили Яҳё Сарий АҚШ ва Буюк Британия Ямандаги 73 та пунктни бомбалаганини маълум қилди.

Сано, Саъд, Ҳудайда, Зубайда дохил мамлакатнинг шимолий-ғарбий қисмидаги 12 та пунктларига зарба берилган.

Бир соатча давом этган ҳужумлар натижасида қаршилик ҳаракатининг 5 аъзоси ҳалок бўлган ва 6 киши ярадор бўлган.

«Баҳрайндаги режимнинг ушбу ҳужумга алоқадорлиги сотқинлик ва араб давлатига нисбатан маккорона зарба ҳисобланади. Ҳужумлар жавобсиз ва жазосиз қолдирилмайди. Бизнинг кучларимиз иккиланишларсиз денгиз ва қуруқликдаги барча таҳдид манбаларига ҳужум қилишади», — деган Сарий.

АҚШ ўз иттифоқчилари билан Яманга ҳужум чоғида 30 дан ортиқ локацияни нишонга олган ва 150 дан ортиқ жанговар ўқ-дорилардан фойдаланган деб хабар берган Пентагон. АҚШ Мудофаа вазирлигига кўра, нишонларнинг жуда катта қисми тинч аҳоли истиқомат қилмайдиган жойлар бўлган, шу сабабли қурбонлар сони у қадар катта бўлмайди.

Яманлик ҳусийчилар АҚШ ва Британиянинг авиазарбаларига қарамасдан, Исроил билан боғлиқ кемаларга ҳужум қилишни бас қилмаслигини таъкидлади.

«Яманга қарши агрессия учун оқлов йўқ, Қизил ва Арабистон денгизларида халқаро навигация учун таҳдид бўлмаганидек. Зарбалар Исроил кемаларига ва оккупация остидаги Фаластин портларига йўналган кемаларга берилмоқда ва берилаверади», — деган ҳусийчилар вакили Муҳаммад Абдуссалом.

Бироқ ҳусийчилар адашиб, Россия нефтини ташиётган танкерига ҳужум қилгани маълум бўлди. Яхшиямки, улар учирган ракета кемага 400 метр қолганда сувга қулаган.

 

Ғазодаги вазият

Исроил ҳужумлари натижасида Ғазода ўлдирилган фаластинликлар сони 23 минг 708 нафарга етди. Ярадорлар сони эса 60 мингдан ошди, деб хабар беради Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги.

 

Исроил устидан суд

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Ҳаагада ўтказилаётган суд учун Исроил устидан ҳужжатлар тақдим этилганини айтиб ўтди.

«Биз тақдим этган ҳужжатларнинг барчаси ишчи ҳужжатлардир. Исроил биз тақдим этган гувоҳликлар билан суд қилинади», — деган Эрдўған.

БМТ Халқаро суди ЖАРнинг Исроилга қарши вақтинчалик чоралар қўллаш тўғрисидаги сўровини кўриб чиқа бошлади. Халқаро суд яқин вақтлар ичида очиқ мажлисда керакли қарорнинг очиқланиш вақтини эълон қилади.

Дарвоқе, судда исроиллик юристлар чиқиш қилиб, Ғазодаги бирорта шифохона бомбаланмаганини таъкидлади.

Туркия президенти АҚШ ва Буюк Британиянинг Яманга ҳужуми бўйича ҳам фикр билдирди. «Улар Қизил денгизни қонли денгизга айлантирмоқчи», деган Эрдўған.

«Бу ҳаракатларнинг барчаси кучни номутаносиб қўллаш бўлади, бундай номутаносиблик АҚШ ва Исроил томонидан Фаластинда ҳам амалга оширилмоқда. Буюк Британия доим Америка билан шерикликда қадам босган ва шундай қилишда давом этмоқда», — деган Эрдўған.

 

Нефт нархига таъсирлар

АҚШ ва Британия кучларининг Ямандаги ҳусийчилар базасига берган зарбаларидан сўнг Брент навли нефт нархи 2,5 фоизга кўтарилди, деб хабар берган Bloomberg агентлиги.

Айни пайтда бу нефтнинг нархи баррелига 80,21 долларни ташкил этмоқда. Нефт нархига асосий таҳдид Эроннинг можарога тўғридан тўғри аралашуви бўлади. Бу жаҳондаги ёқилғининг 1/3 қисми қазиб олинадиган минтақада нефт қазиб олиш ва етказиш йўналишларини таҳдид остида қолдиради.

Аммо Cити таҳлилчилари 2024 йил учун нефт нархи прогнозларини баррелига 74 долларгача пасайтирди.

Улар 2025 йилда нефт нархи янада арзонлаб, баррели 60 доллар атрофида бўлади, дейишмоқда. Прогнознинг ёмонлаштирилишига сабаб бозорда нефтнинг ортиб кетиши билан боғлиқ хавотирларга асосланган. Нефт нархи бўйича ўз прогнозларини Wall Street’нинг бошқа таҳлилчилари ҳам туширишган.

 

Украинага ёрдам

Киевга расмий ташриф билан борган Буюк Британия бош вазири Риши Сунак Россия босқинидан буён Украинага 2,5 млрд фунт-стерлинглик энг катта мудофаа кўмаги пакети ажратилишини эълон қилди. Буюк Британия G7 мамлакатлари ичида Украинага хавфсизлик кафолатларини берган биринчи давлат бўлди.

Тегишли келишув Риши Сунак ва Владимир Зеленский томонидан имзоланди.

Келишув доирасида Британия «Россия томонидан такрорий ҳужум» содир бўлган тақдирда Украинага «тез ва доимий» ҳарбий ёрдам кўрсатади.

«Бугун Европа тарихи ўзгарган кун. Украина ва Буюк Британия хавфсизлик бўйича янги ва мисли кўрилмаган келишув тузди. Британия ҳар йили 3 млрд долларга тенг кафолатли молиявий ёрдам кўрсатади. Разведка ва киберхавфсизлик бўйича ҳамкорлик кенгайтирилади. Агар 1991 йилдан кейин Британия ва бошқа давлатлар билан хавфсизлик кафолатларининг бундай даражасига эришилганида, Россиянинг агрессияси бўлмас эди», — дейди Зеленский.

Британия Россиянинг ҳужумлари давом этаверса Украинага ер усти, денгиз ва ҳаводан ёрдам беришни ўз зиммасига олади, деган Риши Сунак. Британия бош вазири Украинага, шунингдек, турли пилотсиз парвоз қурилмалари ясаш учун 200 млн фунт стерлинг ажратилишини ҳам эълон қилди. Сунак Британия Украинани қанча керак бўлса, шунча қўллаб-қувватлашини ҳам айтган.

«Бу уруш Украинанинг ўзини ҳимоя қилиш ва ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқидир. Украина халқининг тарихий танлови Европанинг қоқ марказида мустақил демократик давлатга айланишдир», — деган Буюк Британия бош вазири. 

Шуҳрат Шокиржонов
Муаллиф Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид