Ўзбекистон | 15:12 / 15.01.2024
32879
2 дақиқада ўқилади

Россиялик блогер Тошкент телеминорасининг тақиқланган энг юқори қисмига чиқди

Тошкент телеминораси маъмуриятига кўра, ҳолат 2022 йилда кузатилган бўлиб, блогер аслида телеминоранинг ресторан қисмига овқатланиш учун чиққан. Сўнгра у ердан ташқаридаги темир конструкцияларига осилиб, махсус нарвонлар орқали юқорига кўтарилган.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда россиялик блогер Тошкент телеминорасининг тақиқланган энг юқори қисмига чиққани акс этган видео тарқалди. Тошкент телеминораси маъмуриятининг Kun.uz’га маълум қилишича, бу 2022 йилда содир бўлган.

Маъмуриятга кўра, телеминоранинг тақиқланган қисмига чиққан блогер россиялик бўлиб, видео унинг “Гопро” камерасида тасвирга олинган. Климбинг (тирмашиб чиқиш) спорти билан шуғулланиб, шу йўналишда видеолар тасвирга оладиган блогер аслида телеминоранинг “Алвон” зали – ресторан қисмига овқатланиш учун чиққан. Сўнгра у ердан ташқаридаги темир конструкцияларига осилиб, ҳаёт учун хавфли ҳолатда мачтачилар фойдаланадиган махсус нарвонлар орқали юқорига кўтарилган.

Блогер тарқатган видеотасвирлар 2022 йилда олинган бўлиб, унинг Instagram’даги саҳифасига 2024 йил январ ойида жойланган.

Қўшимча қилинишича, ҳозирги кунда телеминоранинг тақиқланган қисмлари замонавий ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда қатъий назоратга олинган. 

Блогернинг Instagram’да ёзишича, телеминорага киришда қўриқлаш хизмати ходимлари металлодетекторлар орқали барча электрон ускуналарни олиб қўйдик деб ўйлаган, лекин блогер ўзи билан яширинча тасвирга олувчи бошқа техникаларни олиб киришга муваффақ бўлган. Блогер телеминора тепасига чиқа олмасам керак, деб ўйлаган, лекин кутилмаганда назораncиз коридор орқали қўриқчилар кўзини шамғалат қилиб, фақат техник ходимлар учун мўлжалланган жойдан юқорига чиқишга муваффақ бўлган.

Камералар сони кўплиги сабабли блогер “ҳозир олдимга қўриқчилар етиб келишса керак” деб ўйлаган, аммо у билан ҳеч кимнинг иши бўлмаган. Шундан сўнг, у зиналар орқали юқорига кўтарилган ҳамда яширинган ҳолда телеминора тепасига чиқиб, сёмка қилиб қайтишни уддалаган. Блогернинг айтишича, видеони эълон қилгач, телеминора маъмурияти видеони ўчиришни сўраган.

Мавзуга оид