Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эроннинг Ироққа ракета ҳужуми, Британияда тақиқланган Ҳизб ут-Таҳрир ва Финландиянинг Россияга қарши ҳаракатлари — кун дайжести
Жаҳонда сўнгги бир сутка ичида рўй берган воқеа-ҳодисалар, баёнотлар тафсилотлари ва эътиборга молик воқеаларни одатдагидек кундалик дайжестимизда тақдим этамиз.
Ғазодаги вазият
Исроил мудофаа армияси аскарлари Ғазо секторининг шимолий қисмини тарк эта бошлагач Қизил яримой жамиятининг Фаластин бўлими яна у ерда ишлай бошлаган. Аввалроқ қутқарув ва тез ёрдам ташкилоти Исроил зарбалари ва ёқилғи захиралари тугагани сабабли танаффус қилишга мажбур бўлган эди.
Фаластинда олиб борилаётган қонли урушнинг 101-кунига келиб, ўлдирилганлар сони 24 минг 100 кишига етган. Биргина сўнгги сутка давомида Исроил аскарлари 132 кишини ўлдирган.
Ғазода вазият ўта танг аҳволда. Исроил анклавни қамал қилгач ва инфтатузилмаларга зиён етказгач, ғазоликлар мобил алоқага уланиш учун баланд уйларнинг томига чиқишга мажбур бўлишмоқда. Улар анклавнинг жанубига кўчирилган оилалари билан шу тарзда боғланишга уриниб кўрмоқда.
Ғазо инфратузилмасининг 60 фоизи ё вайрон қилинган ёки зарар етказилган, 2 миллиондан ортиқ аҳоли эса ўз тураржойларини ташлаб кўчишга мажбур бўлган.
Ижтимоий тармоқларда Ғазодаги БМТ инсонпарварлик ёрдамига одамлар ёпирилгани тасвирлари тарқалди.
БМТ маълумотларига кўра, Ғазода 2,2 млн киши озиқ-овқат тақчиллигига дучор бўлган. Анклавнинг 40 фоиз аҳолиси очликка рўпара келган, ҳар 10 кишидан 9 нафари 24 соат ва ундан зиёд вақтда оч қолмоқда.
Эроннинг Ироқ ва Сурияга ракета ҳужуми
Эрон Ироқнинг Арбил шаҳрига ракета ҳужуми уюштирди. Эрон оммавий ахборот воситаларининг маълумотига кўра, ракеталар ва бошқариладиган дронлар мамлакат жанубий ғарбидаги Хузистон шаҳридан учирилган.
Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси зарба учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Бу Кирмон шаҳрида содир этилган террорчилик акти учун интиқом экани таъкидланди.
Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси МОССАДнинг Ироқ Курдистонидаги қароргоҳи йўқ қилинганини таъкидлади. Шунингдек Ироқдаги аксилэрон террорчилик гуруҳчалари ва АҚШ контингентига зарба берилгани айтилмоқда.
Ироқнинг Арбил шаҳридаги Америка консулхонаси яқинидаги 9 та объект йўқ қилинган. Арбил шаҳри аэропортига ҳам зарба берилгани айтилмоқда. Консулхонадаги америкалик ҳарбийлар ўртасида жабрланганлар йўқ.
ABC телекомпанияси хабарига кўра, Арбил аэропорти жуда кучли бомбардимондан сўнг ўз фаолиятини тўхтатган.
Тинч аҳоли орасида икки ҳиши ҳалок бўлган, ярадор беш киши шифохоналарга етказилган.
Аввал ҳам Эрон Ироқдаги Шимолий Курдистонга ушбу ҳудуд эронлик айирмачи гуруҳлар ҳамда ашаддий душмани Исроилнинг агентлари учун плацдарм эканини таъкидлаб, зарбалар бериб турган.
Ироқ ўз ҳудудига Эрон томонидан зарба берилгач, ҳуқуқий чоралар кўрилиши, жумладан БМТ Хавфсизлик Кенгашига шикоят аризаси билан мурожаат қилишини таъкидлаган.
Эрон шунингдек, Сурияга ҳам ракета ҳужумлари уюштирган. Нишонга Кирмондаги терактни уюштирган Таҳрир аш-Шом назорати остидаги ерлар ва Туркистон исломий партиясининг машғулот ерлари, логистик марказлари ҳамда ҳоспиталлари олинган. Эрон Суриядаги Америка ҳарбий базаларини нишонга олмаган.
Қизил денгиздаги вазият
АҚШнинг Яманга берган авиазарбаларидан сўнг Қатар Қизил денгиз орқали суюлтирилган табиий газ ташишни бас қилди. Кузатув маълумотлари Адан қўлтиғи томон йўл олган кемалар тўхтаганини кўрсатмоқда. АҚШ ва Буюк Британия кемаларга бу сув йўлидан фойдаланмасликни тавсия қилган.
Қатар Европага АҚШдан кейинги энг йирик суюлтирилган табиий газ етказиб берувчиси ҳисобланади. 2023 йилда унинг ҳиссасига Европага етказилган умумий газнинг 13 фоизи тўғри келган.
Яманга ҳужум уюштирилгач, ҳусийчиларнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракат нафақат Исроилга йўл олаётган, АҚШга ҳам тегишли ҳар қандай кема нишонга айланишинини эълон қилган эди.
«Ансоруллоҳ» АҚШнинг Gibraltar Eagle контейнер ташувчи кемасига Адан қўлтиғида ҳужум қилган. АҚШ томони буни тасдиқлаган. Уларга кўра, кемаларга қарши баллистик ракета кемага келиб урилиб, унга у қадар жиддий бўлмаган зиён етказган. Кема Қизил денгиз томон юришдан тўхтаб, ортига қайта бошлаган.
Исроил Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётини давом эттирар экан, Ямандаги ҳусийчилар Қизил денгиздаги Исроил кемаларига ҳужум қилишни тўхтатмайди, деган Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён.
«Ҳусийчилар бизни денгиздаги хавфсизликка путур етказмаётганига ишонтирди, бироқ уларнинг позицияси шуки, Ғазодаги уруш давом этар экан, Исроил кемаларига қарши чора кўрилверади», деган вазир.
Теҳрон Швейцария расмийлари орқали Вашингтон эътиборига Ғазодаги жанглар зудлик билан тўхтатилиши кераклигини етказган. Шунингдек, АҚШ ва Британияни ҳусийчиларга ҳужум қилмасликка чақирган.
Украинадаги уруш
Украина қуролли кучлари 2022 йилнинг 24 февралида Россия кенг кўламли босқин уюштирганидан буён Россияга тегишли 11 та катта бомбардимончи ва разведка самолётларини уриб туширишга муваффақ бўлган. Яна 14 та самолётга жиддий зиён етказилган.
Бу ҳали 300 дан ортиқ йўқ қилинган ва уриб туширилган тезкор қирувчи ва штурм ҳарбий самолётлари ҳисобга олинмаганида.
Украина Бош разведка бошқармаси раҳбари Кирилл Будановнинг айтишича, Россиянинг А-50 ва Ил-22 каби разведка самолётларининг йўқ қилиниши Россияни жанглар зонасида сутка бўйи оператив фаолият олиб бориш ва алоқани таъминлаб туришдан маҳрум этади. Будановга кўра, Россияда ҳали ҳар бирининг нархи 330 млн доллар бўлган, яхши ҳолатдаги 8 та А-50 самолёти мавжуд.
Россиянинг пропагандачи уруш тарғиботи каналлари Украина бундай самолётни уриб тушириш қудратига эга эканини тан олмасдан, самолётлар Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан адашиб уриб туширилганини иддао қилмоқда. Россия Мудофаа вазирлиги самолётлар йўқотилганини ҳозирча расман тан олгани йўқ. Умуман, бу идора ҳеч қачон бу борада фикр билдирмаган.
Россияда мусодара муҳокамаси
Россия вазирлар маҳкамаси армия ҳақида фейк маълумотлар тарқатган ва давлатнинг хавфсизлигига қарши қаратилган ҳаракатларни амалга оширганлик учун мол-мулкни мусодара қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади.
Ушбу қонун лойиҳаси парламентда ҳукмрон «Единая Россия» партияси депутатлари томонидан ишлаб чиқилган.
Энди Россияга қарши ҳар қандай маълумот ёзган журналистлар ва блогерлар бор-будидан ҳам айрилишади.
Финландия россияга қарши
Финландияда Россия фуқароларига кўчмас мулк билан боғлиқ битимлар тузишни тўлиқ тақиқлашмоқчи. Мамлакат мудофаа вазири Антти Ҳаккянен бунинг учун юридик асослар қидирилаётганини маълум қилди.
Финландия оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, чекловлар нафақат сотиб олиш билан боғлиқ бўлади. Шунингдек тураржойларни ижарага олишга ҳам тааллуқли бўлади. Шунингдек, аввал имзоланган битимлар ҳам бир қатор текширувлардан ўтказилади.
НАТОга аъзо бўлиб, Россия билан чегараларини ёпиб олган Финландия Россияга қарши бир қатор бошқа чекловлар ҳам қилмоқда.
Масалан, мамлакатда таълим рус тилида олиб бориладиган учта мактаб ёпилмоқда. Бу мактаблар Финландиянинг Россия билан чегарадош шарқий ҳудудларида жойлашган. Сабаб сифатида рус тилининг Финландия аҳолиси ўртасида оммабоплиги пасайгани кўрсатилмоқда.
Яна бир маълумот: Финландияда Россиядан кўчиб келганларга тегишли бўлган 20 дан ортиқ фирма Украинага қарши урушда қўлланаётган ускуналарни Россия Федерациясига экспорт қилиб келмоқда экан. YLE телеканали маълумотларига кўра, айни пайтда ана шундай тўртта фирма устидан тергов олиб борилмоқда.
Телеканалнинг таъкидлашича, бу компаниялар Финландия жануби-шарқида Россия билан чегарага яқин ҳамда пойтахт аэропорти ва йирик логистика марказлари жойлашган Вантаа шаҳрида «кўзга ташланмайдиган ангарлар ва кичик офисларда» жойлашган. Улар товарларни тўғридан тўғри Россияга экспорт қилган ёки хорижлик етказиб берувчилар ва россиялик харидорлар ўртасида воситачи бўлган.
Британия Ҳизб ут-Таҳрирни тақиқлади
Ўзбекистонда ва яна бир қатор давлатларда тақиқланган, ўз олдига исломий халифат тузишни олий мақсад қилиб белгиланган «Ҳизб ут-Таҳрир» террорчилик ҳаракати Буюк Британияда ҳам террорчилик ташкилоти деб эълон қилинди ва унинг фаолиятини тақиқлади
Қироллик ҳукумати сайтида ёзилишича, «Ҳизб ут-Таҳрир» террорчилик ташкилоти сифатида тақиқланади. Бунга сабаб қилиб Ташкилот ҲАМАСни қўллаб келган ва антисемит мафкурани пропаганда қилгани кўрсатилган.
Энди Британияда ҳам ташкилотга аъзо бўлиш ва уни қўллаб-қувватлаш жиноий хатти-ҳаракат деб ҳисобланади.
Мавзуга оид
13:40 / 28.05.2025
Талабаларга виза суҳбатларини тўхтатган АҚШ, Исроилни танқид қилган канцлер ва Ҳайит кунини эълон қилган Саудия – кун дайжести
13:15 / 27.05.2025
ҲАМАСга таклиф қилинган сулҳ, Ливерпулдаги фожиа ва рафиқасидан шапати еган Макрон — кун дайжести
13:31 / 26.05.2025
Путин вертолёти атрофида дронлар ҳужуми, Ҳамаснинг ҳарбий операцияси ва ЕИга божларни кечиктирган Трамп – кун дайжести
14:21 / 24.05.2025