Жаҳон | 21:47 / 17.01.2024
7039
1 дақиқада ўқилади

Буюк Британия қироли Чарлз III шифохонага ётқизилади 

75 ёшли монарх простата безида «коррекция жараёни»дан ўтиши таъкидланмоқда. 

Буюк Британия қироли Чарлз III келаси ҳафта простата безини даволаш учун шифохонага ётқизилади. Бу ҳақда BBC Букингҳэм саройига таяниб ёзди. 

Қайд қилинишича, 75 ёшли монарх «коррекция жараёни»дан ўтади, унинг аҳволи қониқарли. Қирол шифохонага ётқизилганда ва тикланиб олаётганида омма олдида чиқиш қилмайди. 

«Ҳар йили минглаб эркаклар сингари, қирол простата безининг катталашишидан даволанишга ҳаракат қилади», дейилади баёнотда. 

BBC нашрига кўра, простата безининг катталашиши 50 ёшдан ошган эркакларда кенг тарқалган. Одатда бу жиддий эмас ва беморда простата саратони ривожланиш хавфи юқори эканини англатмайди. 

Чарлз III шифохонага ётқизилиши эълон этилишидан бир оз олдин 42 ёшли Уэлс маликаси Кэтрин қорин бўшлиғидан операция қилингани ҳақида хабар берилди. Лондондаги хусусий клиникада операция муваффақиятли ўтди. Малика яна 10-14 кун шифохонада ётади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид