Жамият | 11:39 / 17.01.2024
7569
2 дақиқада ўқилади

Навоийда қўлида қурол билан Gentra бошқарган ёшлар 10 суткага қамалди

Икки йигит юзида қора маска ва қўлида ўйинчоқ тўппонча билан машина бошқарган ҳамда буни тасвирга олиб, ижтимоий тармоқда тарқатган. Уларнинг бу қилмиши майда безорилик деб топилди. 

Фото: ИИББ ахборот хизмати

Навоий шаҳрида қўлидаги ўйинчоқ қуролни Gentra ойнасидан чиқариб, машина бошқарган икки йигит жазога тортилди. Бу ҳақда Навоий вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, йигитлар 2023 йилнинг сентябр ойида юзига маска кийган ва қўлида ўйинчоқ қурол тутган ҳолда Навоий шаҳри Ғалаба шоҳкўчасида машина бошқариб, ҳолатни тасвирга олишган. Сўнгра уни Instagram’га жойлашган.

“Кечки пайт жўрам машинангда видео олайлик, деб илтимос қилди. Рози бўлдим. Қўлида ўйинчоқ қурол, юзида эса маска бор эди. Видео Instagram’га жойланганидан сўнг тарқалиб кетди. Бу оддий ўйинчоқ қурол, деб ўйлагандик”, деган ҳуқуқбузарлардан бири.

Йигитларнинг ушбу ҳаракати жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судида кўриб чиқилди. Суд қарорига кўра, улар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) билан айбли деб топилиб, 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Олдинроқ Тошкентда Monza’дан танасини чиқариб ҳаракатланган ёшларнинг ота-онаси жавобгарликка тортилгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид