Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Покистоннинг Эронга жавоб зарбаси, террорчилар сафига қайтарилган «Ансоруллоҳ» ва Украинадан чарчаётган Ғарб — кун дайжести
Жаҳонда рўй берган воқеа-ҳодисалар, баёнотлар тафсилотлари ва эътиборга молик воқеаларни одатдагидек кундалик дайжестимизда тақдим этамиз.
Ғазодаги вазият
Ғазо секторида Исроил ҳужумлари натижасида ҳалок бўлганлар сони 24 минг 448 нафарга етди. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, сўнгги бир сутка ичида 163 киши ўлдирилган, 305 киши ярадор қилинган. 7 окятбрдан буён 60 мингдан зиёд инсон яраланган. Ўлдирилганларнинг 11 мингдан зиёди ёш болалар.
Европа Иттифоқи ҲАМАСга қарши санкциялар жорий этишини маълум қилди. Янги санкциялар ҲАМАСни молиялаштириш манбаларига ҳамда ушбу ҳаракат билан боғлиқ шахсларга нисбатан йўналтирилади, деб ёзади Politico нашри.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу эса Ғазо секторида ҲАМАСга қарши кураш 2025 йилгача давом этишини маълум қилган.
Бутун дунё бўйлаб Исроилнинг Ғазо секторида олиб бораётган қонли урушига қарши норозилик намойишлари ўтказилмоқда. АҚШ Вакиллар палатаси спикери, республикачилар вакили Майк Жонсон агар мансабдор шахслар АҚШнинг Исроилни қўллаб-қувватлашига қарши режалаштирилаётган норозилик акциясида иштирок этса, уларни ишдан бўшатиш лозимлигини таъкидлади.
«Бизнинг иттифоқчимиз бўлган Исроилга қарши намойишда иштирок этиш учун ишдан чиқиб борган давлатнинг ҳар қандай хизматчиси ўз мажбуриятларига нописанд, солиқ тўловчиларнинг ишончини суиистеъмол қилаётган бўлади. Улар ишдан бўшатилиши керак», — деб ёзган Жонсон.
Қизил денгиздаги вазият
Ямандаги ҳусийчиларнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракати Адан қўлтиғида Американинг Genco Picardy кемасига кемаларга қарши қўлланадиган ракеталар билан ҳужум қилганини эълон қилди.
Ўтган тунда АҚШ ва Буюк Британия Боб ул-Мандаб қўлтиғида Америка кемасига қилинган ҳужумга жавобан Яманга яна янги авиазарбалар берган. Мамлакат пойтахти Сано, Дамар тумани, Саъда ва Тазиз шаҳарчалари нишонга олинган.
Бу орада АҚШ ҳусийчиларни террорчи ташкилотлар рўйхатига қайтаргани эълон қилинди. Бу ҳақда АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан хабар берган. Салливан Қизил денгиздаги ҳужумларини амалга ошираётган ҳусийчиларнинг ҳаракатларини террорчилик ҳаракати деб таснифлаш мумкинлигини айтган.
Салливаннинг фикрича, ҳусийчилар америкалик персонал, фуқаро денгизчилар ва уларнинг ҳамкорларини таҳдид остига қўйган. Шунингдек, ҳужумлар жаҳон савдо-сотиғи ва кемачилик эркинлигига хавф солмоқда.
Аввалроқ Ямандаги ракета арсеналларини йўқ қилишга буйруқ берган Жо Байден ҳам ҳусийчиларни омма олдида террорчилар деб атаган эди.
Ҳусийчилар Доналд Трамп маъмурияти чоғида ҳам ушбу рўйхатдан ўрин олган эди. Бироқ Жо Байден маъмурияти уларни рўйхатдан ўчирган. Энди «Ансоруллоҳ» ҳаракати яна террорчилар рўйхатидан ўрин олди.
Эрон ҳужумлари акс садоси
Покистон Эрон билан барча чегара нуқталарини ёпди ва чегарага армиянинг қўшимча бўлинмаларини юборди. Хитойнинг дипломатик саъй-ҳаракатлари ҳам мамлакатлар ўртасидаги кескинликни пасайтира олмади.
Покистон Эрондан ўз элчисини чақириб олган ва жавоб зарбаси беришга ҳақли эканини эълон қилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган куни Эрон қуролли кучлари Покистон ҳудудида жойлашган «Жайш ал-Адл» террорчилик гуруҳининг иккита қароргоҳига ракета зарбаси берган эди.
Эрон ва Покистон ташқи ишлар вазирлари бир бирларига огоҳлантириш берган.
Ҳуссайн Амир Абдуллоҳиён ва Жалил Аббос Жилоний Покистон ҳудудига Эрон Ислом муҳофизлари корпуси томонидан берилган ракета ва дрон зарбаларини муҳокама қилган.
Суҳбат асносида Ҳуссайн Амир Абдуллоҳиён Эрон Покистоннинг суверенитетини ҳурмат қилиши, зарбалар террорчиларга қарши берилганини айтган.
Покистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари эса Эронни террорчилар ҳақидаги ўзида мавжуд информациялар билан бўлишишга чақирган.
Бу орада мамлакат чегарасидаги таранглик ортишига сабаб бўлувчи яна бир воқеа рўй берди. Эрон-Покистон чегараси яқинида Эрон Ислом муҳофизлари корпуси офицери, Саровон корпуси раҳбари, полковник Ҳуссайн Али Жаводонфар ва яна икки киши ўлдирилган.
Кеча тунда Покистон ҳам бунга жавобан Эроннинг Систон ва Балужистон вилоятига авиазарбалар берган. Покистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида «Эроннинг Систон ва Балужистон вилоятидаги террорчилар яширинган жойларга мақсадли ва ўта аниқ зарбалар берилгани» ҳақида баёнот берган. Идора ҳужум натижасида бир неча террорчилар йўқ қилинганини хабар берган.
Эрон ҳокимияти Покистон ҳужумлари натижаси 7 киши ўлдирилгани, уларнинг 3 нафари аёллар ва 4 нафари ёш болалар эканини таъкидлаган.
Покистон — 1980–1988-йилларда бўлиб ўтган Эрон–Ироқ урушидан буён Эрон ҳудудига зарба берган илк давлат бўлди.
Дарвоқе, Ироқ ҳақида. Ироқ ҳам ўз ҳудудидаги Арбил шаҳрига Эрон Ислом муҳофизлари корпуси томонидан берилган ракета зарбаси туфайли БМТ Хавфсизлик кенгашига расмий шикоят йўллади.
Ироқ Ташқи ишлар вазирлиги Арбил шаҳрига берилган зарбалар Ироқнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини поймол қилиш эканини таъкидлаган.
Украинадан чарчашмоқда
Агар АҚШ Украинага ёрдамдан воз кечса, ғарб давлатларининг айримлари Вашингтондан ўрнак олиб, Киевга ёрдамни тўхтатиши мумкин. Бу ҳақда журналистлар билан учрашувда Оқ уй қошидаги миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик коммуникациялар бўйича координатори Жон Кирби маълум қилган.
Ғарб давлатларида Украинадаги урушдан чарчаш жуда хавфли феноменга айланмоқда ва унга қарши курашиш керак, деган Полша президенти Анжей Дуда ҳам. Унинг айтишича, ғарб оммавий ахборот воситалари Украина урушини борган сари камроқ ёритмоқда.
Аввалроқ Европа парламентидаги етакчи сиёсий кучлар вакиллари Европадаги пойтахтларни «Украинадан чарчаш»дан ҳазир бўлишдан огоҳлантиришган ва Киевга «самарали ва барқарор узоқ муддатли ҳарбий қўллов» беришга чақиришган эди.
Германия парламенти ҳукуматни Украинага Таурус қанотли ракеталарини беришга мажбурловчи резолюцияга қарши овоз берди. Ҳаттоки бир неча бор Таурус ракеталарининг берилишини қўллаб чиқиш қилган озод демократик партияси ва «яшиллар» партияси вакиллари ҳам бунга қарши овоз берган.
Украина президенти Володимир Зеленский ғарбни «ёрдам бериш билан тажриба қилмасликка» чақириб, ғарб давлатлари ёрдамисиз Россия Украинани тўлиқ босиб олиши мумкинлигини таъкидлади.
«Улар бизни босиб олганидан сўнг, ишонтириб айтаманки НАТО Россия билан тўқнашади. Мен Путиннинг ўзи ҳам буни чиндан ҳам истайди деб ҳисоблайман», — деган Зеленский.
Россияликлар офшорни ўзгартирмоқда
Россиянинг йирик компаниялари АҚШ Федерал тергов бюроси суриштирув бошлаганидан сўнг Кипрни ёппа тарк этмоқда. «Ўз секторида улкан ҳажмдаги ишларга эга» 10 дан зиёд Россия компаниялари Кипр юрисдикциясидан чиқишга қарор қилди, деб ёзади маҳаллий «Филелефсерос» нашри.
Энг оммабоп офшор юрисдикциясидан йирик бизнес ўйинчиларнинг қочиши Кипр ҳукумати Россияга қарши жорий этилган санкцияларни четлаб ўтиш билан, АҚШнинг Федерал тергов бюроси эса россиялик миллиардерларнинг фаолияти билан қизиқа бошлагач рўй берган.
15 январ куни назорат пакетини бизнесмен Владимир Потанин сотиб олган Тинкофф банкнинг бош компанияси TCS Group Holding акциядорлари Кипрдан Владивостокдаги Русский оролига кўчишган.
Кипрдан Россияга, тўғрироғи Калининград шаҳрида Etalon Group акциядорлари ҳам кўчган.
Fix Price Group ритейлерлари эса Кипр ўрнига Қозоғистонни танлаган.
Қуролланаётган Туркия
Туркия Испания билан иккинчи авиаташувчи кема қуриш тўғрисида келишиб олди
Янги авиаташувчининг номи «Тракя» бўлади ва у Европадаги бешинчи, жаҳондаги тўққизинчи йирик «Навантиа» кемасозлик компанияси томонидан Туркияда ясалади.
Туркиянинг биринчи авиаташувчи кемаси ТCГ Анадолу 2023 йилнинг апрелида қабул қилиб олинган эди. Бу билан Туркия ўз флотида ҳаракатдаги авиаташувчи кемага эга жаҳондаги 15-мамлакатга айланган эди.
Шварценеггер жаримага тортилди
Ҳолливуд актёри Арнолд Шварценеггер Германияда қўлидаги қимматбаҳо қўл соати учун 35 минг евро жаримага тортилди.
У Германияга учиб келгани заҳоти Швейцарияда тайёрланган Audemars Piguet қимматбаҳо қўл соати учун божхона йиғимларини тўламагани сабабли улкан жаримага тортилган.
BILD нашри маълумотларига кўра, соатнинг ўзи 26 минг еврога баҳоланган, солиқ 4 минг еврони ташкил этган, яна минг евро жарима қўлланган.
Нашрнинг ёзишича, Шварценеггер ҳаммасини картадан тўлаб беришга тайёр бўлган, бироқ қонунга кўра, жариманинг ярми банкда нақд тўланиши керак. Шу сабабли у аэропорт ходими билан банкка бориб, банкоматдан 17,5 минг евро нақд пул чиқариб олган.
Мавзуга оид
13:40 / 28.05.2025
Талабаларга виза суҳбатларини тўхтатган АҚШ, Исроилни танқид қилган канцлер ва Ҳайит кунини эълон қилган Саудия – кун дайжести
13:15 / 27.05.2025
ҲАМАСга таклиф қилинган сулҳ, Ливерпулдаги фожиа ва рафиқасидан шапати еган Макрон — кун дайжести
13:31 / 26.05.2025
Путин вертолёти атрофида дронлар ҳужуми, Ҳамаснинг ҳарбий операцияси ва ЕИга божларни кечиктирган Трамп – кун дайжести
14:21 / 24.05.2025