Давос-2024: Дунё етакчилари нималар ҳақида гапирди?
Дунё сиёсатчилари ва фаоллари яна Давосга йиғилди. Эммануэл Макрон Европа учун стратегик иқтисодий режа ишлаб чиқишга чақирди. Хавиер Милей камбағалликка қарши курашиш учун социализмни рад этиш кераклига урғу берди. Зеленский РФнинг 300 млрд долларлик активларига кўз тикмоқда. Фон дер Ляйен ЕИ Венгриянинг розилисиз ҳам Украинага 50 млрд евро бера олишига шаъма қилди.
1971 йилдан бери Швейцариянинг Давос шаҳрида ҳар йили анъанавий равишда Жаҳон иқтисодий форуми ўтказиб келинади. Унда дунё мамлакатларидан экспертлар, ишбилармон доира вакиллари, ҳукумат раҳбарлари қатнашиб, бугунги кундаги глобал муаммоларга биргаликда ечим топишга уринади. Мақсад – дунёдаги аҳволни яхшилаш.
15-19 январ кунлари форумнинг 54-йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Унинг дастлабки кунларида Украинадаги уруш фонидаги геосиёсий вазият, иқлим инқирози, савдо уруши каби масалалар кўпроқ муҳокама қилинди.
“Франция ва Европа келажаги учун стратегик иқтисодий режа керак” — Эммануэл Макрон
Франция президенти Эммануэл Макроннинг таъкидлашича, Франция ва Европа келажаги учун иқтисодий ислоҳотлар, экологик барқарорлик ва Европа суверенитетини мустаҳкамлашга эътибор қаратиш лозим.
Макрон стратегиясининг асосий жиҳати – бутун қитъада интеграциялашган молиявий тизимларни кучайтириш учун Европа капитал бозорлари иттифоқини чуқурлаштиришни ўз ичига олади.
У кўпроқ Европа давлат инвестицияларини қўллаб-қувватлаб, еврооблигацияларни устувор соҳаларга йўналтириш имкониятини таклиф қилди.
“Бизнинг қитъамизда жуда кўп жамғармалар бор, лекин бу жамғармалар тўғри жойларга, тўғри секторларга айланмаяпти. Биз олдинга силжишимиз керак”, деди Макрон.
Шунингдек, Франция президенти инновацияларни ривожлантириш ва экологик кун тартибига амал қилишга чақирди.
“Агар биз барқарор ривожланишни хоҳласак, иқлимга ва сунъий интеллектга кўпроқ сармоя киритишимиз керак”, деди у.
“Ғарб дунёси хавф остида” — Хавиер Милей
Аргентина президенти Хавиер Милей бизнес эгалари ва сиёсий раҳбарларни социализмни рад этишга ва эркин тадбиркорлик қоидаларини қабул қилишга чақирди.
“Бугун мен Ғарб дунёси хавф остида эканлигини айтиш учун келдим. Чунки Ғарб қадриятларини ҳимоя қилаётганларнинг қарашлари социализм ва қашшоқликка олиб келадиган ғоялар билан бирлашган”, деди Милей.
Унинг айтишича, Ғарб етакчилари эркин тадбиркорликни чеклаш ва давлат аралашувини кучайтириш хавфини тушуниш учун биргина Аргентина тарихига қарашлари керак.
“Бир аср олдин Аргентина қишлоқ хўжалиги тармоғи туфайли дунёнинг энг бой давлатларидан бири эди. Бугунги кунда эса, катта литий ва табиий газ захираларига, соя, буғдой ва маккажўхори етиштириш учун унумдор ерларга эга бўлишимизга қарамай, аҳолининг 40 фоиздан ортиғи қашшоқликда яшаяпти. Сўнгги 100 йил ичида биз коллективизмни қабул қилганимизда, фуқароларимиз қандай қилиб изчил равишда қашшоқлаша бошлаганини кўрдик. Эркин бизнес капитализмисиз дунё ҳеч қачон яхшироқ бўлмайди”, деди Аргентина президенти.
“Музлатилган Россия активлари Украинани тиклаш учун ишлатилиши керак” — Володимир Зеленский
Украина президенти Володимир Зеленский ўз нутқи аввалида Украинада кенг кўламли уруш қарийб икки йилдан бери давом этаётгани, Қрим аннекция қилинганига эса қарийб 10 йил бўлганини эслатди. Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, Россия бошқа давлатлар ҳаётига ҳам аралашмоқда, масалан, 13 йилдан бери давом этаётган Сурия урушига.
“Аслида, бир киши камида 13 йиллик тинчликни ўғирлаб, уларни бутун дунёга таъсир қиладиган оғриқ ва инқирозлар билан алмаштирди”, деди Зеленский. У Путинни уруш тимсоли бўлган одам деб атади.
“Путин нима истаётгани, нима қилаётгани ва мақсадлари нима экани ҳақида очиқ гапиради. Урушнинг давомийлиги ҳақидаги саволга “бу уруш доимий, унинг охири йўқ”, деб жавоб беради. У шуни хоҳлайди… У бошқаларга азоб-уқубат келтирадиган можаролардан завқланади. Унинг тинчлик таклифларига жавоби Шимолий Корея ва Эрондан тобора кўпроқ қурол етказиб берилиши бўлди. Унга ўхшаган режимлар уруш билан яшайди”, деди Зеленский.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, 2024 йил Украинадаги урушда ҳал қилувчи бўлиши керак, аммо можарони музлатиш ечим бўлмайди.
“Эслатиб ўтаман, 2014 йилдан кейин Донбассда урушни музлатишга уринишлар бўлган эди. Бу жараённинг ўта нуфузли кафиллари – Германиянинг ўша пайтдаги канцлери, Франциянинг ўша пайтдаги президенти бор эди. Аммо Путин – музлатилган овқатдан қониқмайдиган йиртқич. Биз эса ўзимизни, фарзандларимизни, уйларимизни, ҳаётимизни ҳимоя қилишимиз керак... Ва биз тажовузни мағлуб этиш мумкин деган ғояни нормаллаштирамиз – ҳатто ўн йил ва ундан кўпроқ вақт давом этаётган Путиннинг тажовузкорлигини”, деди Зеленский.
Украина президенти музлатилган Россия активларининг бир қисмини Украинани қайта тиклаш учун сарфлашга чақирди.
“Агар бизда Россиянинг 300 млрд долларлик активлари бўлса, уларни тўғридан тўғри Россия ракеталари томонидан вайрон қилинган нарсаларни тиклаш учун ишлатишимиз керак... Нима учун сизнинг жамиятингиз бизда 300 млрд бўла туриб, қандай ёрдам бериш ҳақида ўйлаши керак?”
“Европа Иттифоқи, Венгрия билан ёки Венгриясиз, Украина учун 50 млрд евро ажратади” — Урсула фон дер Ляйен
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Венгрия Украинага ажратиладиган ёрдам пакетига вето қўйишда давом этса, Будапешт иштирокисиз ҳам бу пакет тасдиқланиши мумкинлигини истисно этмади.
“Менимча, Украина учун тўрт йил давомида 50 миллиард евро ажратиш учун Европа Иттифоқининг барча 27 аъзо давлати билан келиша оламиз. Устувор вазифамиз 27 мамлакат томонидан келишувга эришишдир. Агар бунинг иложи бўлмаса, биз 26 кишилик келишувга ҳам тайёрмиз”, деди Еврокомиссия раҳбари.
“Путин ғалаба қозонса, барча қўшни давлатлар хавф остида қолади” — Роберт Хабек
Германия вице-канцлери ва иқтисодиёт вазири Роберт Хабек янги урушлар хавфи ортиб бораётганига эътибор қаратди.
“Глобал ҳамжамият сифатида ҳамкорликка муҳтожмиз: кўпроқ ҳамкорлик, кўпроқ ишонч, кўп томонлама институтларни қайта қуриш лозим. Энг ёмони, ҳар ким фақат ўз мақсадини кўзлаб, ўз овқатини ўзи пиширишни бошласа, алоҳида давлатларга бўлиниш кучаяди ва чегараларни мустаҳкамлашга урғу берила бошланади.
Бу бошқа бировнинг картошка ва сабзисини ўғирлаш мумкин деган фикрни келтириб чиқаради. Натижада ўтган асрдаги каби урушлар, тўқнашувлар бўлади. Бу шунчаки даҳшатли. Путин бу конфликтда муваффақият қозонмаслиги керак. Акс ҳолда, кейинги бир неча йил ичида барча қўшни давлатлар хавф остида қолади”, деди Хабек.
Мавзуга оид
22:23 / 21.11.2024
Россия «Рубеж»ни ишга солди. Бу ракета ядровий каллакни ҳам олиб уча олади
21:52 / 21.11.2024
Залужний: «Хуш келибсан, учинчи жаҳон уруши»
16:43 / 21.11.2024
Россия Украинага қитъалараро баллистик ракета билан ҳужум қилди — УҲК
15:39 / 21.11.2024