Жаҳон | 23:08 / 20.01.2024
9462
5 дақиқада ўқилади

250 дан зиёд миллионер бойлик солиғини оширишга чақирди

Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида 250 дан ортиқ миллиардер ва миллионерлар дунёнинг етакчи давлатларини жамиятнинг энг бой аъзоларидан юқорироқ солиқлар ундиришга чақирди. Уларнинг фикрича, ортиқча хусусий бойлик умумий демократик келажак учун сармояга айланиши керак.

Австриялик Марлен Энгелҳорн 2024 йил 15 январ куни Жаҳон иқтисодий форуми бўлиб ўтадиган конгресс марказига кираверишда “Бойларни солиққа тортинг!” деган ёзувли баннер ушлаб турибди. Энгелҳорн Германиянинг кимё соҳасидаги энг йирик компанияларидан бири бўлмиш BASF'нинг меросхўрларидан бири саналади.
Фото: FABRICE COFFRINI / AFP via Getty Images

Дунёнинг бадавлат инсонлари Швейцариянинг Давос шаҳридаги Жаҳон иқтисодий форумида йиғилган дунё сиёсий етакчиларига очиқ мактуб йўллади. Бу ҳақда CNBC нашри хабар бермоқда.

“Бизнинг илтимосимиз оддий: биздан, жамиятнинг энг бадавлат кишиларидан солиқ ундиришингизни сўраймиз. Бу бизнинг турмуш даражамизни тубдан ўзгартирмайди, фарзандларимизнинг ҳаётига зомин бўлмайди ва мамлакатларимизнинг иқтисодий ўсишига зарар етказмайди. Аммо бу ортиқча ва самарасиз хусусий бойликни умумий демократик келажагимиз учун сармояга айлантиради”, – дейилади хатда.

Очиқ хатда дунё бойлари уч йилдан бери ортиқча бойликка солиқ жорий қилишни сўраб келаётгани, лекин сиёсатчилар буни жавобсиз қолдираётгани айтилади.

“Кўпроқ тўлашдан фахрланаман” деб номланган мактубни 17 та давлатдан бўлган 250 нафардан ортиқ миллиардер ва миллионер имзолаган. Уларнинг орасида энг таниқлилари – Диснейнинг меросхўри Абигайл Дисней, сценарист Саймон Пегг ва машҳур америкалик киноактёрнинг меросхўри Валери Рокфеллер.

Давос форуми давомида “Оксфам” хайрия ташкилоти агар мавжуд тенденциялар давом этса, қашшоқлик яна 229 йил барҳам топмаслигини маълум қилди.

Хатни имзолаган бойлардан бири, актёр Браян Кокснинг айтишича, миллиардерлар ўзларининг улкан бойликларидан сиёсий куч ва таъсирга эга бўлиш мақсадида фойдаланиб, демократия ва глобал иқтисодиётга путур етказмоқда.

“Ҳаракат қилиш вақти келди. Агар бизнинг сайланган амалдорларимиз пул ва ҳокимиятнинг бундай концентрациясига қарши курашишдан бош тортса, оқибатлари даҳшатли бўлади”, – деган Кокс.

Survation компанияси “Ватанпарвар миллионерлар” номи остида ўтказган янги сўрови натижаларига кўра, дунёнинг бир қатор бадавлат одамлари ўз даромадларига солиқларни оширишни қўллаб-қувватламоқда.

Сўровда катта йигирматалик давлатларининг 2300 дан ортиқ бадавлат шахслари иштирок этган. Уларнинг ҳар бири ўз уйларини ҳисобга олмаганда, 1 миллион доллардан ортиқ сармоявий активларга эга. Ушбу активлар уларни энг бой 5 фоиз аҳоли қатламига киритади.

Сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 74 фоизи яшаш харажатларининг ошиши муаммосини ҳал қилиш ва давлат қўллаб-қувватловини яхшилаш учун бойлик солиғини оширишни қўллаб-қувватлаган, респондентларнинг тўртдан уч қисми эса миллиардерларга 2 фоизлик бойлик солиғини жорий этишни ёқлаб овоз берган. Ярмидан кўпи (54 фоизи) ҳаддан ташқари бойлик концентрацияси демократияга таҳдид деб ҳисоблайди.

“Биз институтларимизни ҳимоя қилиш ва мамлакатимизни барқарорлаштириш йўлини биламиз, бу – йирик бойликларни солиққа тортиш. Бизга бунинг учун сиёсий куч етишмайди. Ҳатто менга ўхшаган миллионерлар ва миллиардерлар ҳам “вақти келди” дейишади. Давосда йиғилган элита буни жиддий қабул қилиши керак”, – деган Дисней меросхўри Абигаил Дисней.

Маълумот учун, Жаҳон иқтисодий форуми глобал, минтақавий ва саноат кун тартибини шакллантириш учун етакчи сиёсий, бизнес, маданий ва бошқа соҳалардаги жамият етакчиларини жалб қилади. У 1971 йилда штаб-квартираси Швейцариянинг Женева шаҳрида жойлашган нотижорат фонд сифатида ташкил этилган.

Жорий йилги Жаҳон иқтисодий форумида йиғилган дунё етакчиларидан Эммануэл Макрон Европа учун стратегик иқтисодий режа ишлаб чиқишга чақирди. Хавиер Милей камбағалликка қарши курашиш учун социализмни рад этиш кераклигига урғу берди. Зеленский РФнинг 300 млрд долларлик активларига кўз тикмоқда. Фон дер Ляйен ЕИ Венгриянинг розилигисиз ҳам Украинага 50 млрд евро бера олишига шама қилди.

Мавзуга оид