Ўзбекистон | 11:21 / 20.01.2024
7049
3 дақиқада ўқилади

Аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига хавф юзага келганда тадбиркорнинг фаолияти чекланади ёки тўхтатиб турилади

Қонунчиликда тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини чеклаш ёки тўхтатиб туриш учун асос бўлган ноаниқ таърифларнинг мавжудлиги коррупция хавфини юзага келтираётганди. Сенат маъқуллаган қонун билан учта қонунга ўзгартириш киритилиб, бу тартибнинг асослари аниқлаштирилмоқда.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Сенатнинг қирқ тўққизинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Таъкидланишича, кейинги йилларда мамлакатда атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда санитария ҳолатини ва экологик вазиятни яхшилаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун шарт-шароитлар яратиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бироқ қурилиш, ишлаб чиқариш ва урбанизация кўламларининг кенгайиши атроф табиий муҳитга ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг ортишига сабаб бўляпти.

Фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига бошқа реал хавф юзага келишининг олдини олиш учун қонунларда атроф табиий муҳитга зарарли таъсир кўрсатувчи объектларнинг фаолиятини махсус ваколатли давлат органларининг қарорига кўра чеклаш ёки тўхтатиб туриш мумкинлиги назарда тутилган. Шу билан бирга қонунчиликда тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини чеклаш ёки тўхтатиб туриш учун асос бўлган ноаниқ таърифларнинг мавжудлиги давлат органларининг дискрецион ваколатлари кенглиги билан боғлиқ коррупция ҳолатлари пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.

Қонун билан “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Экологик назорат тўғрисида”ги қонунларга давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини чеклаш ёки тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорларни, биринчи навбатда, аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига хавф юзага келишининг олдини олиш заруратини ҳисобга олган ҳолда қабул қилиш асосларини аниқлаштирувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Сенаторлар фикрича, ушбу қонун экологик вазиятни яхшилашга, аҳолининг ҳаётига ва соғлиғига хавф юзага келишининг олдини олишга, тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишга, шунингдек, коррупция омилларини бартараф этишга ҳамда ваколатли давлат органларининг масъулиятини оширишга хизмат қилади.

Экологияга оид қонунларда ва умуман қонунчиликда, ноаниқ, яъни турлича талқин қилиш ва қўллаш мумкин бўлган нормаларнинг бўлиши тўғри эмас. Бу ҳол амалиётда турли муаммолар, тушунмовчиликлар, норозиликлар ва энг ёмони коррупция ҳолатларини келтириб чиқариши мумкин.

Шу жиҳатдан қараганда, киритилаётган ўзгартиришлар жуда муҳим. Чунки мамлакатимизда саноатлашув даражаси йилдан-йилга кенгайиб боряпти. Бундай шароитда экологияга таъсирлар кўлами ҳам ортиб боради. Айниқса, бугун Тошкентдек йирик шаҳарларимизда ҳавонинг ифлосланиш даражаси белгиланган меъёрлардан ошиб кетишининг олдини олишда ана шундай аниқ ҳуқуқий нормалар муҳим аҳамият касб этади.

Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси нафақат ушбу қонунни кўриб чиқиш, балки ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқ муаммолар билан жиддий шуғулланиши, тегишли давлат органлари билан ишлаши, жамоатчиликни кенг жалб этиши зарур”, дея таъкидлади Сенат раиси Танзила Норбоева.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид